Logo

«ОФБ» акциядорларга қарийб 1 трлн сўм дивиденд тўлади

Бугун 17:522 дақиқа

Банк 2025 йил якунидаги тақсимланадиган соф фойдасининг қарийб 95 фоизини дивидендга йўналтирди. Умумий тўлов бир йилда 16,2 фоизга ошган, бироқ акциялар сони кўпайгани сабаб бир акцияга дивиденд камайган.

«ОФБ» акциядорларга қарийб 1 трлн сўм дивиденд тўлади

«Ориент Финанс банк» (ОФБ) 2025 йил якунлари бўйича акциядорларига 991,4 млрд сўм дивиденд тўлади. Бу ҳақда банк Openinfo порталида маълум қилди.

Дивидендларни тўлаш 26 июнда бошланган ва 25 августда якунланган. Ошкор қилинган маълумотга кўра, ҳисобланган маблағнинг барчаси тўланган ва банкнинг акциядорлар олдида дивиденд бўйича қарздорлиги қолмаган.

Акциядорлар йиғилиши қарорида 2025 йил якунида тақсимланадиган соф фойда 1 трлн 44,1 млрд сўм деб кўрсатилган.

Шундан 991,4 млрд сўм ёки 95 фоизи дивидендга, 52,3 млрд сўм резерв фондини шакллантиришга йўналтирилган. Яна 394,5 млн сўм кузатув кенгаши аъзоларига ҳақ тўлаш ва тегишли ижтимоий тўловлар учун ажратилган.

Дивиденднинг 991,2 млрд сўми оддий, 183,6 млн сўми имтиёзли акциялар ҳиссасига тўғри келган. Ҳар икки турдаги акциянинг бир донаси учун 458,88 сўмдан дивиденд ҳисобланган. Бу акция номинал қийматининг 36,71 фоизига тенг.

Таққослаш учун, банк 2024 йил якунлари бўйича акциядорларга 853 млрд сўм дивиденд тўлаган эди. Шундай қилиб, умумий тўлов бир йилда 138,4 млрд сўмга ёки 16,2 фоизга ошган.

Бироқ бир акцияга тўғри келадиган дивиденд 542,85 сўмдан 458,88 сўмга тушган. Камайиш 15,5 фоизни ташкил қилади. Бунга банкнинг оддий акциялари сони бир йил ичида 589,1 млн донага кўпайгани таъсир қилган.

ОФБ акциядорлари кимлар?

iHamkor маълумотларига кўра, банкнинг энг йирик акциядори «ALWA GmbH» компанияси бўлиб, унга 15,01 фоиз улуш тегишли. Дилмурод Пулатов 14,98 фоиз, Пайзуллажон Мирзаев, Сакен Полатов ва Ойбек Умаров эса ҳар бири 14,98 фоизга яқин улушга эга. Шунингдек, «Техэкспертмаш» улуши 11,24 фоизни, Ситора Ахмеджанованики 10,03 фоизни, «Метрафор»ники 3,75 фоизни ташкил қилади. Ушбу саккизта асосий акциядор биргаликда банк акцияларининг деярли барчасига эгалик қилади.

Яна бир муҳим жиҳат — акциядорлар ҳисобланган дивидендни тўлиқ ёки қисман банкнинг қўшимча акцияларини сотиб олишга йўналтириши мумкин. 

Июль ойида ОФБ умумий қиймати 883,8 млрд сўмлик 707,1 млн дона қўшимча акция чиқариб, уларни «Техэкспертмаш», «Метрафор», Сакен Полатов ва Ситора Ахмеджанова ўртасида ёпиқ обуна орқали жойлаштиришга қарор қилган.

Бироқ очиқ ҳужжатларда 991,4 млрд сўмлик дивиденднинг қанча қисми акциядорларга пул шаклида берилгани ва қанча қисми янги акциялар орқали банк капиталига қайта йўналтирилгани алоҳида кўрсатилмаган.

Шу билан бирга, ОФБ фойдаси жорий йилда пасаймоқда. Банк 2026 йилнинг биринчи ярмида 501,6 млрд сўм соф фойда олган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,9 млрд сўм ёки 4,2 фоизга кам.

Айни даврда бутун банк тизимининг фойдаси 68,9 фоизга ошган. Шунга қарамай, ОФБ энг кўп фойда олган ўнта банк қаторида қолмоқда.


Теглар

Мавзуга оид