
Оилавий поликлиникаларда тиббий хизматлар пулли бўлиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги янги йилдан тиббий хизматлар пулли бўлиши ҳақидаги хабарларни рад этди.

Ўзбекистонда 2026 йилдан оилавий поликлиникаларда тиббий хизматлар пулли бўлиши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар расман рад этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу каби маълумотлар мутлақо асоссиз эканини билдириб, амалдаги тартиб ўзгармаслигини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда фуқаролар 2025 йил 31 декабрга қадар DMED ахборот тизимига қайта бириктирилмаса, поликлиникаларда хизматлар пулли бўлиши ҳақида хабарлар тарқалган эди.
“Бугунги кунда республиканинг 37,7 млн нафар аҳолиси ДМЕД тизимига бириктирилган бўлиб, уларнинг электрон тиббий картаси тўлиқ шакллантирилган. Шу сабабли фуқароларни тизимда қайта рўйхатдан ўтказишга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ”, дейилади вазирлик хабарида.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида аҳолига тиббий хизматлар давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида бепул кўрсатилади. Бу тартиб оилавий поликлиникалар, қишлоқ тиббиёт пунктлари ҳамда оилавий шифокор пунктларига тааллуқли.
Кафолатланган пакет доирасида хизматлардан фойдаланиш учун фуқаролар белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтиши ва оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиши лозим. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам бу талаблардан мустасно ҳисобланади.
Оилавий шифокор даволаш ва ташхис қўйиш стандартларига мувофиқ ҳолда беморни тор соҳа мутахассисларига ёки зарурат туғилганда шифохонага электрон йўлланма асосида юбориши мумкин. Бемор айнан шу йўлланма билан тегишли хизматларни бепул олади.
Вазирлик, шунингдек, ноябр ойида тасдиқланган пулли хизматлар тартиби фақат режали тиббий ёрдамни йўлланмасиз ва ихтиёрий равишда олиш ҳолатларига тегишли эканини эслатди.





