Logo

Оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги учун қанча маблағ борлиги айтилди

Бугун 14:002 дақиқа

Лидер тадбиркор 10 та оила билан кооперация қилса, 500 миллион сўмгача, 100 та оила билан ҳамкорликни йўлга қўйса, 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади.

Оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги учун қанча маблағ борлиги айтилди © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда ҳозир оилавий тадбиркорлик учун 1 триллион 370 миллиард сўм, ёшлар тадбиркорлиги учун эса 450 миллиард сўм ресурс мавжуд. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан видеоселектор йиғилишида оилавий ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати туман штабларига ўтказилиши белгиланди. Унга кўра, туман штаблари кимга қанча кредит бериш, уни нақд ёки нақдсиз шаклда ажратиш, маблағни қайтариш муддатини узайтириш ва тўлов графигини бизнес турига мослаштиришни мустақил ҳал қилади.

Шунингдек, инклюзив молиялаштириш масалалари ҳам штаблар ваколатига ўтказилади. Туман штабларига маҳаллий шароит ва лойиҳаларнинг самарадорлигидан келиб чиқиб, молиялаштириш масалаларини мустақил ҳал этиш имконияти берилади. Лидер тадбиркор 10 та оила билан кооперация қилса, 500 миллион сўмгача, 100 та оила билан ҳамкорликни йўлга қўйса, 5 миллиард сўмгача гаровсиз кредит олиши мумкин бўлади.

Кредит тарихида кечикиш бўлган эҳтиёжманд аҳолининг лойиҳаларини ҳам индивидуал баҳолаш асосида имтиёзли молиялаштириш имконияти яратилади. Камбағаллик жамғармасидаги 240 миллиард сўм, Бандлик жамғармасидаги 100 миллиард сўм ва учта «дафтар»даги 760 миллиард сўм маблағ туман штаблари ихтиёрига берилади.

Энди туман штаби субсидия ёки фоизсиз ссуда бериш масаласини ҳам мустақил ҳал қилади. Тадбиркорлик компаниясининг компенсациялар учун йил якунига қадар назарда тутилган 300 миллиард сўмлик қолдиғи ҳам штаблар орқали ажратилади. Шу тариқа туманлар ихтиёрига жами 3 триллион 200 миллиард сўм ресурс йўналтирилиб, маблағларнинг аниқ натижа беришига алоҳида эътибор қаратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ туманларда бир кишини камбағалликдан чиқаришга қанча пул сарфлангани айтилганди.

Теглар

Мавзуга оид