
Онколог-шифокор: «Мутахассис етишмаяпти, шуни била туриб ёшларга йўл бермаётганлар — халқ душмани»
Тиббиёт фанлари доктори Шермуҳаммад Умиров Vaqt.uz сайтига берган интервюсида онкологиядаги кескин кадр танқислиги, таълимдаги чекловлар ва тизимни ислоҳ қилиш заруратини очиқ баён қилди.
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган беморлар сони ошиб бораётган бир пайтда онколог шифокорлар етишмовчилиги катта. Тиббиёт фанлари доктори, онколог Шермуҳаммад Умиров Vaqt.uz сайтига берган интервюсида соҳадаги муаммоларнинг сабаблари, унинг ҳукумат ажратадиган маблағлар ва таълим жараёнларига боғлиқ жиҳатлари ҳамда ҳал қилиш йўллари ҳақида гапирди.
Шифокорга кўра, мамлакатда кадрлар борасида камчилик ва муаммолар кўп. Шундай экан, биринчи навбатда талабаларни тайёрлашда онкология дарслиги учун ажратиладиган соатларни кўпайтириш зарур.
«Тиббиёт университетларида онкология йўналиши учун ажратилган дарс соатлари жуда кам. Бу соатларда эса болалар керакли билимни ололмаяпти. Соатлар ва талабаларга дарс берадиган кафедра, шифокорлар ойлиги кўпайтирилиши керак. Бюджетдан кўпроқ пул ажратган ҳолда, хавфли касалликларнинг олдини олишга эътибор қаратиш керак.
Бир нарсани айтаман, хавфли ўсма касалликларига ишлатиладиган таргет терапиямиз бор, унинг битта ампуласи 3 миллион сўмдан то 30 минг долларгача чиқади. Шундай дориларни биз ҳам топишимиз мумкин. Агар илмга пул ажратишса, биз уни бемалол давлатга қайтариб бера оламиз. Лабораторияларни яхшилайлик. Лекин биз оддий соатларни кўпайтириб беролмаяпмиз-ку. Кафедраларни очолмаяпмиз, бўлимларни очолмаяпмиз», — деди шифокор таассуф билан.
Шермуҳаммад Умировнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда бугун онкология соҳасидаги муаммолар очиқ-ойдин айтилиши керак. Айниқса, илмий-амалий марказлардаги раҳбарлар соҳадаги муаммоларнинг қанчалик катта эканини Соғлиқни сақлаш вазири ва раҳбариятига тушунтира олишлари керак.
«Улар мард бўлса ва ҳақиқатда элни, халқни ўйласа, бу муаммоларни гапириши, гапиролмаса, жойини бўшатиб қўйиши керак. Чунки, мамлакатда кадрлар муаммоси жуда катта. Мен ўзим шахсан туман онкологи бўлиб ишлаганман, лекин туманнинг марказий поликлиникасида 250 минг аҳоли учун 1 ёки бир ярим штат бирлиги ажратилган. Ваҳоланки, бир туманнинг ўзида минг ёки бир ярим минглаб онкологияга чалинган беморлар бор. Буларга қараш керак. Ҳақиқатдан ҳам онколог йўқ. Травматолог, хиррургни бу жойга бириктириб қўйишган», — деди Умиров.
Интервю давомида онколог шифокор соҳадаги кадрлар муаммосини қандай ечиш мумкинлиги ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.
«Ҳозир тиббиёт университетларини йилига етти мингга яқин ёшлар битириб чиқяпти. Улардан дейлик, 10-15 нафари онкологияни танлаши мумкин. Тасввур қилинг, агар уларнинг бир фоизи онколог бўламан деса ҳам бу биз учун катта ютуқ. Улар энди турли онкология марказларига келиб, ординатура ёки магистратура ўқийман, деса, имтиҳон қилиб, 4-5 нафарини қолдиришмоқда. Қолганлар эса ортга қайтишмоқда. Улар Ўзбекистонда ҳақиқат йўқ экан, деган фикр билан соҳани чет элда ўқиш ёки давом эттириш учун чиқиб кетмоқда.
Хўш, уни йиқитишга қандай ҳақинг бор, у аҳир онколог бўламан, касалликка қарши курашиб, беморларга ёрдам бераман, дея келяпти-ку?! Керак бўлса, уларнинг ординатурасидаги контракт пуллари тўланиши керак-ку?! Ўзимнинг қанча танишим шу сабаб Европа ёки кўрфаз араб давлаталарига чиқиб кетган. Чунки улар ординатура ва магистратурага кира олишмаган.
Ўзбекистонда тор мутахассислар етишмаяпти, шуни билган ҳолда ёшларни онкология соҳасида магистратура ва ординатурада ўқишига йўл бермаётганлар — шу халқнинг душманидир», — деди онколог шифокор Шермуҳаммад Умиров.
Маълумот учун: Миллий статистика қўмитаси маълумoтларига кўра, 2025 йил 1 январ ҳoлатида Ўзбекистoнда ҳар 10 минг аҳoлига ўртача 28,6 нафар шифoкoр тўғри келади. Бу Ўзбекистoнда тиббий кадрлар таъминoти кейинги йилларда бoсқичма-бoсқич oшиб бoраётган бўлса-да, айрим йўналишларда мутаxассислар етишмаётганини кўрсатмoқда.
Жумладан, Ўзбекистoнда oнкoлoг, псиxиатр ва бoшқа тoр сoҳа мутаxассисларининг улуши ҳар 10 минг аҳoлига 1 нафардан ҳам тўғри келмаслиги маълум бўлди.
FIKR VAQTI дастурининг онкология соҳасига бағишланган сонини тўлиқ ҳолда ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин:





