Оренбургдан Тошкентгача: Россия энергетикасига берилган зарбалар Марказий Осиёда қандай акс этмоқда?
Россия нефт-газ заводларининг Украина дронлари нишонига айланиши Марказий Осиё ёқилғи бозорига яққол таъсир кўрсатмоқда.

Украинанинг Россия энергетика тизимига бераётган зарбалари оқибати аллақачон унинг сарҳадларидан ташқарида ҳам сезилмоқда.
Оренбургдаги газни қайта ишлаш заводига қилинган ҳужумдан сўнг Қозоғистон мамлакатнинг энг йирик нефт-газ конларидан бирида қазиб олиш ҳажмини камайтирди.
Қирғизистонда эса айрим турдаги бензин тақчиллиги юзага келди.
Ўзбекистон миллий авиакомпанияси авиакеросин танқислиги ва нарх ошиб кетиши сабабли баъзи рейсларни қисқартиришга мажбур бўлди.
«BBC» нашрининг ёзишича, Марказий Осиё давлатларининг энергетика тизими ҳамон Россия инфратузилмаси билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис у ердаги ҳар қандай муаммо қўшнилар учун иқтисодий йўқотишларни келтириб чиқармоқда.
Энг қарам давлатлар
Бишкеклик ҳайдовчилар АИ-95 ва АИ-98 маркали бензин йўқлигидан шикоят қилмоқда. Бу маркалар энг харидоргир ҳисобланмаса-да, Қирғизистон ҳукумати вазиятни етарлича жиддий деб баҳолади. Оқибатда ёқилғи таъминотини барқарорлаштиришда ёрдам сўраб олтита давлатга, жумладан, Қозоғистон, Озарбайжон ва Ўзбекистонга мурожаат қилди.
Қирғизистон ва Тожикистон Россия ёқилғисига энг кўп қарам давлатлар сирасига киради. Қирғизистон ўзи истеъмол қиладиган бензин ва дизелнинг 90 фоиздан ортиғини Россиядан харид қилади. Тожикистон эса нефт маҳсулотларининг 84 фоизини ушбу давлатдан импорт қилади. Апрел ойининг бошида Россия бензин экспортини тақиқлади. Агар муддат узайтирилмаса, ушбу чеклов июл ойининг охиригача амал қилади. Аммо, Қирғизистон ва Тожикистон бу чекловдан мустасно қилинди, сабаби уларнинг Москва билан ёқилғи етказиб бериш бўйича ҳукуматлараро битимлари мавжуд.
Бироқ Россиядаги ҳозирги тақчиллик бу битимлар ҳам юз фоизлик кафолат бермаслигини кўрсатмоқда. Келишувларда фақатгина етказиб бериладиган маҳсулотнинг тахминий ҳажми ва имтиёзли режим белгиланган. Аммо улар Россия ишлаб чиқарувчиларида ёқилғи бор-йўқлигига боғлиқ бўлган реал таъминотни кафолатламайди.
«Агар Москва ички энергетика хавфсизлиги ва экспорт манфаатлари ўртасида танлов қилишга мажбур бўлса, унда ҳеч қандай иккиланиш бўлмайди, деб ўйлайман», — дейди энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича эксперт Франческо Сасси.
2025 йилнинг кузида Россияда юзага келган ёқилғи инқирози, ҳукуматлараро битимларга қарамай, Тожикистон ва Қирғизистонга маҳсулот етказиб беришнинг узилишига ҳамда бензин тақчиллигига сабаб бўлган эди. Агар ҳозирги узилишлар давом этиб, Қирғизистонда энг харидоргир бўлган АИ-92 маркали бензин тақчиллиги юзага келса, бу ҳолат юк ташиш соҳасига, йиғим-терим даврида қишлоқ хўжалигига ва, табиийки, нарх-навога жиддий таъсир кўрсатади.
Тожикистонда эса бензин нархи аллақачон кўтарилиб кетган. Душанбеда уч ҳафта ичида бир литр АИ-92 тахминан 8,6 фоизга — 10,4 сомонийдан 11,3 сомонийгача (1,12-1,22 доллар), бир литр дизел эса қарийб 21 фоизга (11 сомонийдан 13,3 сомонийгача) қимматлади. Шу боис Тожикистон ҳукумати таъминотнинг муқобил вариантларини изламоқда. Масалан, маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводларида тайёр маҳсулот олиш учун Эрондан хом нефт импорт қилиш имконияти муҳокама қилинмоқда.
Қозоғистон қазиб олиш ҳажмини камайтирмоқда
Нефт ва газни мустақил қазиб олса-да, инфратузилма жиҳатидан ҳамон Россияга қарам бўлиб қолаётган Қозоғистонда эса вазият бироз бошқача.
24 июнга ўтар кечаси Украина дронлари Россиянинг энг йирик корхоналаридан бири — Оренбург газни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. «Газпром»га қарашли ушбу завод, жумладан, Қозоғистоннинг шимоли-ғарбидаги Қарачағанак конидан олинадиган хом газни ҳам қайта ишлайди.
Мамлакат энергетика тизими учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Қарачағанак лойиҳасини халқаро консорциум бошқаради. Унинг иштирокчилари сафида «Chevron», «Shell» ва «Eni» каби жаҳон нефт-газ гигантлари, шунингдек, Россиянинг «Лукойл» ва Қозоғистоннинг «КазМунайГаз» компаниялари бор.
Кондан қазиб олинадиган газнинг асосий қисми қувурлар орқали Оренбург газни қайта ишлаш заводига жўнатилади. У ерда газ олтингугуртли бирикмалардан тозаланиб, товар гази, суюлтирилган углеводород газлари ва бошқа таркибий қисмларга ажратилади. Товар газининг бир қисми Қозоғистон ички бозорига йўналтирилса, қолгани экспорт шартномалари асосида сотилади.
Ҳужум оқибатида Оренбург заводи хом газ қабул қилишни камайтирди. Бу эса, ўз навбатида, Қарачағанак қудуқларидан чиқаётган умумий оқимни, яъни ҳам газ, ҳам нефт, ҳам газ конденсатини (қайта ишлангач бензин, дизел ва авиаёқилғи олинадиган углеводородлар аралашмаси) қазиб олишни чеклашга мажбур қилди.
Натижада Қозоғистон конида нефт ва газ конденсати қазиб олиш ҳажми чорак қисмга — кунига 34 минг тоннадан 25 минг тоннагача қисқарди.
Бундай ҳолат 2025 йилнинг кузида ҳам айнан Оренбург заводига қилинган ҳужум ортидан кузатилган эди. Ўшанда ҳам Қарачағанакда ишлаб чиқариш 25 фоизга қисқарган ва нефт-газ соҳаси эксперти Олжас Байдилдинов операторнинг кунлик йўқотилган ялпи даромадини тахминан 4,4 миллион долларга баҳолаганди. Аммо ўшанда Оренбург уч кун ичида газни қабул қилишни тиклаган бўлса, бу галги чеклов мана бир ҳафтадирки давом этмоқда.
Ҳозирча расмий идоралар Қозоғистоннинг ички газ таъминотига зарар етмаганини таъкидламоқда. Бироқ қазиб олишнинг камайиши экспорт учун хом ашё қисқарганини англатади. Агар Оренбургда газни қабул қилиш чекловлари узоққа чўзилса, мамлакат экспорт тушумидан, бюджет эса солиқ ва бошқа нефт-газ даромадларининг бир қисмидан қуруқ қолиши мумкин.
Қарачағанакдан нефт ва конденсат экспорт қилинадиган асосий йўналиш Каспий қувур ўтказгичлари консорциуми (КҚК) тизими ҳамда Новороссийск яқинидаги Қора денгиз терминали орқали ўтади. Аммо Новороссийск ҳам Украина дронларининг нишонига айлангани сабабли бу йўналиш хавф остида қолмоқда.
Май ойига қадар Қарачағанак нефтининг бир қисми Атирау — Самара қувури, сўнгра «Дружба» тизими орқали Берлин яқинидаги Шведт нефтни қайта ишлаш заводига (Германияга) ҳам етказиб берилаётган эди. Бироқ 1 майдан бошлаб Россия Қозоғистон нефтининг «Дружба» орқали Германияга транзитини тўхтатди. Бош вазир ўринбосари Александр Новак бу қарорни «техник сабаблар» билан изоҳлади.
Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов бу ҳолат Украина дронларининг яқинда Россия инфратузилмасига берган зарбалари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилди. Аммо «Financial Times» нашри юқори лавозимли қозоқ мулозимига таяниб ёзишича, бу Украинани қўллаб-қувватлаётгани учун Европа Иттифоқи ва Германияга босим ўтказиш уриниши бўлиши ҳам мумкин.
Остона анчадан буён Россиянинг қайта ишлаш саноатига тобеликни камайтиришга уриниб келади. Июн ойининг бошида Қозоғистоннинг асосий газ компанияси — «QazaqGaz» Қарачағанак конида янги газни қайта ишлаш заводи лойиҳасини ишлаб чиқиш учун Жанубий Кореянинг «Hyundai Engineering» компаниясини танлади. Режага кўра, мазкур завод йилига 5 миллиард куб метргача газни қайта ишлаш қувватига эга бўлади.
Бироқ бу яқин йиллар учун муаммонинг ечими бўла олмайди. Янги завод ишга туширилгандан кейин ҳам бугунги кунда Оренбург заводида қайта ишланаётган газ ҳажмидан тахминан икки баробар камроқ хом ашё қабул қила олади. Бу лойиҳа Қозоғистоннинг Россия инфратузилмасига қарамлигини маълум маънода камайтирса-да, барибир Оренбургнинг ўрнини тўлиқ боса олмайди.
Шунингдек, расмийлар Боку — Тбилиси — Жайҳон йўналишини Россия транзитига асосий муқобиллардан бири сифатида тез-тез тилга олиб келади. Аммо, мутахассиснинг сўзларига кўра, Каспий денгизи орқали нефт ташиш учун танкерлар етишмовчилиги сабабли ҳозирча бу йўналиш имкониятлари жуда чекланган.
Шу билан бирга, Россиядаги ёқилғи инқирози Қозоғистонга даромад олиш имконини ҳам яратмоқда. «Reuters» агентлигининг маълумотларига кўра, Москва ички бозоридаги тақчилликнинг ўрнини тўлдириш мақсадида Остона билан тахминан 50 минг тонна АИ-92 бензини сотиб олиш масаласини муҳокама қилмоқда. Қозоғистон расмийлари эса Россиядан ҳозирча расмий сўров олмаганини таъкидлаган.
Ўзбекистон нисбатан ҳимояланган
Ўзбекистон Россиядаги ёқилғи инқирози оқибатларидан Қирғизистон ва Тожикистонга нисбатан яхшироқ, аммо Қозоғистондан кўра ёмонроқ ҳимояланган.
Мамлакатда нефт ва газ конденсати қазиб олинади. Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари эса бу хом ашёдан бензин, дизел ва бошқа турдаги нефт маҳсулотларини ишлаб чиқаради.
Аммо «BBC» нашрининг таъкидлашича, бу ҳажм тобора ўсиб бораётган ички талабни тўлиқ қондира олмайди. Шу боис Ўзбекистон бензин, дизел ва авиакеросинни, жумладан, Россиядан ҳам импорт қилишда давом этмоқда. 2026 йилнинг январ-апрел ойларида бензин импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробардан кўпроққа, дизел импорти эса қарийб 18 фоизга ошган.
Шу сабабли, Россиядан етказиб бериш ҳажмининг қисқариши ўзбекистонликларни бутунлай ёқилғисиз қолдирмаса-да, нарх-навонинг кўтарилишига ва ёқилғининг айрим турларида тақчиллик юзага келишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
12 июн куни «Uzbekistan Airways» компанияси авиакеросин тақчиллиги ва нархи ошгани сабабли Ўзбекистон ва Россия шаҳарлари ўртасидаги айрим йўналишлар бўйича қатновлар сонини қисқартиришини маълум қилди. Бу чекловлар Москва ва Санкт-Петербургга учадиган рейсларнинг бир қисмига таъсир кўрсатди.
Авиакомпания мазкур ҳолат «ташқи омиллар» билан боғлиқлигини билдирди, аммо аниқ сабабларни очиқламади. Керосиннинг жаҳон бозоридаги нархи ошиши Яқин Шарқдаги можаролар ва Ҳўрмуз бўғози орқали юк ташишдаги узилишлар билан боғлиқ. Россиядаги тақчиллик ва авиакеросин экспортига ўрнатилган чекловлар ҳам бозордаги вазиятни мураккаблаштирган бўлиши мумкин. Бироқ бу омиллар ҳамда «Uzbekistan Airways» қарори ўртасидаги бевосита боғлиқликни на авиакомпания, на расмий Тошкент тасдиқлади.
Бундан ташқари, АИ-92 маркали бензиннинг биржадаги нархи кескин кўтарилиб, ОАВ хабарларига кўра, тарихий максимумга етган.
Узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон учун газ масаласи ҳам бундан кам аҳамият касб этмайди. 2026 йилнинг биринчи чорагида мамлакатда газ қазиб олиш ҳажми 15 фоизга камайган бўлса, хориждан харид қилиш кескин ошди. Қиш мавсуми яқинлашгани сайин бу масала янада долзарб тус олади.
Ўтган йили Осло университети тадқиқотчиси Франческо Сассининг таъкидлашича, Ўзбекистон газ тақчиллигини миллий хавфсизликка таҳдид сифатида қабул қилади. Шу сабабли ҳам мамлакат бир вақтнинг ўзида ҳам «Газпром»га мурожаат қилган, ҳам Қозоғистон ва Туркманистон билан музокаралар олиб борган. Унинг фикрича, Россиядан етказиб бериладиган газ минтақага қисқа муддатли барқарорлик бахш этса-да, иқтисодий ўсишни Москванинг сиёсий таъсирига потенциал равишда қарам қилиб қўйиши мумкин.
2022 йилнинг декабр ойида Тошкент Москва томонидан таклиф қилинган, Россия ва Қозоғистон иштирокидаги «уч томонлама газ иттифоқи»ни рад этган эди. Ўшанда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов газ етказиб бериш бўйича келишув сиёсий эмас, фақатгина тижорий ва техник асосда бўлишини қатъий таъкидлаган.





