
ЎТЙ, Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports хизматлар таннархини пасайтиради
Илҳом Маҳкамовга кўра, давлат раҳбари йил якунига қадар таннархни 20 фоизгача пасайтириш вазифасин юклаган.

Ўзбекистон темир йўллари, Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports каби йирик компанияларга йил бошидаги хизмат таннархини камида 20 фоизгача пасайтирилади. Бу ҳақда Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
Унга кўра, давлат раҳбари бу вазифани йил якунига қадар якунлашни топширган.
«Бу корхоналар томонидан сўзсиз бажарилади ва харажатларни камида 20 фоизгача оптималлаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Шу билан бирга, биз мазкур корхоналар томонидан харажатларни пасайтириш бўйича 2026 йил учун ҳам вазифаларни белгилаб, бир ҳафтада алоҳида қарор қабул қиламиз», - деди у.
Шунингдек, вазир транспорт соҳасида яширин иқтисодиётга қарши курашиш масаласига тўхталди. У такси бозорини қонунийлаштириш, жумладан, ўз-ўзини банд қилган ҳолда такси хизматларини амалга оширишга рухсат берилгани ижобий натижа кўрсатганини қайд этди.
«Шу билан бирга, халқаро юк ташувларини амалга оширувчи корхоналар ўз айланма маблағларини ҳисоб рақами орқали кўрсатишлари ҳам ижобий натижа кўрсатди. Лекин, ички юк ташувларида корхоналар томонидан ҳисоботларнинг тақдим этилмаслиги, бу яширин иқтисодиётнинг бир туридир», - деган Транспорт вазири.
Маҳкамов ички юк ташувларида рақамлаштириш ва ҳисобот юритиш тизимини йўлга қўйиш орқали соҳани «соя»дан чиқариш имконияти яратилишини маълум қилди.





