add

Ўзбекистон 2026 йилда ЯИМ ўсишида минтақада етакчи учликка киради — Жаҳон банки

Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2026-йилда Ўзбекистон иқтисодиёти юқори олтин нархлари ҳисобига барқарор ўсишни сақлаб қолади.

Ўзбекистон 2026 йилда ЯИМ ўсишида минтақада етакчи учликка киради — Жаҳон банки

2026-йилда Ўзбекистон ЯИМнинг 6 фоизлик ўсиши билан Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлар қаторига киради. Бу ҳақда Жаҳон банкининг «Жаҳон иқтисодиёти истиқболлари» ҳисоботида маълум қилинди. Прогнозга кўра, республика Қирғизистон ва Тожикистон билан бир қаторда минтақадаги етакчи учта ривожланаётган иқтисодиётдан бири бўлади.

Ҳисоботда қайд этилишича, Европа ва Марказий Осиё минтақасида умумий иқтисодий ўсиш суръатлари 2026-йилда 2,4 фоиз атрофида шаклланади. Ўзбекистон эса ушбу кўрсаткичдан анча юқори натижа қайд этиб, минтақадаги 22 та ривожланаётган давлат орасида илдам суръатларни намойиш этади.

Марказий Осиё субминтақаси ҳозир ҳам Европа ва Марказий Осиё ҳудудида энг юқори ўсиш суръатларига эга ҳудуд сифатида сақланиб қолмоқда. 2025-йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг умумий ЯИМи 6,2 фоизга ўсган. Бироқ 2026-йилда инфляция босими ва ташқи омиллар таъсирида ўсиш 5 фоизгача секинлашиши мумкин.

Жаҳон банки таҳлилига кўра, Россия иқтисодиётидаги секинлашув Марказий Осиё мамлакатларидан экспорт ҳажмларининг қисқаришига, шунингдек, миграция сиёсати қатъийлашиши орқали пул ўтказмалари камайишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Бу эса айрим мамлакатларда хусусий истеъмол пасайишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, жаҳон бозорларида олтин нархларининг юқори даражада сақланиши Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлайди. Қозоғистонда эса нефт қазиб олиш барқарорлашуви ва нархлар пасайиши фонида иқтисодий ўсиш 4,5 фоизгача секинлашиши кутилмоқда.

Жаҳон банки, шунингдек, геосиёсий ноаниқликлар, иқлим ўзгариши ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари минтақада иқтисодий ўсиш учун асосий хатарлар бўлиб қолишини таъкидлайди. Бироқ халқаро ҳамкорлик ва янги стратегик келишувлар инвестиция муҳитини яхшилаб, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид