add

Ўзбекистон капитал бозори: 284 трлн сўм капитализация, аммо реал савдо атиги 4 трлн сўм

Бугун 08:182 дақиқа

2025 йил охирида Ўзбекистон акциялар бозори капитализацияси рекорд даражага етди, аммо free float пастлиги сабаб реал савдо ҳажмлари бозор имкониятларини тўлиқ очиб бермаяпти.

Ўзбекистон капитал бозори: 284 трлн сўм капитализация, аммо реал савдо атиги 4 трлн сўм

2025 йил декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон капитал бозори расмий статистикада йирик кўрсаткичларга эришган. Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси маълумотларига кўра, акциялар бозорининг умумий капитализацияси 284,6 трлн сўмни ташкил этган, акциядорлар сони эса 1 миллиондан ошган. Бир қарашда бу рақамлар бозор шаклланиб, барқарор ишлаётгандек тасаввур уйғотади. Бироқ капитал бозорининг мавжудлиги билан унинг амалда ишлаши ўртасида жиддий тафовут сақланиб қолмоқда.

Бозорнинг реал фаоллигини белгилаб берувчи асосий кўрсаткич — free float, яъни очиқ савдога чиқарилган акциялар улушидир. Очиқ маълумотларга кўра, Ўзбекистон акциялар бозорида реал савдога чиқиши мумкин бўлган акциялар қиймати атиги 4,04 трлн сўмни ташкил этади. Бу умумий капитализациянинг тахминан 1,4 фоизига тенг. Амалда бу бозор қийматининг мутлақ катта қисми айланмада иштирок этмайдиган, сотувга чиқарилмаган акциялар ҳисобига шаклланганини англатади.

Бундай тузилма бир қатор оқибатларни келтириб чиқаради. Йирик битимлар нархларга номутаносиб таъсир кўрсатади, баҳолаш механизми бозор талаб-таклифига эмас, алоҳида операцияларга боғланиб қолади. Институционал инвесторлар учун эса бозорга кириш ҳам, ундан чиқиш ҳам қийинлашади. Натижада акциялар бозори йирик капитал учун де-факто ёпиқ муҳитга айланиб қолмоқда.

Халқаро амалиётда акциялар бозорининг самарали ишлаши учун free float улуши одатда камида 15–25 фоиз бўлиши талаб этилади. Шу нуқтайи назардан қаралганда, Ўзбекистондаги жорий кўрсаткич нафақат паст, балки бозор ривожини чеклаб қўяётган структуравий омил сифатида намоён бўлади. Қўшимча равишда, акциялар капитализациясининг ялпи ички маҳсулотга нисбати тахминан 24 фоизни ташкил этади, ҳолбуки ривожланган ва фаол бозорларда бу кўрсаткич 60–120 фоиз оралиғида бўлади.

2025 йил декабр ойида капитал бозоридаги савдо фаоллиги асосан корпоратив облигациялар ҳисобига таъминланди. Уларнинг умумий чиқарилиши 3,94 трлн сўмни, жойлаштирилган қисми эса 3,3 трлн сўмни ташкил этди. Акциялар сегменти эса барқарор институционал талаб шаклланмаган, иккиламчи ролда қолмоқда. Бу эса бозор ўсиш капиталига эмас, қарз инструментларига таянаётганини кўрсатади.

Free float пастлиги давлат ва стратегик акциядорлар улушининг юқорилиги, назорат пакетларининг сотувга чиқарилмагани, шунингдек, пенсия ва инвестиция фондлари каби узоқ муддатли инвесторлар қатламининг етарлича ривожланмагани билан изоҳланади. Натижада акциялар капитализацияда акс этади, аммо бозор чуқурлиги ва ликвидлик шаклланмайди.

2025 йил якунидаги манзара Ўзбекистон капитал бозори қоғозда йирик, аммо амалий жиҳатдан тор эканини яққол кўрсатди. Муаммо савдо сессияларида эмас, балки бозор тузилмасида. Агар кейинги босқичда очиқ савдога чиқариладиган акциялар улуши оширилмаса, бозор рақамларда ўсишни кўрсатаверади, аммо инвестор ишончи, ликвидлик ва нарх шаклланиши нуқтаи назаридан тўлиқ ишлайдиган тизимга айлана олмайди.

Г.Бозорова тайёрлади.

Теглар

Мавзуга оид