
Ўзбекистон мутахассислари АҚШдаги аэрокосмик лойиҳаларда иштирок этади
Ўзбекистон ва АҚШдаги Vast компанияси билан космик технологиялар соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Президентнинг АҚШга ташрифи доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов АҚШнинг етакчи аэрокосмик компанияларидан бири, Vast корпорацияси вице-президенти Рич Лешнер билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистонда космик фан ва технологияларни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда мамлакатнинг космик соҳадаги инсон салоҳиятини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Вазир Шерзод Шерматов фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, ёш тадқиқотчилар учун имкониятлар яратиш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро космик дастурларда фаол иштирокини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Томонлар Vast компанияси билан узоқ муддатли илмий ва технологик ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олдилар. Унга кўра, қўшма тадқиқотлар, мутахассислар алмашинуви дастурлари ҳамда ўзбекистонлик муҳандисларни Haven-1 орбитал станцияси синовидан кейинги миссияларда иштирок эттириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, Haven-2 лойиҳаси доирасида сунъий гравитация, ҳаётни қўллаб-қувватлаш тизимлари ва орбитал меъморчилик бўйича тадқиқотларда ўзбекистонлик олим ва муҳандисларнинг иштирокини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди.
Таълим, кадрлар тайёрлаш ва қўшма лабораториялар яратиш соҳаларида қўшимча ташаббуслар илгари сурилди. Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон мутахассисларининг халқаро космик дастурлар ва орбитал технологиялар лойиҳаларидаги иштирокига оид англашув меморандумини имзоладилар.
Маълумот учун, Vast — АҚШнинг хусусий аэрокосмик компанияси бўлиб, дунёдаги илк тижорий космик станцияни қуриш лойиҳаси билан шуғулланмоқда. Унинг Haven-1 станцияси келгусида кўп модулли Haven-2 тизимининг асосини ташкил қилади.
Аввалроқ Vaqt.uz сўнгги 5 йилликдаги келишувлар, савдо таркиби ва иқтисодий алоқаларига оид маълумотларни жамлаган эди.





