
Ўзбекистон паспорти халқаро рейтингда юқорилади
«Henley & Partners» рейтингига кўра, мамлакат фуқаролари фуқаролари айни дамда 61 та давлатга визасиз ёки ўша давлатга борганда виза олиш орқали сафар қила олади.

Ўзбекистон паспорти халқаро нуфузли рейтинглардан бири ҳисобланган «Henley & Partners» томонидан тузилган жаҳон паспортлари индексида ўз позициясини яхшилади. Энг сўнгги янгиланган маълумотларга кўра, Ўзбекистон 199 та давлат орасида 75-ўринга кўтарилди.
Рейтинг натижаларига асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳозирда 61 та давлатга визасиз ёки мамлакатга етиб борганда виза олиш орқали сафар қилиш имкониятига эга. Бу кўрсаткич мамлакатнинг халқаро очиқлик даражаси ва дипломатик алоқалари кенгайиб бораётгани билан изоҳланади.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон ушбу рейтингда 75-ўринни Қирғизистон билан биргаликда бўлишиб турибди. Икки давлат фуқаролари учун визасиз йўналишлар сони бир хил даражада баҳоланган.
Марказий Осиё минтақаси давлатлари орасида эса энг юқори кўрсаткични Қозоғистон сақлаб қолмоқда. Ушбу мамлакат рейтингда 61-ўринни эгаллаб, минтақа етакчиси сифатида қайд этилган. Қозоғистон паспорти визасиз сафар қилиш имкониятлари бўйича қўшни давлатлардан анча илгарилаб кетган.
Рейтингда Тожикистон 81-ўриндан жой олган бўлса, Туркманистон 87-ўринда қайд этилди. Бу кўрсаткичлар минтақада паспорт имконияти бўйича фарқ сезиларли эканини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2030 йилгача ўзбекистонликлар 50 та давлатга визасиз саёҳат қилиши мумкин бўлиши ҳақида хабар берган эдик.





