Ўзбекистон – Қозоғистон чегарасида километрлаб тирбандлик юзага келди
Айни вақтда икки давлат ўртасидаги чегара ўтказиш пунктлари одатий тартибда ишламоқда.
© informburo.kzБугун, 20 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарасидаги божхона постларида юк машиналари тўпланиб қолгани акс этган видео тарқалди. Бироқ мазкур тасвирлар бир неча кун аввал олинган бўлиб, айни вақтда икки давлат ўртасидаги чегара ўтказиш пунктлари одатий тартибда ишламоқда. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев ўзининг «Telegram»-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Давлат даромадлари департаменти Ўзбекистон билан чегарадаги ўтказиш пунктларида юк машиналари навбати ҳақида ҳар 24 соатда маълумот бериб бормоқда.
Департамент маълумотига кўра, 20 ноябр куни соат 09:00 ҳолатида «Б. Қонисбоев» автомобил ўтказиш пунктида 100 та юк машинаси навбатда турган. Мазкур постга туташ Ўзбекистоннинг «Яллама» чегара божхона пункти орқали эса бир суткада 1,5 мингдан зиёд юк автомобили ҳаракатланмоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган юк автомобиллари сони сезиларли даражада ошган. Хусусан, 2021 йилда икки давлат чегара-божхона постлари орқали бир суткада 1 165 та юк машинаси ўтган бўлса, 2026 йил ноябр ойига келиб бу кўрсаткич 3 130 тага етган. Бу қарийб 2,7 баробар ўсишни англатади.
Қўмитага кўра, видеоларда акс этган юк машиналарининг асосий қисмини икки давлат ҳудуди орқали транзит тарзида ҳаракатланаётган транспорт воситалари ташкил этади. Бу, жумладан, Қозоғистоннинг Хитой билан чегарасидаги «Хоргос» ўтказиш пункти 24 соатлик иш режимига ўтказилгани билан боғлиқ. Натижада Хитойдан товар олиб кириш жараёни тезлашган, Ўзбекистон орқали Туркманистон, Тожикистон ва бошқа давлатларга транзит юк ташиш ҳажми ҳам ошган.
Бундан ташқари, геосиёсий ва иқтисодий вазият, шунингдек, бошқа анъанавий савдо-логистика йўналишларидаги чекловлар халқаро юк ташиш йўналишларининг қайта шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Айни пайтда чегарада навбатлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматлари ўртасида доимий ахборот алмашинуви ва ҳамкорлик йўлга қўйилган.





