Ўзбекистонда 1,5 млн сўм топиш кимлар учун энг қийин?

Бугун 13:053 дақиқа

Аҳолининг учдан бири 1,5 млн сўмни тезда топишни «жуда қийин» деб ҳисоблайди. Марказий банк сўрови аёллар, ёши катталар ва айрим ҳудудларда яшовчилар молиявий зарбаларга кўпроқ заиф эканини кўрсатмоқда.

Ўзбекистонда 1,5 млн сўм топиш кимлар учун энг қийин? © Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк Молиявий оммабоплик ва Ўзбекистонда молиявий оммабопликни ошириш миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича асосий хулосаларни тақдим қилди.

Унда мамлакат бўйлаб молиявий оммабопликнинг ҳозирги ҳолати ҳақида танқидий маълумот бериш мақсадида 1200 нафар респондент иштирокида сўровнома ўтказилган.

Сўровномада миллий ҳолатни тўлиқ акс эттириш мақсадида Ўзбекистоннинг 6 та асосий ҳудудидан иштирокчилар танлаб олинган: Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона, Жиззах вилоятлари ва Тошкент шаҳри.

Респондентлардан «Қандай қилиб 1,5 млн сўм топасиз» дея сўралганда, 25 фоизи бу маблағни ўз жамғармалари ҳисобидан қоплашини билдирган.

1

Энг кўп берилган жавоб эса оила ёки дўстлардан ёрдам олиш бўлиб, 37 фоиз респондент ушбу вариантни кўрсатган, бу эса норасмий хавфсизлик тармоқларига кучли таянишни англатади.

Атиги 13 фоизи бу маблағни ўз меҳнатидан топишини айтган, 2 фоизи кредит олишини билдирган, 10 фоизи эса бирор нарса сотиш орқали маблағ йиғишини айтган.

Муҳими, 6 фоиз респондент умуман пул топа олмаслигини билдирган бўлиб, бу энг заиф гуруҳ орасида кескин молиявий қийинчилик мавжудлигини кўрсатади.

Кимлар учун 1,5 млн сўмни топиш жуда қийин?

Сўровномада қатнашганларнинг 35 фоизи 1,5 млн сўмни топиш «жуда қийин» бўлишини билдирган. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида атиги 18 фоиз бўлса, Жанубий ва Шимолий/Ғарбий ҳудудларда деярли 50 фоизга тенг.

2

Эркакларнинг 28 фоизи 1,5 млн сўмни топиш «жуда қийин» эканини таъкидлаган бўлса, аёлларда бу кўрсаткич анча баландроқ — 40 фоиз.

Шунингдек, кўриб чиқилаётган маблағни топишда 18–30 ёш оралиғидаги аҳолидан (28 фоиз) кўра 60 ёшдан ошган аҳоли (41 фоиз) қийналади.

1,5 млн сўмни топишни «жуда қийин» дея белгилаганлар улуши бўйича энг паст кўрсаткич олий маълумотли қатламга тегишли — 16 фоиз.

Даромад билан яшаш даражасини қоплаш

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 44 фоизи сўнгги 12 ой давомида даромадлари яшаш харажатларини қопламаганини билдирган.

Марказий банк бу кўрсаткични эҳтиёткорлик билан талқин қилиш лозимлигини айтган. Сабаби бу реал даромад даражаларидан кўра молиявий қийинчилик ёки стресс ҳақидаги субъектив тасаввурларни акс эттиради.

Масалан, Осиё тараққиёт банки (ADB) маълумотларига кўра, 2024 йилда аҳолининг атиги 8,9 фоизи миллий қашшоқлик чегарасидан пастда яшаган. Шунингдек, бу кўрсаткичлар сезиларли даражада фарқ қилади:

Даромад бўйича: Паст даромадли уй хўжаликларида бу кўрсаткич 56 фоиз бўлиб, бу камбағал бўлмаган уй хўжаликларига (31 фоиз) нисбатан қарийб икки баробар юқори. Бу даромад даражаси ва молиявий заифлик ўртасида кучли боғлиқлик мавжудлигини кўрсатади.

Ҳудудий кесимда: Энг юқори кўрсаткич Шарқда (49 фоиз) ва Шимолий/Ғарбий ҳудудларда (50 фоиз) қайд этилган бўлса, Тошкент шаҳрида (39 фоиз) ва Марказий ҳудудда (33 фоиз) анча паст.

Ёш бўйича: Молиявий қийинчилик 31–45 ёшдаги респондентлар орасида энг кўп (48 фоиз), 60+ ёшдагилар орасида эса энг паст (42 фоиз) бўлиб, бу эҳтимол пенсия асосидаги даромад барқарорлиги билан изоҳланади.

Даромад етишмовчилиги билан қандай курашилмоқда?

Сўровнома маълумотлари Ўзбекистондаги турли гуруҳлар даромад етишмовчилиги билан қандай курашаётганининг аниқ қонуниятларини кўрсатади.

Жамғармалардан фойдаланиш (9 фоиз) — асосан Жанубий ҳудуд (17 фоиз), иш билан банд шахслар (15 фоиз), олий маълумотлилар (18 фоиз) ва юқори даромадлилар (15 фоиз) орасида кўпроқ учрайди.

Соғлом стратегиялар: Харажатларни қисқартириш (36 фоиз) — кўпроқ қишлоқ аҳолиси (45 фоиз), аёллар (40 фоиз), ишсизлар (40 фоиз), нафақадаги шахслар (40 фоиз) ва юқори даромадлилар (41 фоиз) орасида.

Яна бир соғлом стратегия — қўшимча иш қилиш (27 фоиз), бу кўпроқ Тошкент (33 фоиз) ва Жанубий ҳудуд (36 фоиз) аҳолиси, шунингдек талабалар (33 фоиз) ва иш билан бандлар (38 фоиз) томонидан қўлланилган.

Нисбатан соғлом бўлмаган стратегиялар: Активларни сотиш (13 фоиз) — кўпроқ ишсизлар (21 фоиз), қишлоқ аҳолиси (18 фоиз) ва 45–60 ёшдагилар (18 фоиз) орасида.

Оила ва дўстлардан қарз олиш (25 фоиз) — Тошкент (35 фоиз), Жануб (33 фоиз), Шимолий/Ғарбий ҳудуд (32 фоиз) ҳамда шаҳарликлар (30 фоиз) орасида кенг тарқалган.

Соғлом бўлмаган стратегиялар: Ҳисоб-китобларни кечиктириш ёки тўламаслик (11 фоиз) — кўпроқ Тошкент (20 фоиз) ва Шимолий/Ғарбий ҳудуд аҳолиси (17 фоиз) орасида кузатилган.

Теглар

Мавзуга оид