Logo

Ўзбекистонда чўлланишга қарши курашиш ва Самарқандни «яшил шаҳар»га айлантириш лойиҳалари тасдиқланди

Президент Шавкат Мирзиёев чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш, шунингдек, шаҳарларда «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Ўзбекистонда чўлланишга қарши курашиш ва Самарқандни «яшил шаҳар»га айлантириш лойиҳалари тасдиқланди

Иқлим ўзгариши, сув танқислиги, ерларнинг таназзулга учраши ва чўлланиш бугун бутун минтақа учун долзарб экологик муаммога айланмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги барқарорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли саломатлиги ва ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Мамлакат ҳудудининг қарийб 80 фоизи чўл ва ярим чўл майдонларидан иборат. Ерларнинг шўрланиши, қум кўчиши, чанг бўронлари ва гармселлар, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари, шунингдек, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларининг айрим туманларида жиддий хавф туғдирмоқда.

Орол денгизининг қуриши мазкур жараённи янада кучайтирган. Қуриган тубда Оролқум чўли шаклланиб, ҳавога кўтарилаётган туз ва чанг кенг ҳудудларга тарқалмоқда. Шу боис, Оролбўйида яшил қопламалар барпо этиш, саксовул ва бошқа чўл ўсимликларини экиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Кейинги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ янги ўрмонзорлар ташкил этилди.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакат бўйлаб 1 миллиарддан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилди, кўкаламзорлаштириш даражаси 2020 йилдаги 8 фоиздан 2025 йилда 14,3 фоизга етди. Оролбўйи, чегарадош ва қурғоқчил ҳудудларда яшил қопламалар ҳамда ҳимоя ўрмонзорларини яратиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Тақдимотда 2026-2030 йилларда чўлланишга қарши курашиш ишларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, 1,27 миллион гектарда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш, чўл, тоғ ва тоғолди ҳудудларда 16 минг гектар ҳимоя ўрмонзорлари яратиш режалаштирилган.

Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда яшил қопламалар ташкил этиш, Сирдарё вилоятининг чегарадош ҳудудларида 84 километрлик «яшил девор» барпо қилиш, тоғ ва тоғолди ҳудудларида «терраса» усулида дарахт ва буталар экиш, деградацияга учраган ерларда замонавий агротехнологияларни синовдан ўтказиш таклиф қилинди.

«Чўл иқтисодиёти»


Давлат раҳбари чўл ҳудудларига фақат экологик муаммо сифатида эмас, балки янги иқтисодий имкониятлар манбаи сифатида қараш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда «чўл иқтисодиёти» ёндашувини ривожлантириш, қўриқ ва шўрланган ерларда барқарор даромад манбаларини яратиш, чўл ўсимликлари уруғчилиги ва кўчатчилигини йўлга қўйиш, галофит ўсимликлар етиштириш, яйловлар маҳсулдорлигини ошириш, чорвачилик, экологик туризм ва илмий тадқиқотларни кенгайтириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу борада Қорақалпоғистонда чўл ўсимликлари кўчатхоналарини ташкил этиш, Оролнинг қуриган тубида илмий экспедициялар ўтказиш, Боботоғ ҳудудида замонавий усуллар асосида писта плантацияларини ривожлантириш, галофит боғлар тармоғини кенгайтириш таклиф этилди. Шунингдек, қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар ва уруғлар бўйича минтақавий банк яратиш, халқаро фондлар ва хусусий инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Тақдимотда Марказий Осиё давлатлари билан экологик ҳамкорликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Чўлланиш ва ер деградацияси чегара билмайдиган муаммо экани, шу боис, унга қарши курашишда ягона минтақавий ёндашув, илмий ҳамкорлик, маълумот алмашиш ва технологиялар трансфери муҳимлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан чўлланишга қарши курашиш ва чўл иқтисодиётини ривожлантириш бўйича Марказий Осиё минтақавий илмий-тадқиқот маркази фаолиятини кенгайтириш, «Яшил қалқон» минтақавий дастури доирасида амалий лойиҳаларни кўпайтириш, 2040 йилгача чўлланишга қарши курашиш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуслари илгари сурилди.

Самарқанд — 2030 йилгача экологик барқарор шаҳар

Самарқанд шаҳрининг тарихий-маданий мероси, Буюк ипак йўлидаги ўрни, халқаро туризм маркази сифатидаги салоҳияти, стратегик географик жойлашуви ҳамда мавжуд сув ва транспорт инфратузилмасини инобатга олган ҳолда уни Марказий Осиёда экологик барқарор, иқлимга мослашган ва замонавий «яшил шаҳар» намунасига айлантириш назарда тутилмоқда.

Шунга мувофиқ, тақдимотда шаҳарлар экологик барқарорлигини таъминлаш бўйича «Green Samarkand» модели кўриб чиқилди.

Мазкур модел доирасида 2030 йилга қадар Самарқанд шаҳрида аниқ экологик кўрсаткичларга эришиш белгиланган. Жумладан, атмосферага чиқарилиши мумкин бўлган 51,2 минг тонна зарарли ташламаларнинг олдини олиш, саноат ва энергетика объектларида чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш орқали PM2.5 ва PM10 заррачаларини 50 фоизга камайтириш, қурилиш объектларидан чиқадиган чанг миқдорини 80 фоизга, транспорт воситаларидан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини 50 фоизга қисқартириш, чиқинди полигонлари ҳажмини 2 баробар камайтириш ҳамда аҳоли яшаш пунктларида яшил ҳудудлар улушини ўртача 30 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси иштирокида «Яшил Самарқанд» лойиҳа офиси ташкил этилади. Ушбу офис шаҳарсозлик, экология, транспорт, қурилиш, туризм, саноат ва коммунал хизматлар соҳаларида белгиланган тадбирларни ягона тизимда мувофиқлаштиради.

Самарқанд шаҳрида махсус экологик-шаҳарсозлик режими жорий этилиб, янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектлар учун «яшил қурилиш» талаблари мажбурий этиб белгиланади. Бунда энергия ва сув тежамкор технологиялардан фойдаланиш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимларини жорий этиш, ресурс самарадорлигини ошириш ҳамда экологик талабларга жавоб бермайдиган объектларни фойдаланишга қабул қилмаслик амалиёти йўлга қўйилади.

Транспорт соҳасида Самарқанд шаҳрини экологик тоза ҳаракатланиш моделига ўтказиш назарда тутилган. Бунинг учун 50 та замонавий катта сиғимли электробус харид қилиш, чорраҳаларда 150 та янги светофор ўрнатиш, 2030 йилга қадар жамоат транспорти ва такси хизматини тўлиқ электр транспортига ўтказиш чоралари кўрилади. Шу билан бирга, «Park & Ride» тизими жорий этилиб, пиёдалар ҳаракати устувор бўлган яшил туристик ҳудудлар ташкил қилинади, шаҳар марказига шахсий автотранспорт кириши босқичма-босқич камайтирилади.

Сув ва «яшил» инфратузилмани ривожлантириш мақсадида Самарқанд шаҳрида камида 4 та, вилоят туманлари марказларида эса камида биттадан сунъий кўл ва сув ҳавзалари ташкил этилади. Самарқанд шаҳрида қўшимча 10 та янги фаввора қурилиб, мавжуд фавворалар инфратузилмаси модернизация қилинади. Шунингдек, умумий узунлиги 319 километр бўлган ариқлар тизими қурилади ва тикланади.

«Яшил белбоғ» ва саноат корхоналарининг кўчирилиши

Шаҳар атрофида ҳимоявий «яшил» инфратузилмани шакллантириш мақсадида «Янги катта ҳалқа йўли» бўйлаб узунлиги 102,7 километр, умумий майдони 3532 гектар бўлган «яшил белбоғ» барпо этилади. Ушбу белбоғ чанг ва иссиқ ҳаво оқимларини камайтириш, атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, шаҳар атрофида табиий ҳимоя зонасини яратиш ҳамда иқлимга мослашув чораларини кучайтиришга қаратилган.

Шаҳарсозлик йўналишида 300 гектар майдонда «Green City Samarkand» ҳудудини ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу ҳудудда турар жой, офис, хизмат кўрсатиш, туризм ва жамоат инфратузилмаси объектлари халқаро «яшил шаҳар» стандартлари асосида барпо этилади.

Саноат объектларининг экологик таъсирини камайтириш учун «яшил саноат зонаси» ҳудудида энг мақбул технологиялар, «Zero Visible Emission» ва рақамли экологик мониторинг тизимлари босқичма-босқич жорий этилади. Мавжуд саноат зоналари атрофида «яшил белбоғ»лар ташкил этилади ҳамда аҳоли соғлиғига жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган I ва II тоифага мансуб 8 та саноат корхонасини шаҳар ҳудудидан ташқарига кўчириш чоралари кўрилади.

Чиқиндиларни бошқариш соҳасида «Zero Waste Samarkand» тамойили асосида чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш ва полигонларга юбориладиган ҳажмини камайтириш тизими жорий этилади. Ноқонуний чиқинди ташлаш ҳолатларини рақамли хариталаш ва фото-видеофиксация қилиш бўйича ахборот тизими ишга туширилади.

Иқлим сиёсати йўналишида Самарқанд шаҳри учун 2030 ва 2035 йилларга мўлжалланган углерод чиқиндиларини қисқартириш мақсадли кўрсаткичлари ҳамда «Carbon Neutral Samarkand» «йўл харитаси» ишлаб чиқилади. Шунингдек, яшил ва иқлим лойиҳаларини молиялаштириш учун «Green Samarkand Climate Finance Facility» платформаси, натижаларни очиқ эълон қилиш ва мониторингини юритиш учун «Green Samarkand Dashboard» рақамли платформаси ишга туширилади.

Туризм ва биохилма-хиллик йўналишида «Яшил Самарқанд» бренди, «Green Hotels Samarkand» рейтинг тизими, «Samarkand City Biodiversity Index» методологияси, «Urban Biodiversity Samarkand» пилот лойиҳаси ва «Биохилма-хилликни асраймиз» кўнгиллилар дастури амалга оширилади. Шу орқали Самарқанд шаҳри экологик туризм, яшил инвестициялар ва барқарор шаҳарсозлик ечимлари марказига айлантирилади.

Умуман, лойиҳа доирасида Самарқандни «Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти» сифатида шакллантириш учун ташкилий, молиявий ва амалий асослар яратилади.

Президент таклифларни маъқуллаб, чўлланишга қарши курашиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шаҳарсозликда экологик талабларни кучайтириш ва аҳоли учун соғлом муҳит яратиш масалалари юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Теглар