
Ўзбекистонда ҳафта ўрталаридан ҳаво ҳарорати кескин пасайиши кутилмоқда
Ҳафтанинг иккинчи ярмида мамлакат бўйлаб об-ҳаво асосан ёмғирсиз бўлади. Тоғ олди ҳудудларида ҳарорат кечаси -10 даражагача совиши кутилмоқда.

Ўзгидромет хабар беришича, 5–8 ноябр кунлари Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳолати барқарор бўлиб туради. Кўпчилик ҳудудларда ёмғир ёғиши кутилмаётган бўлса-да, 5 ноябр куни Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Фарғона водийси вилоятларида кечаси ёки эрталаб қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда ҳаво қуруқ бўлиб, шамол сониясига 7–12 метр тезликда эсади. Ҳарорат тунлари -3 даража совуқдан +2 даража илиққача, кундузлари эса +10…+15 даража илиқ бўлади. Бухоро ва Навоийда ҳам об-ҳаво ўзгарувчан, лекин ёмғирсиз. Кундузги ҳарорат +12…+17 даража илиққача кўтарилади.
Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида 5 ноябр куни туман тушиши эҳтимоли бор. Кейинги кунларда ёмғир кутилмайди. Ҳарорат тунлари 0…+5 даража илиқ, айрим жойларда -2 даража совуққача пасайиши мумкин. Кундузи эса +10…+15 даража илиқ бўлади.
Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво қуруқ бўлиб, шамол шимолий-шарқдан сониясига 7–12 метр тезликда эсади. Кундузги ҳарорат 8 ноябрга қадар +20 даража илиққача етса, тунлари -2 даража совуққача тушиши мумкин.
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида 5 ноябр куни эрталаб ёмғир ёғиши мумкин, кейинчалик ҳаво очилиб, барқарорлашади. Ҳарорат тунлари 0…+5 даража илиқ, кундузи +10…+15 даража илиқ бўлади.
Республика тоғ ва тоғ олди ҳудудларида 5 ноябр куни қисқа муддатли қор ёғиши кутилмоқда. 6–8 ноябрда ёмғир ва қор ёғиши эҳтимоли паст. Ҳарорат кечаси -5…-10 даража совуқ, кундузи -2 даража совуқдан +7 даража илиққача бўлади.





