Logo

Ўзбекистонда илк пулли йўл қурилди. Президент уни синовдан ўтказди

Бугун 19:332 дақиқа

Президент Шавкат Мирзиёев 35 километрлик «Урганч – Хива» пулли автомобил йўли орқали Урганчга қайтди.

Ўзбекистонда илк пулли йўл қурилди. Президент уни синовдан ўтказди © Foto: president.uz

Бугун, 18 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотдан сўнг янги  «Урганч – Хива» пуллик автомобил йўли билан танишди ва ушбу йўл орқали пойтахт Тошкентга қайтди.

Йўлнинг асосий хусусиятлари


Урганч аэропорти ва Хива шаҳри ўртасидаги янги автомобил йўли аҳоли ва сайёҳлар учун хавфсиз, тезкор ва қулай ҳаракатланиш имкониятини яратишга қаратилган.

Лойиҳа доирасида 35 километр автомобиль йўли, 1 та ер ости туннели, 8 та йўл ўтказгич, 15 та кўприк ва 106 та сув ўтказиш иншооти барпо этилди.

Мавжуд йўл орқали Урганчдан Хивага етиб боришга 45-50 дақиқа вақт сарфланса, янги тўрт тасмали магистралда бу вақт 15-17 дақиқагача қисқаради. Йўл суткасига 30 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга.

Транспорт оқими ва тўловларни бошқариш сунъий интеллектга асосланган рақамли тизимлар орқали амалга оширилади. Енгил ва юк автомобиллари, шунингдек, автобуслардан тўлов транспорт воситасини тўхтатмаган ҳолда электрон шаклда ундирилади.

Йўл бўйида халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш ва сервис объектларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Йўл қопламасининг юқори қатламларида иссиқ иқлимга чидамли махсус модификацияланган битум аралашмасидан фойдаланилган. Қопламанинг умумий қалинлиги 87 сантиметрни ташкил этади.

Янги магистрал Урганч ва Хива ўртасидаги қатновларни янада тезлаштириш ва қулайлаштириш, сайёҳлар учун транспорт имкониятларини кенгайтириш ҳамда ҳудуднинг йўл инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Пуллик йўлларнинг ҳуқуқий асоси

Мамлакатда замонавий йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 5 август куни янги таҳрирдаги «Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонун қабул қилинган бўлиб, унда пуллик автомобил йўлларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилган эди.

Қонунчиликка кўра, бундай ҳолатларда ҳайдовчилар учун муқобил бепул йўл мавжуд бўлиши асосий шарт ҳисобланади.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи якунланди.

Теглар

Мавзуга оид