
Ўзбекистонда «Келажак мероси» халқаро мукофоти таъсис этилди
Халқаро мукофотнинг ҳар бир йўналиши бўйича ғолиблар статуэтка, диплом ва 10 минг доллар миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

3 ноябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Келажак мероси» номли халқаро мукофотни таъсис этиш тўғрисида қарор имзоланди.
Мукофот маҳаллий ва хорижий ижодкорлар, олимлар ҳамда зиёлиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маданият ва илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссасини эътироф этиш мақсадида жорий этилмоқда.
Ҳужжатга кўра, халқаро мукофот учун танловлар 2025 йилдан бошлаб ҳар йили қуйидаги йўналишларда ўтказилади: адабиёт, маданий мерос, театр ва кино, мусиқа ва рақс, тасвирий ва амалий санъат, мода ва дизайн, шунингдек илм-фан, таълим ҳамда рақамли технологиялар.
Ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар “Келажак мероси” статуэткаси, диплом ва 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади. Мукофотни топшириш маросими халқаро даражада ўтказилиши режалаштирилган.
Таъкидланишича, мазкур ташаббус нафақат миллий маданият ва илмий салоҳиятни рағбатлантириш, балки жаҳон миқёсидаги илғор ижодкорлар билан ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин ҳам Ўзбекистонда жадидчилик ҳаракати намояндаларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳамда театр ва кино арбоби Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотлар таъсис этилган эди.





