
Ўзбекистонда шахматчилар мусобақалардаги ғалабаси учун қанча пул мукофоти олади?
Ўзбекистонда халқаро шахмат мусобақаларининг ғолиб ва совриндорларига, шунингдек, уларнинг мураббийларига тўланадиган бир марталик пул мукофотлари миқдори мусобақалар даражаси ва турларига мувофиқ белгиланади.

Ўзбекистонда шахмат соҳасини ривожлантириш ва спортчиларни рағбатлантириш мақсадида халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган шахматчилар ҳамда уларнинг мураббийларига тўланадиган пул мукофотлари миқдори 2022 йил 5 августда имзоланган «Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ белгиланади.
Энг юқори мукофотлар Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси (катталар ўртасида) учун белгиланган. Олимпиадада олтин медаль соҳибига 2 000 БҲМ миқдорида пул мукофоти тўланади, мураббий эса 1 000 БҲМ олади. Кумуш учун мос равишда 1 000 ва 500 БҲМ, бронза учун эса 500 ва 250 БҲМ тақдим этилади. Бу мамлакатнинг мазкур нуфузли мусобақада юқори натижаларни янада кўпайтириш ниятини кўрсатади.
Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) таснифига кўра жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ғолиб чиққанлар учун ҳам рағбатлантириш тартиби аниқ белгиланган. Олтин медаль соҳиби 300 БҲМ, унинг мураббийи 150 БҲМ билан тақдирланади. Кумуш медаль учун 150 ва 75 БҲМ, бронза учун эса 75 ва 37,5 БҲМ миқдорида мукофот берилади.
Осиё миқёсидаги ФИДЕ мусобақаларидаги олтин медаль эгаси 70 БҲМ, мураббийи эса 35 БҲМ олади. Қолган медаллар учун мос равишда 35 ва 17,5 БҲМ, бронза учун 17,5 ва 8,75 БҲМ мукофот белгиланган.
Шунингдек, халқаро гроссмейстер спорт унвонини қўлга киритган шахматчига алоҳида рағбат сифатида 100 БҲМ миқдорида бир марталик тўлов амалга оширилади. Ушбу тартиб спортчиларга шахматни касбий даражада ривожлантириш ва халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қўшимча туртки бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, БҲМ ошганда мукофот пулларининг миқдори ҳам ошади. 2025 йил ноябр ҳолатида кўра, БҲМ 412 000 сўмни ташкил этади, бу шахмат олимпиадасида ғолиб чиққан шахматчилар 820 миллион сўмдан ортиқ мукофот пули олиши мумкинлигини англатади.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида бўлиб ўтган ФИДЕ Жаҳон Кубоги–2025 мусобақасини тарихий натижа билан якунлаган эди. Шахматчига БҲМнинг 300 бараваригача, яъни 123 миллион 600 сўм миқдорида мукофот пули ҳамда 3-хонали уй берилган эди.





