Logo

Ўзбекистондаги ломбардлар активлари бир ойда 8,4 млрд сўмга камайди

Йил давомида ломбард активлари 44 фоизга ошганига қарамай, сентябрь ойида қисқарди. Тўққиз ойда уларнинг мажбуриятлари 62 фоизга ошиб, 235,2 млрд сўмга етди.

Ўзбекистондаги ломбардлар активлари бир ойда 8,4 млрд сўмга камайди © Forbes

2025-йилнинг 1 октябрь ҳолатида ломбардларнинг жами активлари 669,9 млрд сўм бўлган. Шу йилнинг октябрига келиб эса бу кўрсаткич 965,3 млрд сўмга етган. Натижада бир йил ичида активлар 295,4 млрд сўмга ёки 44 фоизга ошган.

Ломбардларнинг соф кредитлари ҳажми ҳам кўпайган. Ўтган йилнинг 1 октябрида 549,2 млрд сўм бўлган соф кредитлар шу йилда 730,4 млрд сўмни ташкил этган. Яъни соф кредитлар ҳажми 33 фоизга ўсган.

Бироқ сўнгги бир ойда ломбардлар активлари камайган. 1 сентябрь ҳолатида 973,7 млрд сўм бўлган жами активлар октябрь ойига келиб, 965,3 млрд сўмга тушган. Яъни бир ойда 8,4 млрд сўмлик (0,9 фоиз) пасайиш қайд этилган.

Ломбардлар мажбуриятлари 62 фоизга ошди

2026-йилнинг 1-октябр ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги ломбардларнинг жами мажбуриятлари 235,2 млрд сўмни ташкил этган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 145,6 млрд сўм эди. Яъни шу даврда мажбуриятлар 89,6 млрд сўмга ёки 62 фоизга кўпайган.

Бу ўсишда банклардан жалб қилинган маблағлар ҳам катта ўрин тутади. Бир йил ичида ломбардларнинг банклардан олган маблағлари 110,5 млрд сўмдан 189,3 млрд сўмга етган. Бу 71 фоизлик ўсиш дегани.

Таққослаш учун, шу даврда ломбардларнинг жами активлари 44 фоизга, соф кредитлари эса 33 фоизга кўпайган. Шундай қилиб, мажбуриятлар активлар ва кредитлар ҳажмига нисбатан тезроқ ўсган.

«HURMA LOMBARD» энг катта активларга эга   

2026-йил 1-октябр ҳолатида активлари 2 млрд сўмдан ортиқ бўлган 70 та ломбард мавжуд. Уларнинг жами активлари 941,5 млрд сўмни ташкил этиб, соҳадаги умумий активларнинг қарийб 97,5 фоизига тенг.

Активлари 1 млрд сўмдан 2 млрд сўмгача бўлган 14 та ломбарднинг жами активлари 20,4 млрд сўмни ташкил этади. Яна 5 та ломбарднинг активлари 1 млрд сўмга ҳам етмаган. Уларнинг жами активлари 3,4 млрд сўмга тенг.

Ломбардлар орасида энг катта активлар «HURMA LOMBARD» ҳиссасига тўғри келади. 1-октябр ҳолатида компания бошқарувидаги мол-мулклар 165,9 млрд сўмга етган. Бу кейинги ўриндаги «HASHAMATLI CHINOR» кўрсаткичидан қарийб 2,4 баравар кўп.

 

Рейтингнинг кейинги ўринларидан «CHINARA BIZNES KREDIT»  63,6 млрд сўм билан, «MAXIMUM» эса 48,3 млрд сўм билан жой олган. Қуйида активлари ҳажми бўйича етакчи 10 та ломбард ва уларнинг сўнгги бир йилдаги ўзгариши келтирилган.

IMG_0149

Манба: Марказий банк

Бир йил ичида  «HURMA LOMBARD» активлари 68,2 млрд сўмдан 165,9 млрд сўмга, «ZOLOTO» активлари эса 12,5 млрд сўмдан 30,8 млрд сўмга етган. Яъни ҳар икки ломбарднинг активлари 2,4 баробардан кўпроқ кўпайган.

Бошқа йирик ломбардларда ҳам бу кўрсаткич ошган. Масалан, «JAYRON KREDIT» да 65 фоиз, «MAXIMUM» да 64 фоиз, «CHINARA BIZNES KREDIT» да 60 фоиз ўсиш қайд этилган. «SHOKIR INVEST» активлари эса бир йилда 19 фоизга ўсган.

Ломбардлар капитали бир йилда 205 млрд сўмга ошди

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026-йил 1-октябр ҳолатида ломбардларнинг жами капитали 730,2 млрд сўмни ташкил этган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 524,4 млрд сўм эди. Шу тариқа, капитал 205,8 млрд сўмга ёки 39 фоизга ошган.

Жами капитал таркибидаги устав капитали ҳам 44 фоизга кўпайиб, 227,2 млрд сўмга етган.

Капитал ҳажми бўйича ҳам «HURMA LOMBARD» 64,8 млрд сўм билан етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларда «HASHAMATLI CHINOR» (56,5 млрд сўм) ва «CHINARA BIZNES KREDIT» (43,5 млрд сўм) жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Ўзбекистондаги ломбардлар активлари 973,7 млрд сўмга етганди. Ўшанда ҳам активлар ҳажми бўйича «HURMA LOMBARD» 188 млрд сўм билан биринчи ўринни эгаллаган. «HASHAMATLI CHINOR»  67,3 млрд сўм, «CHINARA BIZNES KREDIT» эса 60,2 млрд сўм актив билан кейинги ўринлардан жой олган эди.

Теглар

Мавзуга оид