Logo

Ўзбекистоннинг микроқарз бозорига киришни режа қилаётган хориж банки, баёнот берган «Turonbank» ва лавозимига қайтган «Nvidia» раҳбари — 23-ноябр дайжести

Кеча 23:435 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистоннинг микроқарз бозорига киришни режа қилаётган хориж банки, баёнот берган «Turonbank» ва лавозимига қайтган «Nvidia» раҳбари — 23-ноябр дайжести © Kollaj

Ўзбекистонда 35 мингдан зиёд ер участкаси аукционга чиқарилди

Ўзбекистонда 1 млн 328 минг 234 та кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилиб, 885 минг 671 та кўчмас мулк объектининг кадастр паспорти шакллантирилди. «UZKAD» тизимида 42 млн 409 минг 355 гектар ер участкасининг электрон харитаси яратилган.

Шунингдек, соҳани рақамлаштириш жараёнида 8 млн 87 минг 712 та архив ҳужжати электрон шаклга ўтказилган ва давлат хизматларини кўрсатишда рад этиш ҳолатлари 2,1 баробарга камайган.

Саддам Ҳусайннинг самолёти сотувга қўйилди

​Ироқ 1991-йилда Форс кўрфазидаги иккинчи урушдан сақлаб қолиш учун Тунисга олиб чиқилган ва шундан бери у ерда қолиб кетган иккита «Boeing 747» самолётини 1,8 миллион АҚШ долларига сотишга қарор қилди. Улардан бири бир пайтлар Ироқнинг собиқ давлат раҳбари Саддам Ҳусайннинг борти бўлган.

Сотувга қўйилган асосий самолёт — 1982 йилда ишлаб чиқарилган ва дастлаб ҳукумат самолёти сифатида жиҳозланган «Boeing 747SP» (рўйхат рақами YI-ALM) ҳаво кемасидир. «Ал-Қодисия» деб номланган ушбу борт ичида апартаментлар, конференц-зал ва ухлаш учун мўлжалланган ўриндиқли салон мавжуд.

Ўзбекистонда «MUNIS» клиринг тизими орқали тўловлар сони 63 фоизга ошди

2026-йил октябр ойида тижорат банклари «MUNIS» клиринг тизими орқали жами 22,7 млн та тўловни қабул қилган. Уларнинг умумий қиймати 14,5 трлн сўмни ташкил этган. Тўловлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 63,1 фоизга ошган бўлса-да, уларнинг умумий суммаси 3,4 фоизга камайган. Хусусан, 2025-йилнинг октябр ойида тизим орқали 13,9 млн та, қиймати 15 трлн сўмлик тўлов ўтказилган. 2026-йил октябрда «MUNIS» орқали қабул қилинган тўловлар сони бўйича «Aloqabank» биринчи ўринни эгаллаган. Банк 10 млн 53 мингта тўловни қабул қилган. Бу тизимдаги жами тўловларнинг қарийб 44 фоизини ташкил этади.

Солиқ қўмитаси Telegram’даги сохта кешбэк каналларидан огоҳлантирди

Солиқ қўмитасининг киберхавфсизлик хизмати Telegram’да қўмита номидан иш юритаётган очиқ ва ёпиқ гуруҳлар, каналлар ҳамда ботларни аниқлади. Фирибгарлар айрим фойдаланувчиларни пул эвазига ижара шартномаларини расмийлаштиришга ундаган. Улар «кешбэк орқали пул ишлаш»ни ваъда қилиб, одамлардан гуруҳга янги аъзоларни ҳам таклиф қилишларини сўраган. Шу каналлар орқали Солиқ қўмитаси номидан хабарлар ва хавфли иловалар ҳам тарқатилган.

ХВЖ Қозоғистонда инфляция хавфи туфайли базавий ставкани оширишни тавсия қилди

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) инфляция билан боғлиқ хавфлар сақланиб қолаётгани сабабли Қозоғистон Миллий банкига базавий ставкани ошириш масаласини кўриб чиқишни тавсия қилди. Бу тавсия 2026-йилда базавий ставка тўрт марта пасайтирилиб, 18 фоиздан 15,75 фоизга туширилганидан кейин берилди.

Қозоғистонда йиллик инфляция даражаси октябр ойида 9,2 фоизгача пасайди. Бироқ бу кўрсаткич Миллий банк белгилаган 5 фоизлик мақсадли даражадан деярли икки баравар юқори. ХВЖнинг таъкидлашича, инфляция мақсадли кўрсаткичга яқинлашмагунча Миллий банк қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттириши керак.

«Turonbank» раҳбари қўлга олингани ортидан банк баёнот берди

«Turonbank» бошқарув раиси қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шу муносабат билан банк матбуот хизмати ва кузатув кенгаши баёнот берди.

Айтилишича, банк ўз фаолиятини белгиланган тартибда давом эттирмоқда. Банк хизматлари марказлари, офислар ва рақамли платформалар орқали мижозларга хизмат кўрсатиш давом этмоқда. Банкнинг омонатчилар, мижозлар, инвесторлар ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлари ўз кучида қолади.

Банк ўз фаолиятини корпоратив бошқарув, ички назорат тизими ва амалдаги қонунчилик асосида юритаётганини маълум қилди. Мижозлар саволлари бўйича 1220 қисқа рақами ёки банкнинг расмий ахборот каналлари орқали мурожаат қилишлари мумкин.

Банк иловалари, пешлавҳалар ва йўл белгилари янги алифбога ўтказилади

2027-йилдан банк иловалари, банкоматлар, пешлавҳалар, йўл белгилари, аэропорт ва вокзаллардаги ахборотлар такомиллаштирилган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтказилиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, электрон ҳисоботлар, расмий бланкалар, билдиришномалар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам мослаштирилади.

Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга юк ташиш ҳажми беш йилда 53 баробар ошди

Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга ташилаётган юк ҳажми 2020-йилдаги 33,7 минг тоннадан 2025-йилда 1,8 миллион тоннага етди. Бу беш йил ичида қарийб 53 баробар ўсишни англатади. Ҳозирда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон транспорт йўлаги темирйўл ва автомобил транспортини бирлаштиради. ЕТБ тадқиқотига кўра, юклар дастлаб Хитой ҳудуди бўйлаб поездларда ташилади. Кейин эса Қирғизистон орқали Ўзбекистонга етказиш учун юк машиналарига ортилади.ЕТБ маълумотларига кўра, Хитой ва Марказий Осиё ўртасида автомобил транспорти орқали юк ташиш темирйўл транспортига нисбатан тезроқ ўсмоқда. Банк бунинг учта асосий сабабини келтирган.

Женсен Хуанг қайтди

Американинг «Nvidia» технология компанияси директорлар кенгаши Женсен Хуангни бош директор лавозимига қайтариш ҳақида бир овоздан қарор қабул қилди.

Компания баёнотига кўра, директорлар кенгаши бир неча учрашув ўтказганидан сўнг Хуангни лавозимига қайтаришга қарор қилган. Кенгаш аъзолари унинг очиқлиги ва раҳбарлик қобилиятига ишонч ҳосил қилган. Шу тариқа, Хуанг президент, бош директор ва директорлар кенгаши аъзоси лавозимларига дарҳол қайтарилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида директорлар кенгашининг қарорини «жуда тўғри» деб атади. Унинг айтишича, АҚШ учун корпорация раҳбари лавозимида Ҳуанг бўлиши керак ва бу миллий хавфсизликка ҳеч қандай таҳдид солмайди.

Мўғулистон банки Ўзбекистоннинг микроқарз бозорига кирмоқчи

Мўғулистондаги «Bogd Bank» Ўзбекистон бозорида микроқарз хизматларини таклиф этиш имкониятларини ўрганмоқда. Банкнинг бош компанияси «Bogd FT Limited» тақдим этган ҳужжатда қайд этилишича, компания хорижий бозорлардаги фаолиятини кенгайтириш учун Марказий Осиёга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон рақамли кредитлаш хизматларини йўлга қўйиш мумкин бўлган истиқболли йўналишлар сифатида кўрилмоқда.

Банк мазкур мамлакатларда анъанавий филиаллар очиш ўрнига, мижозларга интернет орқали микроқарз ва истеъмол кредитларини тақдим этиш моделини кўриб чиқяпти. Бунда кредит олиш учун аризалар онлайн тарзда қабул қилинади, қарз олувчиларнинг тўлов қобилияти автоматлаштирилган тизимлар ёрдамида баҳоланади. Шунингдек, хизматларни маҳаллий ҳамкорлар билан биргаликда ривожлантириш режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид