Logo

«Ўзбекистоннинг ёпиқ сиёсати қўшниларга фойда келтирмаган» — иқтисодчи Асқар Акаевга раддия берди

Миркомил Холбоев бир давлатнинг иқтисодий изоляцияси минтақанинг бошқа давлатларига устунлик бермаслигини, аксинча, уларни ҳам камбағаллаштиришини рақамларни солиштирган ҳолда тушунтириб берди.

«Ўзбекистоннинг ёпиқ сиёсати қўшниларга фойда келтирмаган» — иқтисодчи Асқар Акаевга раддия берди © Видеодан кадр

Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Акаевнинг Ўзбекистоннинг ёпиқ сиёсати қўшни давлатларга фойда келтиргани ҳақидаги даъволари ҳақиқатга тўғри келмайди ва бу жараён бутун минтақа учун зарарли бўлган. Бу ҳақда иқтисодчи Миркомил Холбоев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида таҳлил қилди.

Асқар Акаев: «Ислом Каримовга Қирғизистонда ҳайкал ўрнатган бўлардим»

Қирғизистоннинг собиқ президенти подкастлардан бирида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳақида фикр билдирди.

Унинг фикрича, агар Ўзбекистон ўша пайтда ҳам ҳозиргидек ташқи дунёга очиқ иқтисодий сиёсат юритганида, қирғиз тадбиркорлари ўзбек бизнеси билан рақобат қилиш имконига эга бўлмас эди.

«Чунки менинг назаримда бозор иқтисодиётига ўтишимиз билан ўзбек биродарлар бутун Марказий Осиёни эгаллаб, бошқарадигандек эди. Сабаби улар Совет давридаёқ бунга тайёр эди. Аммо биз барчамиз Ислом Каримовдан миннатдор бўлишимиз керак. У киши ўзбекларни Ўзбекистонда дунёдан ажратиб қўйди. Шу билан у қирғиз ва қозоқларга имконият яратиб берди. Мен шу учун Қирғизистонда Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатган бўлардим. У бизга йўл очиб бергани учун қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштириб олди. Агар Ислом Каримов мана ҳозир Мирзиёев каби Ўзбекистонни бутун дунёга очганда эди, биз улар билан рақобатлаша олмас эдик», - деганди Акаев.

Миркомил Холбоев таҳлили

Мутахассисга кўра, Ўзбекистоннинг дунёга ёпилиши мамлакат аҳолисини камбағалроқ қилгани рост бўлса-да, бу ҳолат Қозоғистон ёки Қирғизистонга фойда бермаган. Иқтисодий қонуниятларга асосан, савдодаги нисбий устунлик сабабли бир давлатнинг бойиши иккинчисини камбағал қилиб қўймайди.

«Бу фикрлар бир томонлама тўғрилиги шубҳасиз, яъни Ўзбекистоннинг қўшнилар ва дунёга ёпилиши амалда ўзбекистонликларни камбағалроқ қилди. Яъни агар очиқроқ иқтисодий сиёсат юритганимизда, бугун ўртача даромадимиз ҳозиргидан кўпроқ бўлар эди. Лекин Ўзбекистоннинг ёпилиши Қозоғистон ёки Қирғизистонга фойда берган акс ҳолда бу давлатлар Ўзбекистон билан рақобат қилолмасди деган фикр тўғри эмас. Мамлакатлар ўртасидаги савдода бир давлатнинг бойиши, иккинчи давлатни албатта камбағалроқ қилиб қўймайди. Чунки савдони юзага келтирадиган асосий куч бу нисбий устунлик, Яъни Ўзбекистон ҳамма нарсани Қирғизистондан арзонроқ ишлаб чиқарган тақдирда ҳам Ўзбекистон билан савдо қилиш Қирғизистонга фойда олиб келади», - дея тушунтирмоқда Холбоев.

У асос қилиб келтирилган маълумотларга кўра, 1996-2016 йилларда Қирғизистонда ўртача реал иқтисодий ўсиш 4,6 фоизни ташкил этган. Жон бошига номинал даромадлар эса йилига ўртача 5,3 фоизга ўсган. 2017 йилдан кейинги даврда Ўзбекистоннинг дунёга очилиши Қирғизистони рақобатда ютиб улардаги ўсишни пасайтириб қўймаган. Масалан, 2017 йилдан кейин Қирғизистонда ўртача реал иқтисодий ўсиш 7,4 фоизгача, жон бошига номинал даромадларнинг ўсиши эса 11,4 фоизгача тезлашган.

«Таъкидлаш керакки, бу давр ўз навбатида ўсишга салбий таъсир қилган пандемия билан бирга минтақамизга ижобий (айниқса Қирғизистонга) таъсир қилган геосиёсий кескинликларни ҳам ўз ичига олади. Яъни ўсиш тезлашишининг қанчадир қисми айни шу минтақавий қулай шарт- шароитлар билан изоҳланади. Ўзбекистоннинг савдо ва одамлар ҳаракатини қўшнилар билан юмшатиши, Қирғизистонга зарар етказганда бу зарар қайсидир жабҳада кўринаётган бўлиши керак эди. Ёки худди шундай Ўзбекистоннинг очилиши Ўзбекистоннинг ўзига зарар етказганда бу одамлар ҳаётида ёки иқтисодий ўсишда сезилиши керак эди. Лекин биз ҳар икки давлатда ҳам умуман тескари тенденцияни кўряпмиз», - дея ёзди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, савдо умуман давлатлар ўртасидаги қўшничилик алоқалари шундай ишлайдики, унда бир давлатнинг ёпилиши ёки ўсишишининг секинлашиши иккинчи давлатга фойда келтирмайди балки зарарига ишлайди. Қўшниларнинг бир-бирига чегараларни очиши эса икки давлатда ҳам ўсишни тезлаштиради. Агар мустақилликдан кейинги даврда Ўзбекистон дунёга «ёпилмаганида» катта эҳтимол Ўзбекистон каби Қирғизистон ҳам ҳозиргидан бойроқ бўлиши мумкин эди.

Холбоевнинг таъкидлашича, агар Акаевнинг гапи фақат савдо эмас, балки инвестиция ёки логистика масалаларига қаратилган бўлса ҳам, Ўзбекистоннинг ёпилишидан бутун минтақа ютқазган.

«Яъни минтақа мустақилликдан кейин худди ҳозиргидек интеграциялашганда, Қирғизистон кичикроқ пирогнинг каттароқ улуши эмас балки каттароқ пирогдан улушга эга бўларди. Бу эса кичикроқ пирогдаги улушдан табиийки йирикроқ бўлар эди. Агар қўшнингиз ва асосий ҳамкорингиз дунёга ёпилса, билингки бу сиз учун яхши янгилик эмас. Чунки қўшнингизнинг ёпилиши сизни ҳам камбағалроқ қилади», - дея хулоса қилган мутахассис.

Теглар

Мавзуга оид