«Ўзбекнефтгаз» йил якунигача бензин ишлаб чиқаришни 1,1 млн тоннага етказмоқчи
Компания қиш мавсумида аҳолини бензин билан узлуксиз таъминлаш ва эҳтимолий тақчилликнинг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди.
© Foto: Тасс«Ўзбекнефтгаз» йил якунигача бензин ишлаб чиқариш ҳажмини 1,1 млн тоннага етказишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.
Маълумотларга кўра, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида йил бошидан буён 916,1 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган. Бу режанинг 101 фоизини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичга нисбатан 1 фоизга кўп. Айни пайтда завод суткасига ўртача 3,2–3,4 минг тонна бензин ишлаб чиқармоқда. Ноябр ойида 103,3 минг тонна, декабрда эса 123,1 минг тонна бензин ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Қиш мавсумида ички бозорни барқарор таъминлаш мақсадида завод ва тизимдаги нефт базаларида жами 102 минг тонна бензин захираси шакллантирилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 минг тоннага кўп бўлиб, икки ойлик истеъмолни қоплаш имконини беради.
Биржа савдолари, импорт ва нархлар
Ҳозирда биржа савдоларига кунига 4,6 минг тонна бензин, жумладан, 4,3 минг тонна АИ-92 жойлаштирилмоқда. Компания талаб ошган тақдирда биржага чиқариладиган бензин ҳажмини кунига 8 минг тоннагача, зарурат бўлса, 10 минг тоннагача ошириш имкониятига эга эканини билдирди.
Шунингдек, биржа савдоларига чиқарилаётган бензиннинг бошланғич нархи апрель ойидан буён ўзгармагани, 1 тонна бензин 14 млн сўмдан таклиф қилинаётгани маълум қилинди.
«Ўзбекнефтгаз» хусусий импортчилар томонидан бензин олиб кириш ҳажми июнь ойидан кескин камайганини қайд этди. Октябрда импорт ҳисобига ички бозорга 5,5 минг тонна бензин етказиб берилган. Талабни қондириш ва эҳтимолий тақчилликнинг олдини олиш учун тайёр бензин импорти ҳам кўриб чиқилмоқда.
Компания метан қуйиш шохобчаларига қишки чекловлар киритилиши ҳақидаги тасдиқланмаган хабарлар айрим ёқилғи қуйиш шохобчаларининг олдиндан кўпроқ бензин харид қилишига сабаб бўлаётганини таъкидлади. Бу эса биржа савдоларида талаб ва нархларнинг ошишига таъсир қилиши мумкин.





