Logo

Президентнинг «ядро чамадони»

Кеча 20:4912 дақиқа

АҚШ, Россия ва Хитой раҳбарлари тарихда илк бор бир стол атрофида учрашди. Россия президенти Владимир Путин Хитойга ўзи билан «ядро чамадони»ни олиб борди. Унинг ичида нима бор ва у нимага керак? Чамадонни ким олиб юради ва олдин ҳеч ишлатилганми? Бу галги видеода шу ҳақда сўз боради.

Путин ва Трамп Хитойга борди. Америка президентини шахсан ўзи кутиб олган Си Цзинпин Путинга бундай мулозамат кўрсатмади. Путиннинг Хитойга ташрифи чоғида унинг «ядро чамадони» кўзга ташланди. Уни давлат раҳбари ортидан ким олиб юради, у нима учун керак ва ичида нима бор? Катта учликнинг учрашуви Ялта 2 бўла олдими? Эрдоған ислом оламини Исроилга қарши бирлашишга чақирди. Бу галги видеода шу ва бошқа воқеалар ҳақида сўз юритамиз.

Ялта 2 бўлмади

Сталин, Рузвелт ва Черчилл. 1945-йил, Ялта конференцияси. Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган пайтда ўтказилган бу учрашув урушдан кейинги дунё тартибини белгилаш ва иттифоқчиларнинг якуний ҳарбий режаларини келишиб олишга бағишланганда. Аниқроғи, ўша йилнинг 4–11-феврал кунлари Қримдаги Ялта шаҳрида (Ливадия саройида) СССР раҳбари Иосиф Сталин, АҚШ президенти Франклин Рузвелт ва Британия бош вазири Уинстон Черчил иштирокида ўтказилган уруш давридаги бу муҳим халқаро учрашувда Германияни оккупация зоналарига бўлиш ва БМТни тузиш режаларини келишиб олганди. 2026-йил Шэньчжэндаги саммит, айримлар саммитни 1945-йилги Ялта конференциясига қиёслади.

18-ноябрь куни Хитойнинг Шэнчжэн шаҳрига дастлаб Россия президенти Владимир Путин етиб борди. Аммо Трампдан олдин борган бўлса-да, Си Цзиньпин уни кутиб олишга чиқмади. Путинни аэропортда Хитой Коммунистик партияси котибияти котиби Цай Ци кутиб олди. У Хитой сиёсий иерархиясида бешинчи ўринда турадиган шахс.

Бироз ўтиб АҚШ президенти Дональд Трампнинг самолёти ҳам қўнди. Уни кутиб олиш учун эса Хитой раҳбари Си Цзиньпин шахсан ўзи рафиқаси билан бирга аэропортга чиқди. Бу эса Хитойдаги дипломатик протокол қоидаларига зид ҳолат сифатида баҳоланди.

Уч давлат раҳбарлари Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммити доирасида учрашди. Ташриф доирасидаги асосий уч томонлама учрашув эса 19-ноябрь куни бўлиб ўтди. АҚШ, Хитой ва Россия раҳбарлари тарихда илк бор бир стол атрофида учрашди. Учрашувга қадар унинг санаси ва жойи Вашингтон, Пекин ва Москвада ҳам расман тасдиқланганди, аммо формати тўлиқ очиқланмаганди.

Ялтадаги каби бугун ҳам учта йирик давлат бошқаларга дахлдор масалаларни уларсиз муҳокама қилди. Украина президенти Зеленский октябрда учрашув таъсир доираларини қайта тақсимлайдиган «Ялта-2, 3, 4»га айланмаслиги кераклигини айтганди. Ушаков ҳам, Мао Нин ҳам уч давлатнинг Иккинчи жаҳон урушидаги иттифоқчилиги ва БМТ асосчилари эканини эслатган. Фарқлар эса жиддийроқ. Ялтада ғалаба арафасидаги иттифоқчилар ўз қўшинлари эгаллаган ҳудудлар тақдирини ҳал қилган. Хитой эса савдо, технология ва санкциялар сабабли ўзаро зиддиятда бўлган, Кремль вакили Дмитрий Песков ҳам қиёсни «сиёсатшуносларнинг ўйини» деб атаб, бошқа давлатларга ҳеч қандай қарор мажбуран қабул қилдирилмаслигини таъкидлади.

18-ноябрь – Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитининг илк кунида Россия ва Хитой етакчилари минтақа ишбилармонлари олдида кетма-кет нутқ сўзлади. Хитой раиси Си Цзиньпин бугунги дунёни «ўзгарувчан ва нотинч» деб таърифлади ҳамда бир томонламалик ва протекционизм авж олганини айтди.

У Жаҳон савдо ташкилотига таянган кўп томонлама савдо тизимини ҳимоя қилишга чақирди. Си Цзиньпин Хитой божларни пасайтириши ва бозорини кенгроқ очишини ваъда қилди, бироқ нутқида АҚШни тилга олмади. Бу сўзлар Вашингтон Хитойга илғор сунъий интеллект чиплари етказиб беришга янги чекловлар эълон қилганидан кейин янгради. Трамп Хитой раҳбарининг нутқини тинглаётган вақтда кўзларини юмган ҳолда ўтирди. Америка президенти ухлаб қолган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинди. Видеода Оқ уй раҳбарининг бошини эгиб, кўзларини юмган ҳолда ўтирганини кўриш мумкин.

Ушбу видео ижтимоий тармоқларда тез тарқалиб, фойдаланувчиларнинг эътиборини тортди. Хусусан, Икс ижтимоий тармоғидаги аккаунтлардан бирида АҚШ президенти «Уйқучи Донни» деб аталди. Қизиғи шундаки, Трамп аввалроқ собиқ президент Жо Байденни ҳам шу ном билан танқид қилган эди. Видео Калифорния губернатори Гэвин Ньюсомнинг ҳам эътиборини тортди. Унинг матбуот хизмати роликни Икс ижтимоий тармоғида «Дунё унинг устидан кулмоқда» деган изоҳ билан эълон қилди.

Россия президенти Владимир Путин Сидан кейин сўзга чиқиб, «собиқ гегемонлар» муваффақиятга эришаётганларнинг ривожланишини жиловлашга уринаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, санкциялар, божлар, экспорт чекловлари ҳали ҳам тийиб турувчи таъсирга эга, аммо ўсишни бутунлай тўхтатишга, айниқса рақиблар иқтисодиётини янчиб ташлашга улар энди қодир эмас».

Путин бунга ўз мамлакатини мисол қилди. Унинг сўзларига кўра, Россия ўзига қарши жорий этилган жазо чоралари сони бўйича «жаҳон рекордчиси» бўлган, аммо синовлардан муносиб ўтган. Санкция жорий этган Европа Иттифоқи эса «саноат салоҳиятини йўқотяпти». Россия раҳбари экспорт тўловларида доллар ва евронинг улуши 2021-йилдаги 85 фоиздан 9 фоизга тушганини ҳам айтди.

«Биз доллардан ҳам, евродан ҳам воз кечмаганмиз, бу валюталардан фойдаланишни бизга рад этишди. Очиғини айтганда, буни қилганлар ўзларини ўзлари жазолади», — деди у.

Нутқлардан сўнг икки етакчи алоҳида учрашиб, икки давлат яқинлигини намойиш этди. Кремль маълумотига кўра, музокаралар ишчи нонушта форматида давом этган. Си Цзиньпин Путинни «азиз дўстим» деб атаб, бу уларнинг жорий йилдаги учинчи юзма-юз учрашуви эканини айтди. Хитой раҳбарининг айтишича, «Хитой-Россия муносабатлари дунёдаги ҳар қандай машаққатда тоғдек қимирламас бўлиб келган ва шундай қолмоқда». У икки давлатни кўп қутбли дунёни шакллантириш ва халқаро муносабатларни демократлаштиришга ҳисса қўшишга чақирди.

Путин бунга жавобан Шэньчжэньни «Хитой фаровонлиги рамзи» деб атади ва Сининг ўзи яхши кўрадиган икки давлат «орқама-орқа туриб» ишлайди иборасини қўллади. Унинг айтишича, ўзаро савдо айланмаси бир неча йилдан бери 200 миллиард доллардан анча юқори. Визасиз режим жорий этилгач, сайёҳлар оқими 43 фоизга ошган. Шу кунларда АҚШнинг 46-президенти Жо Байден «Менга ваъда бер, Америка» (Promise Me, America) номли мемуарларини чиқармоқда. Байден жаҳон етакчилари билан учрашувлари ҳақидаги хотираларида Путиннинг «жиззаки ва инжиқ» оҳангини тасвирлайди ҳамда учрашувлар пайтида «ўзини ўсмирдек бефарқ қилиб кўрсатиб, креслода ястаниб ўтиришни ёқтириши»ни ёзди.

Саммит уч давлатнинг ҳар бири ўз чекловлари билан келган пайтда бўлиб ўтди. АҚШ ва Россия ўртасидаги ядро қуролларини чекловчи сўнгги шартнома — 2026-йил февралда ўз кучини йўқотди. Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (СИПРИ) ҳисобига кўра, Хитойда 620 га яқин ядро каллаги бор, АҚШ ва Россиянинг ҳар бирида эса бу кўрсаткич 5 мингдан ошади. Вашингтон янги келишувга Хитойни ҳам қўшмоқчи, аммо америкалик расмийларнинг ўзи бу учрашувдан битим кутмаётганини айтган.

Россия президенти Владимир Путин, АҚШ раҳбари Дональд Трамп ва Хитой раиси Си Цзиньпин 19-ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтаётган АТЭС саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Давлат етакчилари асосан иқтисодий ютуқлар, сунъий интеллект ва ҳамкорлик масалаларига тўхталди.

Путин ўз нутқи чоғида Россия «дунёнинг етакчи иқтисодиётлари қаторига кириши», туб иқтисодий ислоҳотларни давом эттираётгани ва дунёга очиқ қолишга интилаётганини айтди. У сўнгги уч йил ичида Россия ялпи ички маҳсулоти реал ҳисобда 10 фоиздан кўпроққа ўсганини таъкидлади. Сиёсатчи Осиё-Тинч океани минтақаси билан ҳамкорликни Россиянинг стратегик йўналиши деб атади. Шунингдек, Москва маълумотларни ҳимоя қилиш шартлари асосида сунъий интеллект технологияларини баҳам кўришга тайёрлиги, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмасига аъзо мамлакатлар билан товар айирбошлаш ҳажми эса 60 фоизга ошганини маълум қилди.

Трамп ҳам АҚШнинг иқтисодий ютуқларига тўхталди. Бунга солиқларнинг пасайтирилиши, иқтисодиётнинг тартибга солиниши ва 20 дан ортиқ савдо битимларининг тузилиши ёрдам берганини айтди. У АҚШ аллақачон бир неча давлатлар билан янги келишувлар устида иш олиб бораётганини маълум қилди. Шунингдек, Путин ва Си билан бўлажак музокаралар ҳақида алоҳида фикр билдирди:

«Мен бугун ҳар учала мамлакат учун янги имкониятларни муҳокама қилиш мақсадида раис Си ва президент Путин билан бўлиб ўтадиган уч томонлама тарихий учрашувни интиқлик билан кутмоқдаман», — деди АҚШ президенти.

Трамп, шунингдек, АҚШ сунъий интеллект моделлари ривожланишини «назорат қилиш ёки тўхтатишга қаратилган глобал тартиб»га қаршилигини таъкидлади. У бу технологияни америкаликлар ихтиро қилгани ва уни қадрлаш кераклигини билдирди.

Си Цзиньпин, ўз навбатида, Хитой Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги доирасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун 20 миллион доллар ажратишини маълум қилди. Шунингдек, минтақа мамлакатларини умумий инновацион экотизим яратиш ва сунъий интеллектни ривожлантиришга чақирди.

Трамп, Си ва Путин Тинчлик декларациясини қабул қилди. Уч давлат раҳбарлари ҳозирги халқаро вазият юзасидан атрофлича фикр алмашди ҳамда стратегик барқарорлик ва халқаро хавфсизликни сақлашга содиқлигини билдирди. Президентлар ядровий урушда ғолиблар бўлиши мумкин эмаслиги ва у ҳеч қачон бошланмаслиги кераклигини тасдиқлади. Уч мамлакат ядровий хатарларни камайтириш ва ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш бўйича мулоқот олиб боради. Таҳлилчиларга кўра, декларацияда нима борлигидан кўра, унда нима йўқлиги кўпроқ эътибор тортди. Ҳужжатда Украина умуман тилга олинмаган. Лекин Трамп бу мавзуни Си билан ҳам, Путин билан ҳам, уч томонлама учрашув бошида ҳам кўтарганди. Ҳар уч етакчи саммитдан ўзига яраша фойда олди. Си икки йирик ядровий давлат раҳбарини йиғиш обрўсига эга бўлди ва Пекин учун оғир мажбурият олмади. Путин эса Трамп ва Си билан тенг мақомда кўринди. Трамп ташриф муваффақиятини кўпроқ ўзига кўрсатилган дабдабали қабул билан ўлчамоқда.

«Ядро чамадони»

Путиннинг Хитойга ташрифи чоғида унинг «ядро чамадони» кўзга ташланди. Уни давлат раҳбари ортидан ким олиб юради, у нима учун керак ва ичида нима бор?

Журналист Евгений Попов Шэньчжэндаги саммит давомида ўзига хос кейсга эътибор қаратди. Уни Россия президентининг зобитларидан бири олиб юрган эди. Журналист ундан қўлидаги «ядровий чамадон» эканини тасдиқлашни сўради. Россия президентининг ортидан унинг «ядровий чамадони»ни айнан ким олиб юриши ошкор этилмайди. Қатор ОАВларнинг ёзишича, ушбу қурилмаларни Стратегик мақсадли ракета қўшинлари Марказий қўмондонлик пункти офицерлари таркибидан шакллантириладиган махфий «К» хизмати офицерлари олиб юради. Россия олий раҳбариятида жами учта «ядровий чамадон» мавжуд: олий бош қўмондонда (Россия президентида), мудофаа вазирида ва Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғида.

Бунда айнан президент қурилмаси асосий рол ўйнайди. Барча учта «ядровий чамадон» учун захира қурилмалар ҳам мавжуд.

Айримлар Россия президенти Владимир Путин Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳридаги АТЭС саммитига олиб борган «ядро чамадони» мамлакат ҳарбий қудратини намойиш этиш воситасига айланган бўлиши мумкинлигини айтди. Бундай қурилманинг пайдо бўлиши халқаро кескинлик фонидаги дипломатик сигналнинг бир қисми саналади. Катта эҳтимол билан, АТЭС саммитида «ядровий чамадон»нинг пайдо бўлиши — бу муайян процессуал элементдир. Одатда Россия президенти ядровий тугмадан ажралмайди ва «Х соати» келган тақдирда якуний қарор унга тегишли бўлади. Одатда бу чамадонни унчалик кўз-кўз қилмасликка ҳаракат қилишади. Лекин, эҳтимол, бу ерда бу мавзуни «ҳамкорлар» Россиянинг ядровий мақомини эслашлари учун атайлаб кўтаришгандир.

«Ядро чамадони» қандай ясалган, унинг ичида нима бор?

«Ядровий чамадон»нинг аниқ тузилиши қатъий сир сақланади. У «Казбек» ёки «Кавказ-7» номи билан танилган стратегик ядровий кучларни автоматлаштирилган бошқариш тизимининг кўчма абонент терминали ҳисобланади. Чамадон ўлчами 30 га 40 см ва қалинлиги тахминан 10 см бўлган қора кейс кўринишида. У шифрли қулфи билан бирга тахминан 10 кг тош босади. Дастлаб СССРда бундай кейслар қатъий равишда маҳаллий материаллардан тайёрланган, бироқ кейинчалик бу талаблар олиб ташланган. Масалан, Россиянинг биринчи президенти Борис Ельциннинг кейси «Самсонайт» фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган.

«Чегет» тизимининг абонент терминали конференц-алоқага эга телефон аппарати ҳисобланади. Аслида у ерда ҳеч қандай «қизил тугма» йўқ. Кейс ичида шифрланган алоқа тизими жойлашган бўлиб, у сунъий йўлдош орқали Бош штабдаги бошқарув қўмондонлик пункти ва захира пунктлари билан боғланиш ҳамда зарурат туғилганда ядровий зарба бериш тўғрисида буйруқ юбориш имконини беради.

«Ядро чамадони» қачондир қўлланганми?

СССР Қуролли кучлари Бош штаби муҳандисларга 1970-йилларда ядро қуролини марказлашган ҳолда бошқариш тизимини ишлаб чиқиш бўйича тактик-техник топшириқ берган. Ўша пайтда Пентагон Европада энг янги Першинг 1а ва Першинг II туридаги ракеталарнинг бир нечта батареяларини ишлаб чиққан ва жойлаштирган. Натижада уларнинг Совет Иттифоқи ҳудудигача учиб бориш вақти 14 дақиқадан 7 дақиқагача қисқарган.

«Ядровий чамадон» яратувчиларидан ҳимояланган алоқа тизимининг барча зарур элементларини кичик корпус ичига жойлаштириш талаб этилган. Бунда бошқарувни максимал даражада соддалаштириш зарур эди: тақдирни ҳал қилувчи қарор қабул қилиниши керак бўлган «Х лаҳзаси»да давлат раҳбари ёки қуролли кучлар қўмондони кучли стресс ҳолатида бўлиши мумкин. У барча зарур ҳаракатларни бажаришга ва буйруқ беришга қодир бўлиши керак.

Бундай чамадонлар тизими қандай ишлаши ҳақидаги маълумот давлат сири ҳисобланади. Тахминларга кўра, эгаси фақат ўзига маълум бўлган шифрни киритиши керак, бу эса ракеталарни учириш имкониятини блокдан чиқаради. Агар керакли буйруқ келиб тушмаса, Россияда «Ўлик қўл» номи билан танилган автоматик жавоб зарбаси тизими мавжуд.

Россия тарихида «ядровий чамадон» жанговар режимга ўтказилган ягона ҳолат 1995-йил 25-январда содир бўлган. Норвегиядаги полигондан тадқиқот ракетаси учирилган ва у янглиш тарзда Американинг «Трайдент» баллистик ракетаси сифатида аниқланган. Мудофаа вазири Павел Грачёв ва Бош штаб бошлиғи Михаил Колесников билан боғланган президент Ельцин «ядровий чамадон»ни ишга туширган. Тез орада вазиятни юмшатишга муваффақ бўлишган ва бекор қилиш сигнали узатилган.

Эрдоған ислом оламига мурожаат қилди

Эрдоған ислом давлатларини Ғазодаги фалокатга жим қараб турмасликка чақирди. У Ғазо секторида давом этаётган ҳужумлар фонида мусулмон жамоатчилиги Исроилга босимни кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириши зарурлигини урғулади. 18-ноябрь куни Эрдоған Адолат ва тараққиёт партиясининг парламент фракцияси йиғилишида сўзга чиқиб, қиргинлар, мақсадли қотилликлар, камситиш, яккалаб қўйиш, атайлаб очликка маҳкум этиш ва бошқа кўплаб жиноятлар Исроил раҳбарияти дунёдаги энг йирик концентрацион лагерга айлантирган Ғазода бутун дунё кўз ўнгида деярли ҳар куни содир этилишда давом этаётганини таъкидлади.

Туркия етакчиси дунё эски тартиб қулаб, аммо унинг ўрнига нима келишини ҳеч ким билмайдиган оғриқли жараённи бошдан кечираётганига эътибор қаратган.

«Парда ортида оммавий ахборот воситалари ва телеэкранларда акс эттирилаётганидан кўра анча шафқатсиз ва вайронкор рақобат авж олмоқда. Россия ва Украина ўртасидаги уруш давом этмоқда, томонлар ўзаро талафот кўрмоқда, минтақага авианосецларнинг ташланиши билан эса Форс кўрфазида вазият яна кескинлашмоқда», — деди Туркия етакчиси.

Туркия президенти қишки кучли совуқ ҳали бошланмагани, бироқ Исроил томонидан жорий этилган ғайриинсоний чекловлар туфайли Ғазо секторида ҳозирданоқ кенг кўламли гуманитар фалокат бошланганини қайд этган. У ислом оламини Исроилга босимни кучайтиришга чақирган.

«Тиззасигача сув ва лойга ботиб турган, ҳатто пана топиши мумкин бўлган чодирлардан ҳам маҳрум ва совуқдан дир-дир титраётган Ғазо болаларининг юракни эзувчи аҳволига қарашга юрагимиз дош беролмаяпти. Йиллар давомида дунёга демократия ва инсон ҳуқуқларидан маъруза ўқиб келганлар ниқобларини ечиб, ўзларининг асл юзини кўрсатмоқда. Фақат бошқаларга таяниш ўрнига, биз, мусулмонлар ҳаракат қилишимиз ва Исроилга босимни кучайтиришга эришишимиз керак. Ислом олами янада қаттиқ қишки совуқ бошлангунига қадар Ғазога кўпроқ гуманитар ёрдам етказиш учун янада кўпроқ куч сарфлаши лозим. Биз Ғазодаги биродарларимиз ва опа-сингилларимизни вақтинча жойлаштириш учун контейнерлар юборишга тайёрмиз.

Бошқалар кўзларини юмиб, қулоқларини беркитиб олсалар ҳам, биз Ғазодаги зулм ҳақида жим турмаймиз. Ҳатто ёлғиз ҳаракат қилишимизга тўғри келса ҳам ва бизни қўллаб-қувватловсиз қолдиришса ҳам, умид қиламанки, инсоният ҳамда биродарларимиз ва опа-сингилларимиз олдидаги бурчимизni бажаришда давом этамиз», — деди Туркия раҳбари.

Қони қайноқ депутатлар

Эсингизда бўлса, яқинда Арманистон парламентида депутатлар ўзаро муштлашиб, уларнинг видеолари ижтимоий тармоқларда роса айланганда. Қайсидир депутатнинг бурни қонаган, яна қайсисинингдир кийими йиртилиб кетганди. Интернетда кўпчилик парламентда қандай ишлаш кераклигини шу депутатлардан ўрганиш кераклигини ёзганди. Хуллас, ўзиям катта муштлашув бўлганди. Бундай тортишувлар одатий ҳолга айланиб қолган Арманистон парламентида яна жанжал чиқди, бу сафар депутат ва спикер ўртасида.

Арманистон Миллий мажлиси мажлисида мухолифатчи депутат Эдгар Казарян яна мажлислар залидан чиқариб юборилган. Бу сафар унга нисбатан кескин ва кўча жаргонига хос иборалар ишлатилган. Воқеага «Кучли Арманистон» партияси депутати Эдгар Казаряннинг мамлакат бош вазири Никол Пашинян нутқини ўз жойидан туриб изоҳлагани сабаб бўлган.

Парламент спикери Рубен Рубинян депутатнинг хатти-ҳаракатидан кескин норози бўлиб, унга нисбатан қўпол оҳангда мурожаат қилган. Қолаверса, жонли эфир чоғида журналист ва сиёсатшунос муштлашиб кетди. Гап шундаки, «Она Арманистон» мухолифат ҳаракати вакили, журналист Борис Мурази ва сиёсатшунос Арутюн Мкртчян Жамоат телевидениесининг «Катта дебатлар» дастури вақтида баҳслашиб қолди. Кўрсатув жонли эфирда узатилаётган эди.

Мунозара давомида иштирокчилар ўртасида ўзаро ҳақорат ва таҳдидлар билан кечган оғзаки жанжал юзага келди. Сал ўтиб можаро муштлашувга айланиб кетди. Улар ўз ўринларидан сакраб туриб, бир-бирига зарба берди. Ҳодиса Арманистон мухолифат кучларининг сиёсий кун тартибини муҳокама қилиш вақтида содир бўлди. «Катта дебатлар» дастури меҳмонлари ўртасида муштлашув бошланганидан сўнг бошловчилар эфирни тўхтатди.

Теглар

Асадбек Комилов

Асадбек КомиловМақолалар сони: 506

Барчаси

Мавзуга оид