
Путин мигрантларга бепул тиббий ёрдам кўрсатишни чеклади
Эндиликда улар бундай хизматдан фойдаланиш учун беш йил қонуний ишлаб беришлари шарт.

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин меҳнат мигрантлари учун мажбурий тиббий суғурта полисини олиш қоидаларини кучайтирувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда «Интерфакс» нашри хабар берди.
Қонунга кўра, меҳнат мигрантларига (юқори малакали мутахассислардан ташқари) МТС полиси фақат Россияда қонуний ишлаб, беш йиллик суғурта стажини тўплаганларидагина берилади. Илгари бу учун уч йил талаб қилинган.
«Бундан буён, чет эл фуқаролари мамлакатимизда бепул тиббий ёрдамдан фойдаланишлари учун Россия ҳудудида камида 5 йил қонуний ишлашлари шарт. Фақат фавқулодда вазиятлар бундан мустасно», — дейди Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин.
Унинг фикрича, «Россияга ишлаш учун келиб, юқори стандартдаги ижтимоий кафолатларга эга бўлишни истаганлар, бунга бўлган ҳуқуқларини ҳалол ва қонуний меҳнат билан исботлашлари лозим».
Қонун бюджетни шакллантирувчи ташаббуслар тўплами доирасида қабул қилинган.





