Қаттиқ қораланган Исроил, 12 йил бўлаётган мактаб таълими ва огоҳлантирилган Туркиядаги ўзбеклар — 9 сентябр дайжести
09.09.2025 | 22:009 дақиқа
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонда 12 йиллик таълим тизимига ўтилади
Ўзбекистонда мактаб таълимини 12 йиллик тизимга ўтказилиши кутилмоқда. Бу ташаббус кеча, 8 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишганидан сўнг давлат раҳбари томонидан маъқулланган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
«12 йиллик таълим тизими жорий этишнинг асосий фойдаси ўринда таълим сифати бўлса, кейинги ўринда хорижий таълимда бизни ўқувчилар «foundation» курсини ўқишга мажбур бўлишяпти. Бир йил йўқотиляпти. Агар 12 йиллик таълим тизимига ўтсак, тўғридан тўғри бакалавр босқичида ўқишлари мумкин бўлади», — деди мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов.
Ҳарбий формага ўхшаш кийим-бош кийганлик учун жавобгарлик жорий этилиши мумкин
Ўзбекистонда ҳарбий ва идора формаcига ўхшаш кийим-бошдан фойдаланганлик учун жазо жорий этилиши мумкин. Бош прокуратураси ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Янги моддага кўра, ҳарбий ёки идора формасига ўхшаш кийимни кийган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг 5дан 10 бараваригача жарима тўлайди, расмий формага рухсатсиз эга бўлган шахслар учун эса жарима 2–5 бараваргача ва мусодара белгиланади.
Лойиҳа жиноят кодексига ҳам ўзгариш киритишни назарда тутади, ҳокимият вакилининг формаси ёки ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этиш оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳоланади. Муаллифлар таъкидлашича, ушбу чора ҳуқуқбузарликлар ва давлат органларига ишончга путур етказишнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Аксарият оилалар тўй сабабли 3-4 йил ўзини тиклолмайди — сўровнома хулосалари
Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, кўпчилик ота-оналар ва ёшлар тўйларни ихчам ва камхарж ўтказиш тарафдори эканлиги аниқланди. 64 фоиз ота-оналар оилавий шароитни инобатга олиб тўй ўтказиш керак, 43 фоиз маҳалла фаоллари эса тежамкорлик асосида маросимларни ташкил этишни маъқул кўрган. Шу билан бирга, тўй учун ортиқча харажатлар оила молиясига салбий таъсир қилиши, айрим оилалар 3–4 йил молиявий жиҳатдан тиклана олмаслиги маълум бўлди.
Ёш никоҳланувчилар ўртасида эса содда ва самимий тўйларга устуворлик берилади: 31 фоиз тўйни оилавий муҳитда ўтказишни афзал кўрса, 34 фоиз ортиқча дабдабадан қочиш муҳим деб ҳисоблаган. Кўпчилик иштирокчилар тўй бюджетини 10–30 миллион сўм оралиғида режалаштирмоқда. Муаммоларни бартараф этиш учун давлат ва жамоат ташкилотлари камхарж, маънавий тарғибот ва маслаҳат хизматларини кенгроқ жорий этиши зарурлиги таъкидланмоқда. Сўровнома натижалари билан батафсил Vaqt.uz эълон қилган мақолада танишишингиз мумкин.
Расмий Тошкент Исроилнинг Қатарга ҳужумига муносабат билдирди
Ўзбекистон Исроил томонидан Қатарнинг Доҳа шаҳридаги турар-жой ҳудудига қилинган ҳужумни Қатар давлати суверенитети, чегаралар дахлсизлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилган очиқдан-очиқ тажовуз сифатида баҳолади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
«Ўзбекистон Республикаси Исроилнинг Доҳа шаҳридаги турар жой ҳудудига уюштирган ҳужумларини қоралайди ва буни Қатар Давлати суверенитетини бузиш, чегаралар дахлсизлиги ва хавфсизлигига тажовуз деб баҳолайди. Бундай хатти-ҳаракатлар мутлақо номақбул бўлиб, БМТ Низомини ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий меъёр ва тамойилларини жиддий равишда менсимаслик ҳисобланади», — дейилади расмий баёнотда.
Баёнотда айтилишича, Ўзбекистон халқаро муносабатларда куч ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига ва Яқин Шарқдаги мураккаб вазиятни янада кескинлаштирадиган қадамларга изчил равишда қарши эканини билдиради.
Туркиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Туркиянинг Истанбул шаҳрида намойишлар кузатилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси мазкур давлатда бўлиб турган ўзбекистонликларни огоҳликка чақирди.
Қайд этилишича, Туркия ҳукумати томонидан хавфсизлик чораси сифатида 11 сентабрга қадар 6 туманда, жумладан Бешиктош тумани ҳудудида (Бош консулхона жойлашган), оммавий тадбирларга вақтинча тақиқ жорий этилган. Шунингдек, хорижий мессенжерлардан фойдаланишда чекловлар мавжуд.
«Фуқароларимизга одам гавжум жойлардан йироқда бўлиш, намойиш ўтказилаётган ҳудудларга яқинлашмаслик, маҳаллий тартиб-қоидаларни қатъий риоя этиш тавсия этилади», — дейилади хабарда.





