«Қизил ҳолат» ва Е-ижара: cолиқ тизимидаги мавҳумликларга чек қўйиладими?

Cолиқ тизимидаги «қизил ҳолат» ва ҳукуматнинг 595-сонли қарори билан боғлиқ муаммолар яна муҳокама марказига кўчди. Тадбиркорларга нисбатан асоссиз жазоларни бекор қилиш ва ҚҚС гувоҳномасини ўчириш тартибини қайта кўриб чиқиш таклиф этилди.

«Қизил ҳолат» ва Е-ижара: cолиқ тизимидаги мавҳумликларга чек қўйиладими?

2026-йил 6-апрел куни Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман ҳамда Солиқ қўмитаси томонидан солиқ маслаҳатчилари, аудиторлар ва бухгалтерлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори амалиётда қўлланилиши, жарималар, текширувлар ҳамда ҚҚС гувоҳномаси билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Е-ижара масаласи: ижара шартномаси йўқлиги автоматик муаммо ҳисобланмаслиги керак

Солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов таъкидлашича, ҚҚС бўйича «ижарада йўқ» деган масала нотўғри талқин қилинаётган ҳолатлар бор. Агар ижара шартномаси электрон тизимда рўйхатдан ўтмаган бўлса, бу ҳолат автоматик равишда мулк ёки товар «омборда йўқ» деб ҳисобланишига олиб келмаслиги керак.

Таклифга кўра, е-ижара билан боғлиқ бундай ҳолатлар фақат Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори доирасида, яъни ҚҚСни қайтариш жараёнида кўриб чиқилиши лозим. Оддий сайёр текширувларда эса буни асос қилиб тадбиркорни жазолаш мумкин эмас.

Шу билан бирга, ҳатто 595-қарор асосида камчилик аниқланган тақдирда ҳам тадбиркорга нисбатан жазо чоралари қўлланмаслиги керак. Яъни, ҚҚС қайтариш бўйича ариза «мувофиқ эмас» деб топилиб рад этилади, лекин қўшимча солиқ ва жарималар ҳисобланмайди. Бу орқали тадбиркорларнинг ҚҚС қайтариш учун мурожаат қилишдан қўрқиши камайтирилиши мақсад қилинган.

Яна бир муҳим масала — ҚҚС гувоҳномасининг автоматик равишда нофаол ҳолатга ўтказилиши. Таклифга кўра, бундай қарорлар фақат автоматик тарзда эмас, балки масъул шахс назорати остида қабул қилиниши керак. Агар ҚҚС калити ўчирилган бўлса, у бир ой ичида қайта тикланиши шарт. Солиқ органларидаги кечикишлар тадбиркор зиммасига юкланмаслиги лозим.

Шунингдек, «товар номутаносиблиги» каби умумий ва ноаниқ сабаблар билан ҚҚС гувоҳномасини ўчириш амалиёти ҳам танқид қилинди. Энди бундай ҳолатларда аниқ қайси товарда қандай номутаносиблик борлиги очиқ ва тушунарли тарзда кўрсатилиши талаб этилмоқда.

Қисқача айтганда, илгари сурилган таклифлар тадбиркорни жазолаш эмас, балки уни тушуниш, хатоларни бартараф этиш ва солиқ тизимини янада адолатли қилишга қаратилган.

 

«Қизил ҳолат» мезонлари нега тушунарсиз?

Учрашув давомида тадбиркорлар электрон ҳисобварақ-фактураларнинг «қизил ҳолат»га тушиш мезонлари очиқ эмаслиги бўйича муаммони кўтаришди. Масалан, бир корхона бир хил маҳсулотни бир кунда 10 та харидорга сотади. Натижада 4 та ҳисобварақ «яшил» ёки «кўк» чиқади, 4–5 таси эса «қизил» ҳолатда чиқади.

Энг қизиғи, маҳсулот ҳам бир хил, сотувчида ҳам, харидорда ҳам ҚҚС занжирида узилиш йўқ. Шундай бўлса-да, натижа турлича чиқмоқда. Бу эса асосий саволни келтириб чиқаради: солиқ тизими қайси мезонларга қараб ҳисобварақни «қизил» ёки «яшил» деб баҳолаяпти?

Қайд этилишича, янги тизим аввалги «tax-gap»дан ҳам мураккаб бўлиб, айрим ҳолатларда ҳатто мутахассислар ҳам ҳисобварақ нега «қизил» тоифага тушганини тушунтириб бера олмаётгани айтилди. Шу боис тадбиркорлар 2026-йил 1-январдан жорий этилган, ҳисобварақларни реал вақтда таҳлил қилувчи ушбу тизимни қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш таклифини илгари сурди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарорига тадбиркорларни қўллаб-қувватловчи енгиллаштирувчи нормалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишилди.

 

Электрон ҳисобварақ-фактуралар бўйича чекловлар

Очиқ мулоқот давомида электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш билан боғлиқ жиддий муаммолар кўтарилди. Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли қарори ҳозир тадбиркорлар учун энг «оғриқли» масалалардан бирига айланган.

Хусусан, аввалги амалиётда ҚҚС гувоҳномаси солиқ органи томонидан тўхтатилса, тадбиркор ҳисобварақ-фактура ҳам ёза олмасди. Яъни, фаолият амалда тўлиқ тўхтаб қоларди. Кейинчалик бу чеклов юмшатилиб, тадбиркорларга ҳисобварақ ёзиш имконияти қайта берилди. Бироқ муаммо тўлиқ ҳал этилмаган.

Маълум қилинишича, тадбиркорларда қонун бўйича 3 йил давомида ҳисобварақларни қайта тақдим этиш ёки хатоларни тузатиш ҳуқуқи мавжуд. Аммо амалда Солиқ қўмитаси томонидан бундай ҳаракатларга чекловлар сақланиб қолмоқда. Ҳатто суд томонидан ҚҚС гувоҳномасини бекор қилиш қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда ҳам, тадбиркорлар на ҳисобварақ кирита олмоқда, на ўз ҳисоботларини тўғрилай олмоқда.

Яна бир жиддий муаммо — 595-қарор асосида «киримда товар йўқ» деган ҳолатда жорий этилган чекловлар амалда нотўғри қўлланилаётгани билан боғлиқ. Қоидага кўра, агар етказиб берувчида маҳсулот мавжуд бўлмаса, ҳисобварақ расмийлаштириш чекланиши керак. Бироқ амалда бундай ҳолатларда жавобгарлик айбдор етказиб берувчига эмас, балки товарни ҳалол сотиб олган тадбиркор зиммасига юкланиб қолмоқда.

Таъкидланишича, айрим ҳолатларда «хавфли» ёки сохта корхоналар орқали амалга оширилган операциялар оқибатида солиқ мажбуриятлари ҳалол тадбиркорларга юкланяпти. Бу эса адолат тамойилларига зид экани қайд этилди.

Масалан, суд амалиётида ҳатто йирик ташкилотлар билан тузилган шартномалар ҳам «қалбаки» деб топилган ҳолатлар кузатилган. Натижада, тадбиркорлар узоқ суд жараёнларига тортилиб, маблағлари бир неча ойлаб, ҳатто бир неча йиллаб қайтарилмай қолмоқда.

Шунингдек, суд қарорлари ижроси билан боғлиқ муаммолар ҳам тилга олинди. Айрим ҳолатларда суд ҚҚС гувоҳномасини тиклаш бўйича қарор чиқарган бўлса-да, у амалда бажарилмаётгани қайд этилди.

Таъкидланишича, қарор доирасида кирим қилинмаган товарлар бўйича ҳисобварақлар расмийлаштирилиши ҳолатлари мавжуд экани инобатга олиниб, мазкур тизимнинг ишлаш механизмини Солиқ қўмитаси мутахассислари билан биргаликда қайта кўриб чиқишга келишилди. Умуман олганда, тадбиркорлар солиқ тизимидаги чекловлар ва жазолар эмас, балки аниқ, адолатли ва тушунарли қоидаларни талаб қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид