Эрон урушининг АҚШ иқтисодиётига таъсири ва хавфлар таҳлили
Эрон билан боғлиқ зиддиятлар АҚШда энергия нархлари ва инфляцияни оширмоқда. Иқтисодий ўсиш секинлашиши ва молиявий рисклар кучайиши мумкин.

Америка Қўшма Штатлари Осиё ва Европа мамлакатларига нисбатан анча қулайроқ ҳолатда бўлиб, Эрон билан уруш оқибатларини енгилроқ енгиб ўтиши мумкин. Бироқ биргаликда қаралганда Америка иқтисодиёти учун тизимли хавф туғдириши мумкин бўлган рисклар мавжуд. Бу ҳақда Пенсилвания университетининг Уортон мактаби профессори Муҳаммад эл Эриан ёзди.
Ўсиш драйверлари
Кўп йиллар давомида АҚШ иқтисодиёти ривожланган ва ривожланаётган давлатлар ҳавас қиладиган даражада бўлиб келди. Динамик ва самарали иқтисодиёт ўз келажак тараққиётига фаол инвестиция киритиб, кўплаб бошқа мамлакатларга қараганда анча юқори ўсиш суръатларини намоён этди.
Бироқ ҳозир Эрон билан боғлиқ уруш оқибатлари намоён бўла бошлаган сари, АҚШ иқтисодиёти истиқболларига доир хавотирлар кучаймоқда.
Статистика буни тасдиқлайди. 2008-йилги глобал молиявий инқироздан кейинги «Буюк рецессия» даврида АҚШ иқтисодиёти кескин қисқарган бўлса-да, 2007-2020-йилларда ЯИМ ўртача йиллик ўсиши 1,48 фоизни ташкил этди. Шу даврда Еврозонада бу кўрсаткич атиги 0,59 фоиз бўлган.
COVID-19 пандемияси яна бир шок бўлди, аммо у АҚШ иқтисодиёти учун узоқ давом этмади: 2021–2025-йилларда ўртача ўсиш суръати 3,27 фоизни ташкил этди – бу ҳам Еврозонадан юқори (2,63 фоиз).
Юқори меҳнат унумдорлиги, рискка тайёр капиталнинг кўплиги, фаол тадбиркорлик муҳити ва (яқин вақтгача) ўсиб бораётган меҳнат бозори – булар АҚШ иқтисодий ўсишининг асосий драйверлари бўлиб келган. Сўнгги икки йилда эса бу ўсиш сунъий интеллектга йирик инвестициялар туфайли янада тезлашди.
Шу билан бирга, АҚШда кетма-кет ҳукуматлар кенг кўламли бюджет рағбатлантириш сиёсатини юритиб келди. Ҳолбуки, ишсизлик паст бўлган шароитда, одатда, бюджетни мувозанатлаштириш ва давлат қарзининг ўсишини чеклашга интилиш кутилар эди.
Хомашё шокига қарши учта ҳимоя тўсиғи
Бироқ энди иқтисодий ўсиш тўсиқларга дуч келганга ўхшайди. АҚШ Савдо вазирлиги яқинда 2025-йил тўртинчи чораги учун ўсиш прогнозини икки бараварга қисқартирди – 1,4 фоиздан атиги 0,7 фоизгача. Энди эса уй хўжаликлари ва компаниялар Эрон билан уруш оқибатларини ҳис қилмоқда: энергия ресурслари ва қарз олиш харажатлари ошиб бормоқда, бу эса мавжуд молиявий муаммоларни кучайтириб, янгиларини келтириб чиқариши мумкин.
Шубҳасиз, АҚШ бу оқибатларни енгиб ўтишда кўплаб бошқа давлатларга, айниқса Осиё ва Европага қараганда, анча қулай ҳолатда. Энергетик мустақиллик туфайли АҚШда таъминот танқислиги хавфи йўқ – бу хавф ҳозир Осиё ва айрим Европа мамлакатларида кузатилмоқда. Шунингдек, Америка иқтисодиёти жаҳон савдоси, инвестициялар ва тўлов тизимларининг парчаланишидан камроқ зарар кўради.
Кўплаб давлатлар жиддий бюджет муаммоларига дуч келаётган бир пайтда, АҚШ Доналд Трампнинг «Катта гўзал қонун»и доирасида қўшимча рағбатлантириш чораларини тайёрламоқда. Федерал захира тизими эса фоиз ставкаларини пасайтиришни секинлаштириши мумкин бўлса-да, уларни оширишга Европа марказий банки ёки Англия банкига қараганда камроқ мойил бўлиши мумкин. Бу унинг «иккиламчи мандати» – нархлар барқарорлиги билан бирга бандлик даражасини ҳам ҳисобга олиш талаб этилиши билан боғлиқ.
Бундан ташқари, АҚШ хусусий сектори жуда мослашувчан бўлиб, анъанавий равишда ўзгарувчан шароитларга тез жавоб қайтара олади. Ўртача Америка компанияси юқори ноаниқлик даврига нисбатан мустаҳкам молиявий ҳолат билан кириб келмоқда. Бизнесда сунъий интеллект ва бошқа истиқболли инновациялардан фойдаланиш учун тез қайта тузилишга кучли рағбат мавжуд.
АҚШ Федерал захира тизими учун энг керак бўлмаган ҳолат
Бироқ, АҚШ иқтисодий жиҳатдан бошқа давлатлардан олдинда қолишда давом этса ҳам, бу уни урушнинг салбий оқибатларидан ҳимоя қилади дегани эмас. Ҳозирнинг ўзида энергия ресурслари ва қарз олиш харажатларининг ўсиши кўплаб америкаликлар учун товар ва хизматлардан фойдаланиш имкониятини қийинлаштирмоқда. Бу эса бандлик ва истеъмол даражасининг пасайиши хавфини ошириб, иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашишига олиб келиши мумкин.
АҚШ Эрон билан урушга доимий инфляция шароитида кирди – Федерал захира тизими кетма-кет олтинчи йилдирки инфляцияни 2 фоизлик мақсадли даражага тушира олмаяпти. Энди эса энергия нархларининг ўсиши умумий нархларнинг кескин кўтарилишига олиб келади.
Ёқилғи қуйиш шохобчаларида нархлар ошиши (урушнинг дастлабки уч ҳафтасида бензин нархи АҚШда 30 фоизга, дизел ёқилғиси эса 40 фоизга ошган) тез орада яримўтказгичлар ва ўғитлардан тортиб авиачипталаргача бўлган кенг кўламли товар ва хизматлар қимматлашишига сабаб бўлади.
Келгусида инфляцион босим янада кучайиши мумкин, чунки компаниялар харажатлар ўсишини истеъмолчилар зиммасига юклашга ҳаракат қилади. Бу жараён давомида АҚШ иқтисодиётига хос бўлган K-симон иқтисод (даромад ва имкониятлар бўйича юқори тенгсизлик билан тавсифланади)нинг салбий ижтимоий оқибатлари янада кучаяди.
Инфляциядан ташқари, молиявий беқарорлик хавфи ҳам ошмоқда. Хусусий кредит бозорида тебранишлар кузатилмоқда: фондлар маблағларни қайтариб олишни чекламоқда, банк молиялаштиришида қисман йўқотишлар мавжуд, айрим фондларда рискларни баҳолаш ва активлар қиймати бўйича хавотирлар ортиб бормоқда. Шунингдек, глобал облигациялар бозорининг айрим сегментларида қарз юкининг юқорилиги, айниқса бошланган сотувлар тўлқини фонида, ҳамда сўнгги бир йилда сунъий интеллект соҳаси ва унга яқин йўналишларга ҳаддан ташқари капитал оқими ҳам хавотир уйғотмоқда.
Ўз-ўзидан бу рискларнинг ҳар бири алоҳида ҳолда тизимли хавф сифатида кўринмайди. Бироқ юқори инфляция ва иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайиши шароитида бу хавфлар бирлашиб, молиявий шарт-шароитларни кескин тарзда қаттиқлаштириши ва АҚШ ҳамда жаҳон иқтисодиётидаги заиф нуқталарни очиб бериши мумкин.
Бу эса ҳозир федерал захира учун энг кераксиз ҳолат инқирозга қарши бошқарув режимига мажбурий ўтиш ҳисобланади. Федерал захира нафақат сиёсий босимлар фонида ўз мустақиллигига таҳдидлар кучайган шароитда раҳбарият алмашинувининг ноодатий қийин жараёнини бошдан кечирмоқда, балки унинг мавқеи бир қатор омиллар туфайли ҳам заифлашган: прогнозлардаги хатолар, коммуникация сифатининг пастлиги, сиёсатдаги камчиликлар ва узоқ вақтдан бери амалга оширилиши керак бўлган ички ислоҳотларни кечиктириш.
Бундай шароит фоиз ставкалари бўйича мураккаб қарорлар қабул қилиш ёки бозор шокларига жавоб қайтариш учун идеал эмас.
Жаҳоннинг бошқа қисми Эрон билан боғлиқ уруш оқибатларига қарши курашга тайёрланаётган бир пайтда, АҚШ ўзининг нисбий иқтисодий устунликларини, жумладан энергетик мустақиллигини алоҳида таъкидлашга мойил бўлиши мумкин. Аммо нисбий жиҳатдан тўғри бўлган нарса мутлақ кўрсаткичларда тўғри бўлмаслиги мумкин.
Ҳозирнинг ўзида энг заиф аҳоли қатламлари жиддий хавф остида экани аниқ. Шу сабабли, АҚШ ҳукуматидан мағрурлик эмас, балки вазиятга вазмин ёндашув ва энг кўп эҳтиёж сезаётганларни ҳимоя қилиш учун қатъий ҳаракатлар талаб этилади.





