add

Қозоғистонда сунъий интеллектни тартибга солувчи қонун кучга кирди

Тўқаев имзолаган янги қонун дипфейк яратишни тақиқлайди ва сунъий интеллект ёрдамида яратилган барча контентни мажбурий ёрлиқлашни белгилайди.

Қозоғистонда сунъий интеллектни тартибга солувчи қонун кучга кирди

Қозоғистонда сунъий интеллект соҳасини тартибга солиш бўйича туб ўзгаришларни ўз ичига олган қонун имзоланди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан тасдиқланган ҳужжат мамлакатда дипфейк яратиш ва тарқатиш учун жавобгарликни белгилайди. Таъкидланишича, қонун сунъий интеллектни ҳуқуқий майдонда мустақил субъект эмас, балки инсон мақсадларига хизмат қилувчи восита сифатида белгилаб қўяди.

Қонунга мувофиқ, сунъий интеллект маҳсулотларининг эгалари, фойдаланувчилари ва ишлаб чиқарувчилари тизимлардан фойдаланишдаги ролларига қараб жавобгар ҳисобланади. Мулкдорлар хавфларни бошқариш, маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш ва технологиянинг қонунларга мос ишлашини назорат қилишлари шарт. Шу билан бирга, сунъий интеллект ёрдамида яратилган ҳар қандай контент албатта тегишли белгилар билан ёрлиқланиши лозим.

Қозоғистон ҳудудида инсонни чалғитувчи манипулятив усуллардан фойдаланувчи, шахсий маълумотларни ноқонуний йиғувчи ёки қайта ишловчи сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқиш ва қўллаш қатъий тақиқланди. Мазкур норма ахборот хавфсизлиги ва фуқаролар ҳуқуқларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган.

Ҳужжатда, шунингдек, миллий сунъий интеллект платформасини яратиш асослари белгилаб қўйилган. Бу платформа маҳаллий ишланмаларни ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш ва янги технологияларни жорий этишга хизмат қилиши режалаштирилган.

Қозоғистон СИ ва рақамли ривожланиш вазири ўринбосари Дмитрий Муннинг таъкидлашича, қонун мамлакатда янги технологик меъёрларни шакллантиради.

Қонун билан таъминланмаган рақамли активлар айланиши ҳам тартибга солинди. Агар бугунгача бундай активлар фақат «Остона» халқаро молия маркази ҳудудида муомалада бўлиши мумкин бўлган бўлса, янги ҳужжат уларнинг бутун мамлакат бўйлаб ҳуқуқий асосда айланишига йўл очади. Шу билан бирга, фуқароларнинг шахсий маълумотларини қайта ишлашга берилган розилик муддатига оид янги талаблар ҳам жорий этилди.

Мутахассисларга кўра, мазкур қонун Қозоғистонда сунъий интеллект технологияларини хавфсиз, шаффоф ва инсон ҳуқуқларига мос равишда ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллект ёрдамида яратилган ишларда манба кўрсатилмаса жавобгарлик белгилайдиган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенати томонидан 2025 йил 1 ноябр куни маъқулланган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Қозоғистонда сунъий интеллектни тартибга солувчи қонун кучга кирди | Vaqt.uz