add

Қозоғистондан олиб чиқилган 14 млрд доллар ва Тўқаевнинг истеъфога чиққан матбуот котиби

29.01.2026 | 18:102 дақиқа

Қозоғистон президентининг баёноти Оқўрданинг расмий каналида эълон қилинган эди, аммо орадан кўп вақт ўтмай бу хабарлар ғойиб бўлди. Шов-шувлар фонида 29 январ куни президент матбуот котиби Руслан Желдибайнинг лавозимидан озод этилгани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Қозоғистондан олиб чиқилган 14 млрд доллар ва Тўқаевнинг истеъфога чиққан матбуот котиби

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 28 январ куни Молиявий мониторинг агентлиги ходимлари олдида сўзлаб, тижорат банкларидаги ноқонуний ва шубҳали молиявий операциялар устидан назоратни кучайтиришни талаб қилди. Унинг айтишича, 2025 йилда Қозоғистон банкларидан бири орқали қўшни давлатдан хорижга 7 трлн танга, яъни қарийб 14 млрд доллар маблағ ўтказилган.

Президент бу ҳолатни ҳуқуқий, иқтисодий ва ҳатто сиёсий жиҳатдан ғайритабиий, деб баҳолади.

Шу билан бирга, у аниқ қайси банк ёки қайси давлат ҳақида сўз кетаётганини очиқламагани жамоатчиликда турли тахминлар ва спекуляцияларга сабаб бўлди.

 

Интернетдаги шов-шув ва ўчирилган хабарлар

Президент баёноти эълон қилинганидан сўнг, ижтимоий тармоқлар ва ахборот сайтларида «Қайси банк?» ва «Қайси давлат?» деган саволлар билан қизғин муҳокамалар бошланди. Бироқ орадан кўп ўтмай, мазкур баёнотга оид хабарлар ижтимоий тармоқлардан ўчирила бошланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, президент маъмуриятининг расмий сайтида ҳам 7 трлн танга ҳақидаги жумла матндан ўчирилиб ташланди.

 

Санкциялар хавфи ва геосиёсий ишоралар

14 млрд доллар миқдоридаги транзит маблағлар АҚШ ва Европа Иттифоқининг иккиламчи санкцияларига дучор бўлиш фонида Қозоғистон учун айниқса жиддий кўрилмоқда.

Интернет фойдаланувчилари ва таҳлилчилар эҳтимолий қўшни давлат сифатида асосан Россияни тилга олмоқда. Хитой варианти эса кам эҳтимол сифатида баҳоланяпти, чунки Пекин билан муносабатларда бундай яширин молиявий схемаларга эҳтиёж йўқлиги таъкидланмоқда.

Агар гап санкцияларни четлаб ўтиш учун амалга оширилган транзит операциялар ҳақида бораётган бўлса, Қозоғистон банк тизими учун халқаро босим кучайиши мумкин.

 

Банклар атрофидаги тахминлар

Баёнотда банк номи тилга олинмагани сабабли, ижтимоий тармоқларда бир неча молиявий институтлар ҳақида тахминлар пайдо бўлди. Айрим Қозоғистон банклари ўз номларини оқлашга мажбур бўляпти. Жамоатчиликда 2018 йилдаги «Банк Астани» билан боғлиқ воқеалар эсга олинмоқда, ўшанда ҳам президент танқиди ортидан банк инқирозга учраган эди.

 

Кутилмаган истеъфо

Шов-шув фонида 29 январь куни президент матбуот котиби Руслан Желдибай лавозимидан озод этилди. Бу қарор ҳам жамоатчилик томонидан мазкур молиявий можаро билан боғланмоқда. Ҳозирча расмий изоҳ берилмади, янги матбуот котиби эса сукут сақламоқда.

Баёнотни яширишга уриниш жамоатчиликда ишончни янада сусайтирди. Экспертлар фикрича, расмий изоҳларсиз бу каби ҳолатлар молиявий бозорлар ва банк тизими учун янада катта хавф туғдириши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид