Қуддусдаги теракт ва инқироздаги Россия компаниялари — жаҳон дайжести

09.09.2025 | 18:2013 дақиқа

Дунёда ўтган кунда рўй берган энг муҳим воқеа-ҳодисалардан иборат кунлик дайжестни тақдим этамиз.

Қуддусдаги теракт ва инқироздаги Россия компаниялари — жаҳон дайжести
Видеони YouTubeʼда томоша қилинг: 👉https://youtu.be/7p3OC3exo9I   Трамп Қозоғистонга бориши мумкинлигини айтди АҚШ президенти Доналд Трамп Қозоғистонга ташриф буюриш нияти борлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Қосим-Жўмарт Тўқаев билан яқинда қизиқарли ва ижобий суҳбат бўлиб ўтган. «У яхши инсон, унга салом айтинг», деди Трамп журналистларга Оқ уйнинг Жанубий майдонида. Бу баёнотдан олдин, Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Серик Жумангэрин АҚШ билан иқтисодий алоқалар республика ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини билдирган эди. Унга кўра, Остона АҚШ билан савдо айланмасини ошириш имкониятларини кўрмоқда. Савдо палата ва компаниялар билан учрашувда ҳамкорлик тўсиқлари ҳам муҳокама қилинган. 1 август куни Трамп 60 дан ортиқ давлат ва ЕИга нисбатан 15–41 фоизлик бож солиқлари жорий этган. Қозоғистон учун эса бу ставка 25 фоиз қилиб белгиланди. Трамп бу қарор ҳақида Тўқаевга шахсан хат орқали маълум қилган. Қозоғистон раҳбари ўз жавобида келишувга эришишга умид билдирди. Савдо вазирлиги эса Вашингтонга вазиятни енгиллаштириш бўйича таклифлар тақдим этганини маълум қилди. Уларга кўра, янги божлар Қозоғистоннинг АҚШга экспортида тахминан 5 фоизга таъсир қилади. Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Трамп билан телефон орқали мулоқот қилган ва уни Ўзбекистонга таклиф этган эди. Ушбу ташриф бўлиши эҳтимоли ҳам муҳокама қилинмоқда.   Истанбулда ЖХП фаолияти тўхташига қарши норозиликлар 8 сентябр куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Жумҳурият халқ партияси ёшлар қаноти ташаббуси билан норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Улар партиянинг маҳаллий етакчиси Ўзгур Челикнинг суд қарори билан четлатилиши ва партия фаолияти вақтинча тўхтатилишига қарши чиқишди. Суд қарорига кўра, 2023 йил октябридаги анжуманда делегатлар «сотиб олингани»га оид даъволар асосида Челик вазифасидан четлатилди. Унинг ўрнига партия аъзоси Гурсал Текин раҳбарлигида вақтинча маъмурият тайинланди. Бу қарор ЖХП ичида сиёсий кескинликни ошириши мумкин. Партиянинг Истанбулдаги марказий биноси олдида соат 23:00 да ўтказилган намойишда иштирокчилар суд қарорини бекор қилишни талаб қилишди. Улар партия эркинлигига тажовуз сифатида баҳолашди. Туркия адлия вазири Йилмаз Тунчнинг билдиришича, прокуратура ижтимоий тармоқлардаги провокатив чиқишлар юзасидан текширув бошлаган. ЖХП парламентдаги 600 ўриндан 137 тасини эгаллаб турган мамлакатдаги энг йирик мухолифат партия ҳисобланади. 7 сентябр куни партия етакчиси Ўзгур Ўзал янги партия тузиш нияти йўқлигини айтди. Суд қарорини эса қонуний асослардан холи эканини таъкидлаб, бир қатор саволлар қўйди.   Непалда ижтимоий тармоқлар блокланишига қарши намойишлар Непал пойтахти Катмандуда ижтимоий тармоқларни блоклаш қарорига қарши чиққан ёшлар ва полиция ўртасидаги тўқнашувда камида 14 киши ҳалок бўлди. Reuters хабарига кўра, яна 50 дан зиёд одам жароҳат олган. «The Kathmandu Post» нашрининг ёзишича, Instagram, Facebook, YouTube ва X каби тармоқлар вақтинча тўсилиши ортидан парламент биноси олдида Z авлоди вакиллари йиғилган. Полиция аввал бошда сув пуркагич ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Бироқ бу чоралар етарли бўлмаган ва норозиларни тўхтатиш учун отишма бошланган. Қурбонлар сони расман аниқланмаган бўлса-да, маҳаллий манбалар 14 киши вафот этганини, улардан айримлари касалхонада жон таслим қилганини маълум қилмоқда. Ҳукумат шиддатли намойишлар ортидан шаҳарда комендантлик соати жорий этди. Маҳаллий ОАВ Катмандудаги воқеаларни Z авлоди — яъни зумерлар ҳаракати сифатида баҳоламоқда. Ижтимоий тармоқларнинг қайта фаоллаштирилиши ёки чекловларнинг узоқ давом этиши ҳозирча ноаниқ.   Қуддусда автобусга қилинган ҳужумда 6 киши ҳалок бўлди Қуддусда икки номаълум шахс 62-йўналишдаги автобус ва унинг атрофидаги одамларга қарата отишма уюштирди. Ҳодиса Рамот йўлидаги бекатда рўй берди. Натижада 6 киши ҳалок бўлди, 10 дан ортиқ киши жароҳат олди. Исроил армияси ва қуролланган фуқаро ҳужумчиларга жавобан ўқ узиб, уларни ўлдирди. Жароҳатланганлар тезкор равишда шифохоналарга етказилган. Полицияга кўра, ҳужумчилар — Шарқий Қуддусда яшовчи фаластинликлар бўлган. Улар Carl Gustaf m/45 автоматининг қўлбола нусхасидан фойдаланган. Бундай қурол тури минтақада кенг тарқалган. Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳужумга қаттиқ жавоб қайтарилишини айтди. Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир хавфсизлик чораларини кучайтиришга чақирди. ҲАМАС ушбу ҳужумни Исроилга жавоб деб баҳолади, аммо масъулиятни зиммасига олмади.   Россиядаги корхоналар инқирозга тайёргарлик кўрмоқда Россияда иқтисодий секинлашув авж олган бир пайтда, компанияларнинг 57 фоизи йил якунигача таназзул кутмоқда. Бу ҳақда «Опора России» сўровига таянган ҳолда РБК хабар берди. Сўров натижаларига кўра, компанияларнинг 90 фоизи ўтган йил давомида янги шериклар излашга мажбур бўлган. Корхоналарнинг 51 фоизи оптималлаштириш мақсадида ходимларни қисқартирган. Шунга қарамай, 73 фоиз ташкилотларда ишчи кучи етишмайди. 67 фоиз иштирокчи сўнгги уч йилда янги бозорларга чиқа олмаганини айтган. «Дўстона» давлатлар билан алмаштириш саъйи 62 фоиз компания учун муваффақиятсиз бўлган. Фақат 12 фоиз корхона янги бозорларда яхши натижа қайд этган. Иштирокчилар муаммолар ичида кучли рубл, молиявий ресурслар етишмаслиги ва давлат ёрдамининг камлигини таъкидлаган. Шунингдек, 64 фоиз компания назорат органлари босими ошганини билдирган. «Яков и Партнёри» маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида вазият ёмонлашганини қайд этганлар 34 фоизни ташкил этган.   Франция ва Германия ЕИдан «Лукойл»га санкция сўрамоқда Франция ва Германия Европа Иттифоқидан Россиянинг йирик хусусий нефт ширкати «Лукойл»га қарши санкция жорий этишни расман таклиф қилди. Бу таклиф Россияга нисбатан режалаштирилаётган санкцияларнинг 19-пакети доирасида кўриб чиқилмоқда. Европа ОАВга кўра, Париж ва Берлин «Лукойл»ни Россия урушини молиялаштираётган асосий манба деб ҳисобламоқда. Ҳужжатда «Лукойл» фақат Россияда эмас, балки Евроиттифоқ ҳудудида ҳам — айниқса, Белгияда ўз ёнилғи инфратузилмасига эгалиги қайд этилган. Франция ва Германия бундай иштирокни хавф деб баҳоламоқда. Бундан ташқари, учинчи давлатлар орқали Россия нефт маҳсулотларининг қайта сотилиши танқид қилинган ва унга қарши аниқ механизмлар таклиф этилган. Ҳужжатда Россиядаги 250 тача кичик банк уруш харажатларини молиялаштиришда фаол иштирок этаётгани, молиявий схемалар орқали санкциялардан четланиш ҳолатлари мавжудлиги қайд этилган.

Теглар

Мавзуга оид