Қуёш панели ўрнатганларга ярим йилда 330,8 млрд сўм субсидия тўланди
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 68,6 минг нафар фуқаро электр тармоқларига узатган қуёш энергияси учун давлат бюджетидан 330,8 млрд сўм субсидия олди. Энг катта тўловлар Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.
© BMT taraqqiyot dasturi2026 йилнинг январь–июнь ойларида электр тармоқларига узатилган қуёш энергияси учун 68,6 минг нафар жисмоний шахсга давлат бюджетидан жами 330 млрд 822,7 млн сўм субсидия тўланди.
Солиқ қўмитаси хабар беришича, фақат июнь ойининг ўзида 61,1 минг нафар фуқарога 100 млрд 715,1 млн сўм субсидия ажратилган.
Шунингдек, олти ой давомида электр тармоқларига 330 минг 823 та ижобий тафовут (ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергияси) қайд этилган. Июнь ойида эса бу кўрсаткич 100 минг 715 тани ташкил этган.
Энг кўп субсидия Бухоро вилоятига тўланган
Ҳудудлар кесимида энг катта субсидия қуйидаги вилоятлар ҳиссасига тўғри келган:
● Бухоро вилояти — 61 млрд 932 млн сўм;
● Хоразм вилояти — 60 млрд 528 млн сўм;
● Қашқадарё вилояти — 37 млрд 338 млн сўм;
● Қорақалпоғистон Республикаси — 38 млрд 945 млн сўм;
● Навоий вилояти — 25 млрд 303 млн сўм.

Кейинги ўринларни Фарғона вилояти (22 млрд 52 млн сўм), Тошкент шаҳри (17 млрд 989 млн сўм), Самарқанд вилояти (17 млрд 857 млн сўм), Тошкент вилояти (15 млрд 922 млн сўм) ва Наманган вилояти (12 млрд 959 млн сўм) эгаллади.
Шунингдек, субсидиялар Андижон вилоятига 6 млрд 164 млн сўм, Сурхондарё вилоятига 5 млрд 460 млн сўм, Жиззах вилоятига 4 млрд 805 млн сўм ҳамда Сирдарё вилоятига 3 млрд 569 млн сўм миқдорида тўланган.
Июнь ойида қайси ҳудудлар етакчилик қилди?
Июнь ойида ҳам энг катта субсидиялар Бухоро (18 млрд 207 млн сўм), Хоразм (18 млрд 48 млн сўм) ва Қорақалпоғистон (12 млрд 163 млн сўм) ҳиссасига тўғри келди.

Улардан кейин Қашқадарё (11 млрд 440 млн сўм), Навоий (7 млрд 787 млн сўм), Фарғона (7 млрд 254 млн сўм) ва Самарқанд (5 млрд 724 млн сўм) жойлашган.
Ўзбекистонда қуёш панеллари ўрнатиб, истеъмолидан ортган электр энергиясини тармоққа сотаётган фуқароларга субсидия тўлаш тўхтаб қолгани эътирозларга сабаб бўлгач, 2 июль куни Солиқ қўмитаси қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар 2026 йилнинг апрель—май ойлари учун субсидия суммаларини олиши мумкинлигини эълон қилганди.
“Қуёшли хонадон” дастури доирасида хонадонига қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларга қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган ва ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт соати учун 1000 сўмдан субсидия ажратилиши 2023 йил 1 апрелдан бошланганди.





