add

Роскомнадзорга Россияда интернетни тўлиқ изоляция қилиш ҳуқуқи берилмоқда

Бугун 08:581482

2026 йил 1 мартдан Роскомнадзор Рунетни бутунлай узиб қўйиш, трафикни қайта йўналтириш ва барча сайтларни тўсиш ҳуқуқига эга бўлади.

Роскомнадзорга Россияда интернетни тўлиқ изоляция қилиш ҳуқуқи берилмоқда

Россия ҳукумати Роскомнадзорга (РКН) глобал интернетдан Рунетни тўлиқ ажратиш, сайтлар фаолиятини чеклаш ва трафикни бошқариш бўйича чекланмаган ваколатлар берди. «Умумий фойдаланишдаги алоқа тармоқларини марказлаштирилган бошқариш қоидалари» 2026 йил 1 мартдан кучга киради.

Ҳужжатга кўра, РКН интернет фаолиятига таҳдид соладиган ҳолатларда — киберҳужумлар, техник авариялар, ташқи узилишлар, муҳим инфратузилмадаги муаммолар ёки тақиқланган контент тарқалиши каби вазиятларда  провайдерларга мажбурий буйруқлар бериш, трафикни қайта йўналтириш, фильтрлаш, блокировка қилиш ва зарурат бўлса, Рунетни изоляция қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Тартиб-қоидаларни амалга ошириш учун алоқа операторлари РКН билан тўғридан тўғри алоқада бўладиган масъул ходим тайинлаши, шунингдек, тармоқ фаолияти ҳақидаги маълумотларни тақдим эта оладиган техник имкониятлар яратиши шарт қилиб белгиланган. Бу қарор РФ рақамли ривожланиш вазирлиги  ва ФСБ билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Сиёсатшунос Иля Грашченковнинг таъкидлашича, янги тартиблар Россия интернетини «бошқариладиган экотизим»га айлантиради, бу ерда очиқлик эмас, хавфсизлик ва давлат назорати устувор бўлади. Унинг фикрига кўра, Россия интернетининг фрагментация қилиниши ва глобал тармоқдан узилиши энди назарий эмас, балки реал сценарийга айланди.

Россия ҳукумати 2022 йилдан бери интернет эркинлигини чеклашни босқичма-босқич амалга оширмоқда. Илк босқичда мустақил ОАВ ва хорижий ижтимоий тармоқлар (Instagram, Facebook) блокланган, кейинчалик мессенжерлар (Signal, Viber, Discord) ҳам тақиқланган эди. YouTube видеоҳостинги сезиларли даражада секинлаштирилган, VPN хизматларига оид маълумот тарқатиш ва реклама қилиш ҳам тақиқланган.

2025 йил майидан бошлаб ҳукумат айрим ҳудудларда мобил интернетни ўчиришни бошлади. Расман бу дронларга қарши чора сифатида тушунтирилган бўлса-да, бу блокировкалар ҳатто уруш зонасида бўлмаган ҳудудларда ҳам амалга оширилмоқда.

1 сентябрдан эса интернетда «экстремистик материаллар»ни қидириш учун жарима солиш амалиёти йўлга қўйилди. VPNдан фойдаланиш эса жазони оғирлаштирадиган ҳолат сифатида қайд этилмоқда.

 

Теглар

Мавзуга оид

Роскомнадзорга Россияда интернетни тўлиқ изоляция қилиш ҳуқуқи берилмоқда | Vaqt.uz