Россия иқтисодиётида ишчи кучи тақчиллиги: кадрлар захираси 2,5 млн кишига камайди

Сўнгги тўрт йил ичида Россияда меҳнат бозорига чиқишга тайёр бўлган эркин ишчи кучи ҳажми кескин қисқарди. FinExpertiza таҳлилларига кўра, кадрлар резерви 7 миллиондан 4,4 миллионга тушиб қолган ва бу иқтисодиёт учун жиддий хавф туғдирмоқда.

Россия иқтисодиётида ишчи кучи тақчиллиги: кадрлар захираси 2,5 млн кишига камайди

Россияда меҳнат бозоридаги бўш ишчи кучи — кадрлар резерви охирги тўрт йилда 2,5 млн кишига қисқарди. Агар 2021-йил якунида бу кўрсаткич 7 млн кишини ташкил этган бўлса, 2025-йил охирига келиб 4,4 млнга тушди. Фақатгина охирги бир йил ичида резерв 9 фоизга ёки 415 минг кишига камайган, деб ёзмоқда «Известия» нашри.

Шу билан бирга, иқтисодиётда банд бўлганлар сони 72 млндан 75 млнгача ошди, бу эса захиранинг банд бўлганларга нисбатини 10 фоиздан 6 фоизгача тушириб юборди.

Экспертлар вазиятнинг бу қадар ёмонлашувига бир қанча омилларни сабаб қилиб кўрсатмоқда. Биринчи навбатда, 1990-йиллар ва 2000-йиллар бошидаги туғилиш паст бўлган авлоднинг меҳнат бозорига кириб келиши ишчи кучининг табиий камайишига олиб келди.

Иккинчи муҳим омил — ҳарбий заводлар томонидан ишчи кучига бўлган талабнинг кескин ортиши. Мудофаа саноати корхоналари бозордаги деярли барча бўш ресурсларни «ютиб юборди», бу эса фуқаролик секторида кадрлар танқислигини келтириб чиқарди.

Демографик инқироз

«Сибирский деловой союз» раҳбари Анастасия Горелкинанинг таъкидлашича, янги кадрлар захираси деярли қолмаган. Пенсия ёшини оширишдан кутилган ижобий самара ўз кучини йўқотди, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги пастлигича қолмоқда, ёш болали аёллар эса меҳнат бозорига тўлиқ жалб этилмаган. Демографик сабабларга кўра, Россия иқтисодиёти 2030 йилгача ҳар йили тахминан 2 млн ишчини янгилаб бориши зарур.

Бундай шароитда иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш учун ягона йўл — меҳнат унумдорлигини йилига 3–4 фоизга оширишдир. Бироқ ёш ишчилар етишмовчилиги ва ходимларнинг қариши бюджетга ижтимоий юкни ошириб, технологик ривожланишни секинлаштириши мумкин.

Россия меҳнат бозоридаги бу тақчиллик нафақат ички ишлаб чиқаришга, балки иш ҳақининг инфляцион ўсишига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

Теглар

Мавзуга оид

Россия иқтисодиётида ишчи кучи тақчиллиги: кадрлар захираси 2,5 млн кишига камайди | Vaqt.uz