Россия иқтисодиётида тарихий пасайиш: нефт ва газ улуши 9 йиллик минимумга тушди

Россия ЯИМда нефт-газ секторининг улуши 2017-йилдан бери энг паст кўрсаткични қайд этди. Бунга Ғарб санкциялари ва бозордаги паст нархлар қанчалик таъсир қилди?

Россия иқтисодиётида тарихий пасайиш: нефт ва газ улуши 9 йиллик минимумга тушди

«Росстат» маълумотларига кўра, ўтган йили нефт-газ секторининг Россия ялпи ички маҳсулотидаги (ЯИМ) улуши 13 фоизни ташкил этди. Бу мазкур идора маълумотларни ҳисоблашни ва эълон қилишни бошлаган 2017-йилдан буён энг паст кўрсаткичдир.

Бир йил ичида бу улуш 3 фоиз пунктга камайган. Ҳатто пандемия даврида, нефт арзонлашган ва қазиб олиш ҳажми қисқарган вақтда ҳам бу кўрсаткич юқорироқ (14 фоиз) бўлган эди. Ўтган йил давомида эса соҳанинг иқтисодиётдаги вазни биринчи чоракдаги 15,5 фоиздан тўртинчи чоракда 11,6 фоизгача муттасил пасайиб борди.

Инқирознинг асосий сабаблари

Соҳа ривожини санкциялар, OPEC+ доирасидаги чекловлар, жаҳон бозоридаги паст нархлар ва мустаҳкам рубл ушлаб қолди. Йил якунларига кўра, нефт-газ компанияларининг айланмаси 16,7 фоизга қисқариб, 19,9 трлн рублни ташкил қилди. Уларнинг соф фойдаси эса қарийб уч баробарга (63,9 фоизга) қулаб, 1,9 трлн рублга тушиб қолди. Агар 2024-йилда корхоналарнинг 60,7 фоизи фойда кўрган бўлса, ўтган йили уларнинг ярмидан камроғигина ушбу натижага эриша олди.

Бу ҳолат мамлакат бюджетига ҳам жиддий зарба берди. Даромадларнинг тушиб кетиши ортидан баҳордаёқ бюджетни қайта кўриб чиқишга тўғри келди ва нефт-газ тушумлари 2,6 трлн рублга қисқартирилди. Натижада йил давомида ушбу тушумлар чорак қисмга камайиб, 8,5 трлн рублни ташкил этди.

Хавотирли прогнозлар

Гарчи расмий рақамларда соҳанинг улуши камайган бўлса-да, экспертларнинг фикрича, нефт ва газнинг Россия иқтисодиётидаги реал роли ЯИМдаги улушидан анча катта. Профессор Майкл Алексеевнинг тушунтиришича, бу маблағлар давлат харажатлари, юқори маошлар ва пудратчиларга тўловлар орқали бутун иқтисодиётга сингиб кетади.

Аммо келажак истиқболлари унчалик қувонарли эмас. Экспертларнинг таъкидлашича, радикал ўзгаришларсиз Россияда нефт қазиб олиш секин, аммо муқаррар равишда пасайиб боради. Инвестицияларнинг кескин камайиши ва қатъий санкциялар соҳа учун энг асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Бозордаги бу вазият мамлакатнинг асосий даромад манбаи жиддий хавф остида эканини кўрсатмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Россия иқтисодиётида тарихий пасайиш: нефт ва газ улуши 9 йиллик минимумга тушди | Vaqt.uz