
Россия Украинани «Валдай» резиденциясига дрон ҳужумида айблади
Россия «Валдай» резиденциясига дрон ҳужуми уринишида Украинани айблади, Киев эса буни музокараларни бузишга қаратилган сохта даъво деб атади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров тунда Украина Қуролли кучлари Новгород областида жойлашган президент резиденцияси «Валдай»га дронлар билан ҳужум қилишга уринганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳаво мудофааси жами 91 та пилотсиз парвоз қурилмасини йўқ қилган, жабрланганлар ва моддий зарар ҳақида маълумот йўқ.
Лавровнинг таъкидлашича, Москва мазкур ҳолатга қарамасдан тинчлик жараёнидан чиқиш ниятида эмас, аммо музокара позициясини қайта кўриб чиқади. Шу билан бирга, Россия қуролли кучлари жавоб зарбаси учун вақт ва объектларни белгилаб олгани ҳам айтилди. Айбловлар тасдиғи сифатида ҳеч қандай далил келтирилмади.
Россия Мудофаа вазирлиги аввалроқ Новгород области узра 41 та дрон уриб туширилганини маълум қилган эди. Кейинроқ вазирлик 91 та дрон сонига Брянск ва Смоленск областлари устида йўқ қилинган пилотсиз парвоз қурилмалари ҳам киритилганини, улар гўёки Новгород томон йўл олганини изоҳлади.
Бу баёнотлар Кремл Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трамп ўртасида навбатдаги телефон мулоқоти бўлиши арафасида янгради. Суҳбат бўлиб ўтгани ҳақида тез орада Оқ уй ҳам хабар қилди. Путин ушбу қўнғироқ чоғида «Валдай»га дрон ҳужуми ҳақида Трампга шикоят қилган.
Путин ёрдамчиси Юрий Ушаковга кўра, Трамп бу ҳолатни «ақлбоварқилмас ҳаракат» деб атаган. Кейинроқ Трампнинг ўзи ҳам воқеа юзасидан фикр билдирган.
«Менга бу ёқмаяпти, бу яхши иш эмас. Мен буни эшитдим. Ким буни менга ҳикоя қилиб берди, денг? Президент Путин. У эрта тонгдан ҳужумга учраганини айтди. Бу яхши эмас, яхши эмас. Унутманглар, мен «Tomahawk»лар беришини тўхтатган эдим, шунга ўхшаш ҳодисалар юз бермаслиги учун. Ҳозир жуда нозик давр. Ҳужум учун нотўғри давр. Жанг майдонида ҳужум бошқа нарса, унинг уйига ҳужум қилиш бутунлай бошқа нарса», — деган Трамп.
Шу билан бирга, Трамп Путин билан суҳбатини «жуда яхши ўтди» деб атади, аммо ҳали ҳам бир неча мураккаб масалалар қолганини тан олди.
Украина президенти Володимир Зеленский Россия айбловларини кескин рад этди. Унинг фикрича, «Валдай» ҳақидаги баёнотлар — Киев ва Вашингтон ўртасидаги сўнгги самарали музокаралар фонида Москва томонидан ўйлаб топилган сохта сценарий. Зеленский бу айбловлар Россиянинг Украинага, хусусан Киевга зарбаларни давом эттириш ва тинчликка қадам қўймаслик учун баҳона эканини айтди.
Трамп ва Зеленский учрашуви бир кун олдин бўлиб ўтган. Томонлар музокараларни ижобий баҳолаган бўлса-да, Донбасс ва Запорижжя АЭСи каби асосий баҳсли масалалар ҳал этилмагани очиқ қолди. Трампнинг айтишича, томонлар келишувга яқинлашган, аммо якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.





