
Россия Венесуэладаги миллиардлаб сармояларидан ажралиши мумкин
Николас Мадуро ҳокимиятининг ағдарилиши Россиянинг Венесуэлага йўналтирилган миллиардлаб долларлик кредитлари ва нефт лойиҳалари тақдирини ноаниқ ҳолатга солиб қўйди.

Николас Мадуро режими ағдарилиши ортидан Россиянинг Венесуэлага киритган сармоялари катта хавф остида қолди. Мадуронинг АҚШ махсус кучлари томонидан қўлга олиниб, Ню Йоркда наркотерроризм айбловлари билан суд қилиниши ҳақидаги хабарлар Москва учун жиддий геоиқтисодий йўқотишлар хавфини оширди.
«Reuters» ҳисоб-китобларига кўра, 2006–2017 йиллар оралиғида Россия Венесуэла ҳукумати ва давлат нефть компанияси — «PDVSA»га жами 17 млрд доллар атрофида кредит ва сармоя ажратган. Илк маблағлар 2009 йилда Уго Чавес даврида Россия қуролларини харид қилиш шартномалари доирасида йўналтирилган.
2017 йилга келиб Венесуэланинг Москва олдидаги қарзи 3,5 млрд долларга етган, иқтисодий инқироз ва санкциялар сабабли тўловлар шу вақтгача амалга оширилмаган. Ўша йили Россия президенти Владимир Путин ва Николас Мадуро қарзларни 10 йилга кечиктириш бўйича келишувга эришган эди.
2010-йиллар охирида «Роснефт» Венесуэланинг асосий кредиторларидан бирига айланди. Компания нефт лойиҳаларида улушлар эвазига Мадуро ҳукуматини молиявий қўллаб-қувватлади. 2020 йилда эса санкциялар ортидан барча активлар махсус давлат тузилмаси — «Росзарубежнефт»га ўтказилди.
Ҳозирда Венесуэла нефт соҳасининг келажаги АҚШ маъмурияти назоратида экани айтилмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп Венесуэла нефти «ўғирланган»ини иддао қилиб, инфратузилмани қайта тиклаш ва нефть экспортини кенгайтириш режаларини очиқ айтди.
Москва бу воқеаларга чекланган муносабат билдирди. Россия ТИВ АҚШ зарбалари ва Мадуронинг ҳибсга олиниши ҳақида «чуқур ташвиш» билдирди ҳамда уни озод қилишни талаб қилди.





