
Саида Мирзиёева Тошкентдаги экологик вазиятни яхшилашга доир таклифлар берди
Президент Администрацияси раҳбари пойтахт аҳолисини хавотирга солаётган ҳолат юзасидан муҳим йиғилиш ўтказди.

Бугун, 24 ноябр куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Администрация ҳамда алоқадор идоралар раҳбарияти иштирокида Тошкент шаҳридаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Шерзод Асадов хабар берди.
Қайд этилишича, йиғилишда сўнгги кунларда кузатилаётган ҳаво ифлосланиши даражаси чуқур ташвиш уйғотаётгани, пойтахт аҳолисини ҳақли равишда хавотирга солаётгани, бу ҳолат тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб этаётгани ҳақида сўз борган.
Администрация раҳбари масъулларнинг атмосфера ҳавосининг ҳозирги ҳолати, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар, жамоатчиликнинг таклиф ва ташаббуслари тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаган. Мавжуд вазиятга таъсир кўрсатаётган асосий омиллар, одамлар саломатлиги ва экологияга салбий таъсирни камайтириш йўллари атрофлича кўриб чиқилган.
Йиғилишда ўрнатилган меъёрлар бузилган ҳолларда ҳавони ифлослантираётган ишлаб чиқаришларга қарши қатъий чоралар кўриш зарурлиги алоҳида таъкидланган. Одамлар саломатлиги ҳақида гап кетганда, муросага ўрин йўқлиги ва бу тамойил давлат учун ҳам, бизнес учун ҳам бирдек амал қилиши кераклиги қайд этилган.
«Саида Шавкатовна шу кунларда тезкор тартибда ишлаб чиқилган эксперт хулосаларига асосланиб, яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган, тезкор чоралардан тортиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган тизимли ечимларгача қамраб олган комплекс таклифларни илгари сурди», - дея ёзмоқда Асадов.
Унга кўра, Президент Администрацияси раҳбари томонидан экологик назоратни кучайтириш, ифлослантирувчи объектлар фаолиятини чеклаш, қурилишга қўйиладиган талабларни қатъийлаштириш, шаҳарни кенг кўламда кўкаламзорлаштириш ва ҳаво сифатини назорат қилишнинг замонавий тизимини яратиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
«Ушбу чора-тадбирлар яқин орада давлат раҳбарига кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси учун асос бўлиб хизмат қилади», - дейди Президент матбуот котиби.





