Logo

Саидқаҳҳор Холхўжаев инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди

Бугун 19:452 дақиқа

Холхўжаев 2022-йилнинг август ойидан буён Чилонзор тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Саидқаҳҳор Холхўжаев инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан Саидқаҳҳор Холхўжаев инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати маълум қилди.

Янги лавозимга ўтгунга қадар у 2022-йилнинг август ойидан буён Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Қайд этилишича, инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозими бир йилдан ортиқ вақт мобайнида бўш турган. 2025-йилнинг август ойида ушбу лавозимда ишлаган Нозимжон Холмуродов Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги раҳбари этиб тайинланган эди.

Меҳнат фаолияти ва пойтахт ҳокимликларидаги ўзгаришлар

Саидқаҳҳор Муҳаммадқорим ўғли Холхўжаев 1981-йилда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида туғилган. 2002-йилда Тошкент молия институтининг бакалавриат, 2004-йилда эса магистратура босқичини тамомлаган.

У меҳнат фаолияти давомида ўн етти йил мобайнида банк соҳасида ишлаган. Жумладан, 2017–2019-йилларда «Ўзагросуғурта» суғурта компаниясига раҳбарлик қилган. 2019-йил мартидан бошлаб Ўзбекистон Марказий банки раисининг ўринбосари, 2020-йил декабридан эса иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, Холхўжаевнинг Чилонзор тумани ҳокими лавозимини тарк этгани 15-октябр куни расман маълум бўлди. Унинг ўрнига бунга қадар Янгиҳаёт туманини бошқариб келган Ҳаёт Иноғомов туманнинг янги ҳокими этиб тайинланди.

Шунингдек, шу куни Тошкент шаҳридаги бошқа қатор туманларда ҳам ҳокимлар алмашгани эълон қилинди.

Хусусан, Бахтиёр Раҳмонқулов ўрнига Абдулазиз Абдулхаков Яшнобод тумани ҳокими этиб тайинланди. Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова эса Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари лавозимига ўтказилиб, унинг ўрнини Акмал Жўраев эгаллади.

Теглар

Мавзуга оид