Саноат режасига чиқа олмаган 13 ҳоким жазоланади

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бу йил 100 та корхонада самарадорликни ошириш учун 30 миллион доллар грант жалб қилиш топширилди.

Саноат режасига чиқа олмаган 13 ҳоким жазоланади © Президент матбуот хизмати

Бугун, 24-апрел куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида саноат режасига чиқа олмаган туман ҳокимлари танқид қилинди.

Булар Қамаши, Қарши, Миришкор, Арнасой, Шароф Рашидов, Янгиобод, Навбаҳор, Косонсой, Қумқўрғон, Фурқат, Шовот, Шайхонтоҳур, Сергели туманларидир. Ушбу 13 та туман ҳокимига режага қанча етмаганига қараб, интизомий жазо чорасини кўриш топширилди.

Мисни қайта ишлаш ва электротехника экспорти

Ички бозорда мис таклифи кўпайтирилган бўлса-да, қайта ишлаш ойига 6 минг тоннадан ошмаётгани кўрсатиб ўтилди. Оқибатда биринчи чоракда электротехника соҳасида саноат ўсиши прогноздаги 11,2 фоиз ўрнига 7,8 фоизга, экспорт режаси бор-йўғи 57 фоизга бажарилди.

Электротехника экспорти учун 100 миллион доллар ресурс бериб, айланма маблағга гаровсиз кредит ажратиш имконияти яратилди. Лекин бирорта банк ушбу шартларда кредит ажратмаганига эътироз билдирилди.

Мутасаддиларга ишлаб чиқариши, экспорти камайган ҳар бир корхонага бориб, экспортини молиялаштириш, инвестиция лойиҳаси бўйича қандай масаласи бўлса, жойида ҳал қилиш топширилди.

Умуман, иккинчи чорак якуни билан соҳада ишлаб чиқаришни 25 триллион сўмга, экспортни 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Прогрессив усуллар

Йиғилишда қайд этилишича, кўп давлатлар маҳсулоти рақобатдош бўлиши учун саноат ва сервисда «Kayzen», «lean priduction» каби ресурс самарадорлиги ва меҳнат унумдорлигини оширадиган прогрессив усулларни қўлламоқда. Мамлакатдаги 50 га яқин тадбиркорлар буни чет элда кўриб келиб, корхонасида жорий қилишни бошлади.

«Лекин, бу кам. Тўқимачилик, қурилиш материали, электротехника, мебел каби драйвер соҳалардаги уюшмалар нега буни оммалаштиришни ўйламайди? Тадбиркорга тушунтириб, «диагностика» харажатининг бир қисми қоплаб берилса, унумдорлик дастурларини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит ажратса бўлади-ку!» – деди президент.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бу йил 100 та корхонада самарадорликни ошириш бўйича илғор дастурларни жорий қилиш, бунга 30 миллион доллар грант жалб қилиш топширилди.

Теглар

Мавзуга оид