
Саудия Арабистони 2026 йилдан чет элликларга кўчмас мулк сотиб олишга рухсат беради
2026 йилдан бошлаб Риёд, Макка, Мадина ва Жиддада хорижликларга кўчмас мулк сотиб олишга рухсат бериш ва шу орқали инвестициялар оқимини кучайтириш мақсад қилинмоқда.

Саудия Арабистони ҳукумати 2026 йилдан чет эл фуқароларига мамлакатнинг бир қатор йирик шаҳарларидан кўчмас мулк харид қилиш имконини очиши кутилмоқда. «Bloomberg»нинг хабар беришича, тегишли ўзгартиришлар кўчмас мулк тўғрисидаги қонунга киритилиб, янги тартиб январ ойида кучга кириши режалаштирилган. Бу қарор «Vision 2030» стратегияси доирасида иқтисодиётни диверсификация қилиш ва инвестицияларни жалб этиш мақсадларига қаратилган.
Янги қонунчиликка кўра, хорижликлар Ар-Риёд, Макка, Мадина ва Жидда шаҳарларида уй-жой, тижорат ва саноат объектлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерлари ва қурилиш учун участкаларни харид қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳудудларда чет элликлар эгалик қилиши мумкин бўлган улуш миқдори 70 фоиздан 90 фоизгача оширилади. Бу эса маҳаллий бозорда иштирок этиш имкониятларини анчагина кенгайтиради.
Маълумотларга кўра, Макка ва Мадинада мулк харид қилиш фақат мусулмон харидорлар учун амал қилади. Бироқ улар бу йўналишда бошқа жиддий чекловларга дуч келмайди. Кўчмас мулк умумий бошқармаси масъуллари бу талаб шаҳарларнинг диний мақоми билан боғлиқ эканини таъкидлашмоқда.
Қайд этилишича, зоналарнинг аниқ рўйхати фармон тўлиқ тасдиқлангандан кейин эълон қилинади.





