Шавкат Мирзиёев аёлларни Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклади

Президент Кўксаройда бўлаётган тантанада хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган янги тизим жорий этилгани ва эндиликда қонунлар гендер таъсири баҳоланмай қабул қилинмаслигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев аёлларни Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида ўтган тантанали тадбирда мамлакат аёлларини 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан табриклади. Давлат раҳбари ўз нутқида хотин-қизлар жамият тараққиёти ва оила барқарорлигининг муҳим таянчи эканини таъкидлади.

«Инсон ҳаётини, жамият тараққиётини хотин-қизларсиз, уларнинг эзгу фазилатларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Биз сизларнинг тимсолингизда Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлиб, майдонга чиқаётган 22 миллион ёш авлодни оналик меҳри билан тарбиялаб, вояга етказган буюк бир кучни кўрамиз.

Сизлар тадбиркор, олим, муаллим, шифокор, муҳандис, давлат ва жамоат арбоби, бир сўз билан айтганда, хонадонларимиз фариштаси, оила ва жамият таянчи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз», — деди Президент

Давлат раҳбари мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган мутлақо янги тизим шаклланганини ҳам қайд этди. Унинг сўзларига кўра, эндиликда барча қонун ва қарорлар қабул қилинишидан олдин уларнинг гендер масалаларига таъсири албатта баҳоланади.

Тадбиркор аёллар

Яратилган имкониятлар натижасида мамлакатда фаол аёллар қатлами шаклланиб бормоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қарийб 230 минг нафар тадбиркор аёл фаолият юритмоқда. Шунингдек, 12 мингдан ортиқ фермер аёллар қишлоқ хўжалигида самарали меҳнат қилмоқда. Илм-фан соҳасида фаолият юритаётган олима аёллар сони эса 6 минг нафардан ошган.

Президент аёлларнинг спорт соҳасидаги ютуқларини ҳам алоҳида таъкидлади. Қайд этилишича, ўтган йил давомида мамлакат қизлари халқаро мусобақаларда 167 та олтин, 193 та кумуш ва 243 та бронза медалини қўлга киритган.

Жаҳон миқёсидаги ўрни

Мирзиёев бу каби ислоҳотлар ва натижалар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилаётганини айтди. Хусусан, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг «Парламентдаги аёллар» рейтингида 92 поғонага кўтарилиб, 36-ўринни эгаллади. «Гендер тенглик ва бошқарув» индексида мамлакат 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилган. Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун» индексида эса позицияси 43 поғонага яхшиланиб, 48-ўринга чиққан.

Теглар

Мавзуга оид