Шавкат Мирзиёев ОТБ президенти билан учрашди: 12,5 млрд долларлик янги лойиҳалар

Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик доирасида инфратузилма ва хусусий секторни ривожлантиришга қаратилган янги дастур ишга туширилмоқда.

Шавкат Мирзиёев ОТБ президенти билан учрашди: 12,5 млрд долларлик янги лойиҳалар © prezident.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 3-май куни Самарқандга ташрифи доирасида Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида ОТБ раҳбари Ўзбекистон етакчисига банк Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши Самарқандда ўтказилишини қўллаб-қувватлагани ва кўрсатган кўмаги учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги кенг кўламли ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Ҳамкорликни юксак даражага кўтаришга эришилгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.

Ўтган 30 йилда ОТБ Ўзбекистоннинг стратегик шеригига айланди

Лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларни ташкил этмоқда, амалиётлар ҳажми бўйича Ўзбекистон банкнинг минтақадаги энг йирик ҳамкорларидан бирига айланди.

Темир ва автомобил йўллари, энергетика ва ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш, сув таъминоти ва канализация тармоқларини янгилаш, қишлоқ хўжалиги ва хусусий секторни ривожлантириш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилди ва давом этмоқда.

Ўзбекистон Президенти ва банк раҳбари саммит доирасида имзоланган ОТБ билан шериклик бўйича 2030-йилга қадар бўлган даврга мўлжалланган янги дастурга киритилган умумий қиймати 12,5 миллиард долларлик лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Ҳамкорлик соҳалари

Ипотека бозори, хусусий сектор, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, инклюзив таълим ва инсон капиталини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни илгари суриш, рақамли инновацияларни жорий этиш ва махсус иқтисодий зоналарда инфратузилмани модернизация қилиш каби соҳаларда ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Марказий Осиё минтақасида йирик инфратузилмавий лойиҳаларни, шу жумладан, банкнинг маблағларни сафарбар этишдаги етакчилигини кучайтириш орқали илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Президенти ОТБ раҳбарияти ва жамоасига Бошқарувчилар кенгаши йиғилиши муваффақиятли ва самарали ўтишини тилади.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 2030-йилгача мўлжалланган янги шериклик дастурини алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Теглар

Мавзуга оид