«Solfy» компанияси раҳбари Ўзбекистон сўрови билан Москвада ушланди
Бу воқеа йирик инвестиция можароси фонида юз берди. Айни пайтда «Sabzi» номи билан иш юритаётган «Solfy» компаниясининг Ўзбекистон Миллий банки билан ҳамкорлиги кейинчалик бир қатор суд низоларига айланиб кетган.

«Halva» муддатли тўлов картаси асосчиларидан бири ва «Solfy» финтех платформаси раҳбари Андрей Басуев Москвадаги Шереметево аэропортида ушланди. Бу ҳақда «Mash» хабар берди.
Россия нашрларининг ёзишича, у Ўзбекистон ташаббуси билан халқаро қидирувга берилгани сабабли қўлга олинган. Бу ҳолат йирик халқаро арбитраж можароси фонида юз берди.
Беларус фуқароси Басуев Москвага Қирғизистондан учиб борганида қўлга олинган.

Бу воқеа йирик инвестиция можароси фонида содир бўлди. Басуевга тегишли «Solfy RUS LLC» компанияси ва инвестор Максим Полетаев Ўзбекистон устидан Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестиция низоларини ҳал қилиш бўйича халқаро арбитражга даъво киритган. 23-сентябр куни рўйхатга олинган даъво суммаси қарийб 8,3 миллиард рублни, яъни тахминан 100 миллион долларни ташкил этади.
Даъвогарлар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга таянмоқда.
«Solfy» компаниясининг Ўзбекистон Миллий банки билан ҳамкорлиги кейинчалик бир қатор суд низоларига айланиб кетган. 2024–2025-йилларда Тошкент судлари Басуевга алоқадор тузилмага Миллий банкка қарзлар ва неустойкалар (шартнома мажбуриятлари бажарилмагани учун тўланадиган жарима) сифатида 21 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўлаш мажбуриятини юклаган.
Вазият 2026-йилнинг мартида Ўзбекистонда «Solfy» компаниясининг маҳаллий бўлинмаси раҳбари Ўктам Ҳасанов ҳибсга олинганидан кейин янада кескинлашган. Инвесторлар бу ҳолатни бизнесга босим ўтказиш мақсадидаги жиноий таъқиб сифатида баҳолаб, юқори лавозимли раҳбарни озод қилишни талаб этиш учун халқаро арбитражга мурожаат қилган.
Ҳозирча Ўзбекистон Миллий банки вакиллари юзага келган вазият бўйича расмий изоҳ бермаган.
2026-йилнинг 24-февралида Лондонда жойлашган «Amsterdam & Partners» LLP «Миллий банк» ва «Solfy» платформаси ўртасида юзага келган шартномавий низода «Solfy» платформаси ҳамда унинг асосий инвестори Максим Полетаев манфаатларини ҳимоя қилишини маълум қилганди. Икки томон ўртасидаги бизнес муносабатларининг бузилиши ортидан Полетаев ва унинг шериклари «Миллий банк» вакиллари томонидан жиддий таҳдидларга дуч келгани айтилганди.
«Миллий банк» томонидан Лондон ва Вашингтонда жойлашган, сиёсий ва халқаро ҳимоя ишларига ихтисослашган юридик фирма бўлмиш «Amsterdam & Partners» LLP баёнотига расмий муносабат берилмаганди. Бундан ташқари, ушбу юридик фирма Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон Миллий банки («Ўзмиллийбанк») томонидан амалга оширилган ҳаракатларни «инсофсизлик» деб атаганди.
«Solfy» адвокатлари хорижий инвесторларни Ўзбекистондаги муҳитдан огоҳлантирганди. Юристлар ушбу иш аслида «Solfy» ва давлат банки ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий тижорий низоси эканини ва Ҳасановни ҳибсга олиш учун қонуний асослар йўқлигига қарамай, эътирозлар ҳисобга олинмаганини даъво қилганди.
«Solfy» ушбу жиноий ишни «Solfy Uzbekistan»га давлат банки учун қулай шартларда муроса қилиш бўйича босим ўтказиш воситаси сифатида баҳолаганди. «Миллий банк» эса барча айбловларни рад этиб, уларни асоссиз деб атаган.
Шунингдек, «Миллий банк» «Solfy» билан судлашиш учун юридик хизматларга қарийб 1 миллион доллар сарфламоқда. Банк «CENTIL» адвокатлик фирмаси билан 12 миллиард сўмлик тўғридан тўғри шартнома тузган.
Маълумот учун, «Миллий банк» ва «Solfy» маълум давр мобайнида ҳамкорлик қилиб, «Solfy» содиқлик дастурини жорий этган эди. Икки томон ўртасидаги шериклик 2021-йилда бошланган бўлиб, унинг асосий мақсади Ўзбекистон бозори учун инновацион бўлиб-бўлиб тўлаш картасини ишга туширишдан иборат эди.
Лойиҳа ўзаро манфаатли, «win-win» тамойили асосида қурилган ҳамкорлик сифатида баҳоланган.
Режага кўра, «Solfy» замонавий технологик ечимлар ва халқаро тажрибани тақдим этиши, «Миллий банк» эса маҳаллий инфратузилма, бозор шароити ва тартибга солиш масалаларида амалий кўмак кўрсатиши кутилган. Айни вақтда платформа номи «Sabzi»га ўзгартирилган ҳолда ишламоқда.





