add

ССВ аҳолига ниқоб тақиш тавсия этилган SMS хабарномалар юбормоқда

Бугун 11:401521 Дақиқа

ССВ биринчи марта аҳолига ҳаво ифлосланиши ва мавсумий вируслар кучайгани учун очиқ майдонларда ниқоб тақишни тавсия этган SMS хабарномалар юбормоқда.

ССВ аҳолига ниқоб тақиш тавсия этилган SMS хабарномалар юбормоқда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 ноябр куни аҳолига очиқ ҳавода ва одамлар гавжум жойларда ниқоб тақишни тавсия этувчи SMS хабарномалар юбормоқда. Бу — ҳаводаги чанг миқдори кўтарилиши ва мавсумий ўткир респиратор касалликлар ошган бир пайтда амалга оширилган биринчи огоҳлантириш ҳисобланади. Илгари бундай форматдаги SMS-хабарлар юборилмаган.

Шунингдек, Президентнинг «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги янги фармонига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Экология қўмитаси билан ҳамкорликда бир қатор долзарб вазифаларни амалга ошириши белгиланди.

Унга кўра, 2025 йил 1 декабргача жаҳон стандартларига асосланган миллий ҳаво сифати индексацияси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим. Яъни ҳаво ҳолати «яшил, сариқ, қизил ва жигарранг» каби тоифалар бўйича баҳоланадиган ягона индикаторга айлантирилади.

Янги индексация асосида аҳолининг саломатлигини ҳимоя қилиш учун амалий тавсиялар — ниқоб тақиш, жисмоний фаолликни чеклаш, хавфли вақтларда уйда қолиш каби чоралар ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, ҳаво сифатининг кескин ёмонлашиши ҳолатларида Санитария хизмати томонидан аҳолини эрта огоҳлантириш тизими жори этилади. Бу тизим хавфли ҳолатни тезкор билдириш ва фуқароларнинг ўз вақтида эҳтиёт чораларини кўришини таъминлашни мақсад қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шу фармонга асосан катта қурилиш майдонларида мониторинг станциялари ўрнатилиши ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

ССВ аҳолига ниқоб тақиш тавсия этилган SMS хабарномалар юбормоқда | Vaqt.uz