Logo

«Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танлови учун аризалар қабули бошланди

Бугун 13:092 дақиқа

100 нафар танлов ғолибларининг давлат ОТМларида ўқийдиган фарзандлари ёки невараларининг бир йиллик контракти қоплаб берилади.

«Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танлови учун аризалар қабули бошланди

Ўзбекистонда «Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танлови учун аризалар қабули 1 сентябрдан бошланди. Ҳужжатлар санитар тозалаш корхоналари ва ободонлаштириш бошқармаларида қабул қилинади.

Танловда санитар тозалаш корхоналарида чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш, шунингдек, ободонлаштириш бошқармаларида тозалаш ишлари билан шуғулланадиган, кўп йиллар давомида садоқат билан меҳнат қилган ходимлар иштирок этиши мумкин.

Танлов якунига кўра 100 нафар ходим ғолиб деб топилади. Уларнинг давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларининг бир йиллик тўлов-контракт маблағи қоплаб берилади.

Ушбу танловни ўтказиш 2024-йилдан бошланган. Танловнинг асосий мақсадларидан бири санитар тозалаш корхоналарида чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларини бевосита амалга ошираётган ҳамда ободонлаштириш бошқармаларида тозалаш ишларида фаолият юритаётган, камида 10 йил самарали ва садоқатли меҳнат қилган ходимларни эътироф этишдан иборат.

2025-йилда танлов доирасида ходимлар фарзандларининг таълим контракти учун 916 млн 718 минг сўм маблағ қоплаб берилган.

Қандай ҳужжатлар керак?

Танловда иштирок этиш учун аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

●     номзоднинг биометрик паспорти ёки ID-картаси нусхаси;

●     3×4 см ўлчамдаги рангли фотосурат;

●     маълумотнома (объективка);

●     номзоднинг сўнгги 3 йилда амалга оширган ишлари, эришган натижалари ва ташаббуслари акс эттирилган тавсифнома;

●     фарзанди ёки неварасининг давлат олий таълим муассасасида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётганини тасдиқловчи маълумотнома ҳамда шартнома нусхаси;

●     давлат ОТМида таҳсил олаётган шахснинг номзодга қариндошлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Танлов ғолибларининг давлат олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқиётган фарзандлари ёки невараларининг бир йиллик контракти қоплаб берилади. Бунда тўлов миқдори БҲМнинг 30 бараваридан ошмаслиги керак.

Шу билан бирга, мазкур имтиёздан фойдаланган талабалар келгусида давлат органлари ва ташкилотларида камида 3 йил ишлаб бериш мажбуриятини олади.

Аризалар 1-октябрга қадар қабул қилинади.

Теглар

Мавзуга оид