add

Табиий газнинг 5 баробарга ошадиган меъёри, сунъий интеллект лойиҳаларига 100 млн доллар ва «яширин иқтисодиёт» ҳиссаси — 31 октабр дайжести

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Табиий газнинг 5 баробарга ошадиган меъёри, сунъий интеллект лойиҳаларига 100 млн доллар ва «яширин иқтисодиёт» ҳиссаси — 31 октабр дайжести

Ўзбекистон ЯИМининг учдан бир қисми «яширин иқтисодиёт» ҳиссасига тўғри келмоқда

Ўзбекистонда норасмий ва сояли иқтисодиёт улуши ялпи ички маҳсулотнинг қарийб учдан бир қисмига етди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди. Дастлабки маълумотларга кўра, 2025 йилнинг январ–сентябрь ойларида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 1,3 квадрлн сўм (108,7 млрд АҚШ доллари)дан ошиб, реал ўсиш 7,6 фоизни ташкил этди. Бу 2021 йилдан бери энг юқори кўрсаткич бўлиб, пандемиядан кейинги тикланиш босқичидан сўнгги энг тез ўсиш ҳисобланади.

Кузатилмаётган (яъни яширин) иқтисодиёт қиймати 433,7 трлн сўм (36,17 млрд доллар)га етди. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,3 фоизгача ўсди (йил бошида бу кўрсаткич 32,9 фоиз эди). Норасмий иқтисодиёт — уй хўжаликлари ва якка тартибдаги шахслар фаолиятини қамраб олади ва 333,8 трлн сўм ёки 25,6 фоизни ташкил этди. Хуфиёна иқтисодиёт эса 99,8 трлн сўм (7,7 фоиз)га баҳоланди. Демак, норасмий сектор ўсмоқда, хуфиёна сектор эса бир оз қисқарган.

Энг катта улуш қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик соҳаларига тўғри келиб, умумий яширин иқтисодиётнинг 69,4 фоизини ташкил этмоқда. Кейин хизмат кўрсатиш соҳаси (36,2 фоиз), қурилиш (35 фоиз) ва саноат (10,2 фоиз) келади.

Мамлакат бўйлаб кучли шамол ва чанг-тўзонлари кузатилиши мумкин — Ўзгидромет

31 октябр куни Ўзбекистонинг бир нечта вилоятларида шамол тезлиги кучайиши ва чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет огоҳлантирди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида шамол тезлиги секундига 13–18 метргача етиши мумкин. Айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши эҳтимоли юқори.

Пойтахтда ҳам шамол тезлиги секундига 10–12 метргача кучайиши ва ҳавода чанг кўтарилиши кутилмоқда. Метеорологлар аҳолидан эҳтиёт чораларини кўришни, айниқса, очиқ ҳавода фаолиятни қисқартиришни тавсия этмоқда.

Иситиш мавсумида табиий газ истеъмолининг баъзавий меъёри 5 баробарга оширилади

Ўзбекистонда аҳоли учун табиий газ истеъмолига тегишли базавий меъёр иситиш мавсумида 5 баробарга оширилиб, 500 куб метрга етказилади. Амалдаги тартибга кўра, ноябр–феврал ойларида ҳар бир ой учун 500 куб метргача, март–октябрда эса 100 куб метргача «базавий меъёр» амал қилади.

Маълум қилинишича, куз-қиш мавсумида табиий газ истеъмоли юқори бўлганлиги сабабли Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида октябр–феврал ойларида бир ойлик 500 куб метрлик «базавий меъёр» амал қилади.

Қайд этилишича, Президент қарорига асосан, эҳтиёжманд оилаларга ишлатилган электр энергияси ва табиий газ учун давлат томонидан ҳар ойда компенсация берилади. Жумладан, электр энергияси учун ойига базавий меъёрдан ортиқ (200 кВт·соатдан кейинги) 150 кВт/соатгача компенсация берилади. Табиий газ учун эса қиш ойларида 250 куб метргача, бошқа ойларда 150 куб метргача баъзавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган қисми учун компенсация берилади. Маълумот учун, илгари компенсациялар фақат қиш ойларида амал қилган бўлса, энди йил давомида ҳар ойда берилмоқда.

Сунъий интеллект лойиҳалари учун 100 млн доллар ажратилади

30 октябрда «Сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–320-сонли президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм каналида маълум қилинди. Мазкур қарордан кўзланган асосий мақсади ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларига асосланган устувор ва стартап лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтиришдир.

Қарорга кўра, стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2026–2027 йилларда қўшимча 100 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади. Жумладан, бу маблағнинг 50 млн доллари давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун татбиқ этилади. Шунингдек, қолган 50 млн доллари эса тенг улушларда «Фондлар фонди» ва «IT Park Ventures» венчур жамғармалари устав капиталига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг улуши сифатида киритилиши орқали сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ишлатилади.

Бу йилги куз-қиш мавсумида 20 млн кВт электр тежалади – вазирлик

Ўзбекистонда кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари натижасида 20 миллион кВт электр энергияси ва 2,8 миллион куб метр газ тежалиши кутилмоқда. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, республика бўйича жами 9 812 та кўп хонадонли уйда таъмирлаш ишлари режалаштирилиб, бу мақсад учун 244 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Уйларда том, ертўла, фасад, кириш йўлаклари ҳамда ички муҳандислик тармоқлари янгиланган.

Шунингдек, энергия тежамкорликни ошириш мақсадида 1,5 мингта кодли темир эшик, 14,6 минг квадрат метр ойнаванд фрамуга ва 70 мингга яқин энергия тежамкор чироқлар ўрнатилди. Давлат дастурлари ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига яна 4 мингдан ортиқ уйда қўшимча таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Теглар

Мавзуга оид

Табиий газнинг 5 баробарга ошадиган меъёри, сунъий интеллект лойиҳаларига 100 млн доллар ва «яширин иқтисодиёт» ҳиссаси — 31 октабр дайжести | Vaqt.uz