add

Ташқи қарз: Ўзбекистоннинг кимдан ва қанча қарзи бор?

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи аллақачон 72 миллиард доллардан ошди. Аммо Марказий банк буни «барқарор ва мўътадил» деб баҳоласа, Иқтисодиёт ва молия вазири «давлат қарзининг уятли ёки муаммоли жиҳати йўқ»лигини айтмоқда.

Ташқи қарз: Ўзбекистоннинг кимдан ва қанча қарзи бор?

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи мутлақ рақамларда кундан-кунга ошмоқда. 2025-йилнинг дастлабки ярим йилида умумий ташқи қарз 72 млрд доллардан ошган бўлса, шундан давлат қарзи 36,8 млрд доллар, корпаратив қарз 35,4 млрд долларга тенг. Марказий банк эса бу ҳолатни барқарор ва мўътадил даражада деб баҳоламоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон октябр ойининг ўзида 2 та халқаро банкдан яна кредит олди. Хусусан, Жаҳон банкидан 800 млн доллар, Осиё тараққиёт банкдан 500 млн доллар имтиёзли кредитлар жалб қилган. Шунингдек, 2026-йилдан бюджет камомадини қоплаш учун 3 млрд доллар ташқи қарз, 1,9 млрд доллар ички қарз жалб қилиш режалаштирилган.

Бу рақамлар бир жойга жамлаб таҳлил қилинганда, табиийки, маълум даражада хавотир уйғотади. Бироқ Марказий банк раиси Темур Ишметовнинг таъкидлашича, ташқи қарзга мутлақ миқдор сифатида эмас, балки уни ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан баҳолаш зарур.

Хусусан, 2020-йилда давлат ташқи қарзи 21,4 млрд долларни ёки ЯИМнинг 32 фоизини ташкил этган бўлса, жорий йилда бу рақам 39 млрд долларга етган, бироқ унинг ЯИМдаги улуши 29 фоизгача камайган.

«Давлат қарзи мутлақ рақамда ошмоқда, лекин иқтисодиёт бундан тезроқ ўсмоқда. Охирги беш йилда нисбий кўрсаткич 32 фоиздан 29 фоизгача пасайди, шу боис ташқи қарз барқарорлиги бўйича хатарлар йўқ», — деди Темур Ишметов асосий ставка бўйича матбуот анжуманида.

Шунингдек, янги қарзларни жалб этиш бевосита бюджет тақчиллиги билан боғлиқлигини таъкидлади:

«Ташқи қарзлар фақат бюджет даромадлари харажатлардан кам бўлган тақдирдагина жалб этилади. Шу сабабдан биз учун бюджет дефицити даражаси асосий макроиқтисодий кўрсаткичдир», — деди Марказий банк раиси.

2025-йилнинг бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотда 3 фоиздан ошмаслиги прогноз қилинмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026-йилда ҳам кўрсаткичларни шу даражада сақлаб қолишни таъминлайди. Бу даражани сақлаш эса ташқи қарз билан боғлиқ ҳеч қандай муаммони келтириб чиқармаслиги айтилган.

Шунингдек, Ишметов корпоратив соҳада қарзлар ортаётганини айтди:

«Корпоратив соҳада бироз қарзлар ошиши кузатиляпти. Ташкилотлар ўзининг инвестицион фаоллигини ошириш учун ташқи қарз жалб қиляпти. Айримлари тўғридан-тўғри қарз жалб қиляпти, айримлари қимматли қоғозлар, еврoбондлар чиқаришни бошлади — бу ҳам ижобий кўрсаткич. Шу билан бирга, фақат ташқи қарз эмас, балки тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳам ошган. Тўққиз ой якунлари бўйича тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 55 фоизга ошди — бу жуда яхши кўрсаткич», — деди у.

tashqi qarz 01

Манба: Миркономика


Шу ўринда иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлил қилишича, сўнгги 5 йилда ялпи ташқи қарз 2,5 баробарга, пандемиядан олдинги даврга нисбатан эса 3,4 баробарга ошган.

Марказий банк ҳисоботларига кўра, умумий ташқи қарз ҳажми охирги 3 ойда 3,8 млрд долларга, бир йилда эса 15,6 млрд долларга кўпайган. Бу кўрсаткич давлат қарзи ва корпоратив қарзларнинг бирдек ошиши ҳисобига юзага келган.

Жон бошига ташқи қарз миқдори 2025-йилнинг 1 июл ҳолатига 1 907 долларга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 1 524 доллар эди. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, йил якунига бориб, мазкур кўрсаткич 2 минг долларлик чегарадан ошиб кетиши мумкин.

Кимдан қанча қарз олинган?

tashqi qarz 02

Манба: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Шу йилнинг ярим йиллик кўрсаткичларига кўра, давлат ташқи қарзининг 33,7 млрд долларлик ҳажми қуйидаги кредиторлар ҳисобига шакллантирилган:

  • Осиё тараққиёт банки (ADB) — 7,4 млрд доллар (+500 млн доллар);

  • Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва бошқалар — 7,6 млрд доллар;

  • Жаҳон банки — 4,1 млрд доллар (+800 млн доллар);

  • Франция тараққиёт агентлиги ва бошқалар — 5,2 млрд доллар;

  • Халқаро инвесторлар (облигациялар) — 3,8 млрд доллар;

  • Хитой банклари — 2,9 млрд доллар;

  • Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки — 1,7 млрд доллар.

    Юқоридаги банкларнинг аксарияти узоқ муддатли ва имтиёзли шартларда кредит ажратган.

Марказий Осиёда Ўзбекистон қарзлар ортиши бўйича етакчи

tashqi qarz 03

Манба: Миркономика

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таҳлилига кўра, Ўзбекистон ялпи ташқи қарз ўсиш суръати бўйича минтақада етакчилик қилмоқда. Солиштириш учун, шу даврда Қирғизистон ташқи қарзи 42,3 фоизга, Қозоғистонники 5,4 фоизга, Тожикистонники эса 6 фоизга ўсган.

Номинал ҳажм бўйича эса Қозоғистон етакчи — 2025-йил 1 июл ҳолатига ундаги ялпи ташқи қарз 172,8 млрд долларни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров давлат қарзининг уятли ё муаммоли жиҳати йўқлигини айтган эди. Унинг айтишича, қарз мўътадил даражада қолмоқда ва инфратузилма, ижтимоий ҳамда бошқа соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Ташқи қарз: Ўзбекистоннинг кимдан ва қанча қарзи бор? | Vaqt.uz