Logo

Тиббиёт ходимларига қанча қўшимча устама берилиши айтилди

Бугун 14:472 дақиқа

Бирламчи бўғин ва туманлардаги ходимларнинг малака ошириш харажатларини давлат тўлаб беради. Соҳада таҳсил олаётган талабаларга 3 млн сўм стипендия тўланади.

Тиббиёт ходимларига қанча қўшимча устама берилиши айтилди © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда энди тиббиёт ходимларига 1,5 миллион сўмдан 7 миллион сўмгача бўлган устама тўланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27-октябр куни Кўксарой қароргоҳида соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашувда айтди.

Унга кўра, бакалавриатни битирган ҳамшира ва тиббиёт оғасига 1,5 миллион сўм, магистратурани тугатганларга 2,5 миллион сўм қўшимча устама тўланади. Оилавий шифокорлик бўйича тор соҳа мутахассисига устама 5,5 миллион сўм бўлади. Давлат рўйхатидан ўтган шифокор ва фармацевтларнинг иш ҳақига 7 миллион сўмдан, ҳамшираларга 3,5 миллион сўмдан устама тўланади.

Давлат раҳбари қанча замонавий клиникалар қурилмасин, энг сўнгги ускуналар олиб берилмасин, малакали ходимларсиз натижа бўлмаслигини айтди. Айтилишича, бугунги кунда 11 та давлат олийгоҳида йилига 15 минг шифокор тайёрланмоқда. Бироқ битирувчиларнинг ҳаммаси ҳам ишга кирган биринчи кундан бемор билан ишлашга тайёр эмас.

«Бошқа соҳада ёш ходим хато қилиши мумкин, аммо бўлғуси шифокорнинг бунга ҳаққи йўқ. Чунки тиббиёт ходимининг ҳар бир ҳаракати ортида инсон ҳаёти турибди», — деди давлат раҳбари.

Шу боис, президент кадрлар тайёрлаш клиник амалиёт билан боғланишини урғулади. Келаси йилдан талабалар ҳафтада уч кун бемор билан ишлашни ўрганади, битирувчилар эса охирги ўқув йилида тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиёт ўтайди.


Стипендия қанча бўлади?

Президент 2027-йилдан олийгоҳларда тор соҳа мутахассислиги бўйича ўқиш — резидентура бепул бўлишини маълум қилди. Талабаларга 3 миллион сўм стипендия тўланади.

Йўналишга қараб резидентура икки йилдан беш йилгача давом этади. Оилавий шифокорлик бўйича ўқиш икки йил, жарроҳлик бўйича эса беш йил бўлади.

Олийгоҳларга клиникалар боғланиб, «университет клиникаси» тизими жорий этилган. Энди тиббиётдаги илмий тадқиқотларнинг 80 фоизи олийгоҳлар клиникасида бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Тадқиқотларда ташхис аниқлигини ошириш, даволаш самарасини яхшилаш ва асоратларни камайтиришга эътибор қаратилади.


Шифокорнинг пули ўзида қолади

Кун сайин тиббиётга янги технологиялар, замонавий диагностика ва даволаш усуллари кириб келаётгани айтилиб, тиббиёт ходимлари доим ўз устида ишлаши, янгиликлардан ортда қолмаслиги кераклиги таъкидланди. Шу боис, президент ходимлар малакасини оширишга хусусий сектор фаол жалб этилишини айтди. Бунда тиббиёт ходимлари қаерда малака оширишни ўзлари мустақил танлайди.

Бирламчи бўғин ва туманлардаги ходимларнинг малака ошириш харажатлари тўлиқ қопланади. Мазкур харажатларни давлат ўз зиммасига олади. Натижада туманларда ишлайдиган 130 минг тиббиёт ходимининг ҳар йили 100 миллиард сўм маблағи ўзида қолади.

Теглар

Мавзуга оид