Logo

Тожикистон ички ишлаб чиқаришнинг пасайиши фонида буғдой импортини оширди

Бугун 13:252 дақиқа

Олти ой ичида четдан буғдой сотиб олиш 7,7 фоизга ортди. Ун импорти 45 фоизга ошди. Мамлакат харид қилган уннинг қарийб 1 фоизини Ўзбекистон сотган.

Тожикистон ички ишлаб чиқаришнинг пасайиши фонида буғдой импортини оширди © sputnik

Тожикистон 2026-йилнинг январь–июнь ойларида 660,8 минг тонна буғдойни қарийб 171 миллион доллар эвазига импорт қилди. Бу ҳақда мамлакатнинг Монополияга қарши хизмати хабар берди.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан импорт ҳажми 47,5 минг тонна ёки 7,7 фоизга ошди. Импорт қилинган буғдойнинг ўртача нархи ҳар тоннаси учун 259 долларни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 25 долларга қиммат. Барча буғдой Қозоғистондан олиб келинган. Импорт билан қарийб 60 та компания шуғулланган. Шу билан бирга, мамлакатда ички буғдой ишлаб чиқариш қисқарди. Олти ой давомида 510 минг тонна буғдой етиштирилди. Бу 2025-йилнинг биринчи ярмига нисбатан 78 минг тонна ёки 13,3 фоизга кам.

Ун импорти 45 фоизга ошди

Йилнинг биринчи ярмида Тожикистон 35,4 минг тонна унни 11,3 миллион доллар эвазига импорт қилди. Ўртача нарх ҳар тоннаси учун 320 долларни ташкил этди. 2025-йилнинг январь–июнь ойларига нисбатан импорт ҳажми 11 минг тонна ёки 45,2 фоизга ошди. Ун импорти билан 19 та компания шуғулланди. Импорт қилинган уннинг қарийб 95 фоизи Қозоғистондан, 4 фоизи Россиядан ва 1 фоизи Ўзбекистондан олиб борилди.

Шу билан бирга, мамлакат ичида ун ишлаб чиқариш ҳам кўпайди. Олти ой давомида Тожикистон корхоналари 399,4 минг тонна ун ишлаб чиқарди. Бу ўтган йилга нисбатан 95,8 минг тонна ёки 31,6 фоизга кўп. Қайта ишлаш корхоналарида биринчи навли уннинг бир қопи улгуржи нархи 200–240 сомонийни (20–25 доллар) ташкил этди. Душанбега етказиб берилгач, унинг нархи 215–275 сомонийгача (23–29 доллар) етган. Истеъмол бозорларида давлат ташкилотлари биринчи навли ун қопини 200–230 сомонийдан (21–24 доллар) сотган. Монополияга қарши хизмат маълумотида ун қопининг оғирлиги кўрсатилмаган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида маҳаллий ишлаб чиқарилган биринчи навли ун нархи 2 фоизга, иккинчи навли ун эса 2,9 фоизга қимматлади. Буғдой ва ун импортининг ошиши мамлакат аҳолиси сонининг тез ўсиши, натижада ун маҳсулотларига бўлган талабнинг ортиши фонида кузатилмоқда. Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2000–2024-йиллар оралиғида Тожикистон аҳолиси қарийб 6,3 миллиондан 10,3 миллион кишига етган. Бу деярли 64 фоизлик ўсишни англатади. Шу даврда аҳолининг ўртача йиллик ўсиш суръати 2,1 фоизни ташкил этган. Фақат 2024-йилнинг ўзида мамлакат аҳолиси қарийб 2 фоизга ошган. 2025-йил 1-июль ҳолатига кўра, Тожикистонда 10 миллион 603,8 минг киши истиқомат қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон буғдой импортини ярим йилга тақиқлагани ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Тожикистон ички ишлаб чиқаришнинг пасайиши фонида буғдой импортини оширди | Vaqt.uz