Logo

Тўқаев 2029-йилги сайловлар ҳақида гапиришга ҳали эрталигини айтди

Бугун 17:462 дақиқа

Қозоғистонинг президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2029-йилги президентлик сайловларида қатнашиш-қатнашмаслиги ҳақидаги қарорини ҳозирча очиқламади У аниқроқ жавобни келаси йил бериши мумкинлигини айтди.

Тўқаев 2029-йилги сайловлар ҳақида гапиришга ҳали эрталигини айтди © Foto: akorda.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2029-йилда бўлиб ўтиши керак бўлган президентлик сайловларида иштирок этиши ҳақидаги муҳокамаларга ҳали эрта эканини айтди.

«Конституциявий суд бундай қарор қабул қилди. Бу, табиийки, қонуний ва мен қайта сайланиш ҳуқуқига қонуний асосда эгаман. Аммо бўлажак сайловлар ёки, сиз айтганингиздек, сайловга бораманми, бормайманми, қайси йилда бўлиши ҳақида мулоҳаза юритишга ҳали эрта, чунки, юқорида таъкидлаганимдек, биз мамлакатимиз олдида турган жуда кўп вазифаларни бажаришимиз керак», — деди Тўқаев парламент сайловларида овоз берганидан сўнг журналистларнинг ўз номзодини яна илгари суриш нияти бор-йўқлиги ҳақидаги саволига жавоб бериб.

Тўқаев Қурултойга бўлиб ўтган сайловларни мамлакат тарихидаги муҳим воқеа деб атади. Унинг таъкидлашича, Қозоғистонда илк бор бир палатали Қурултой сайланмоқда ва бу сиёсий ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб беради.

Унга кўра, янги Қурултой мамлакат тараққиётига янги суръат бериши керак. У депутатлар, аввало, қабул қилинаётган қонунлар сифати, сайловчиларга берилган ваъдаларнинг бажарилиши ҳамда мамлакат ривожига хизмат қиладиган ташаббуслар учун масъул бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Президентнинг таъкидлашича, ҳозир мамлакат олдида ҳал қилиниши керак бўлган муҳим вазифалар кўп. У ижтимоий объектлар қурилишини шундай вазифалар қаторида тилга олди. Тўқаев уларни молиялаштириш учун Қозоғистон Миллий жамғармаси маблағларидан фойдаланишни таклиф қилди.

Президент, шунингдек, дунёдаги «мураккаб» вазиятга эътибор қаратиб, Қозоғистон ички барқарорликни сақлаб қолиш ва иқтисодий ўсишни таъминлашга муваффақ бўлганини қайд этди.

«Шунинг учун келинг, яна учрашамиз. Эҳтимол, кейинги йил сизга аниқроқ жавоб берарман», — деди Тоқаев журналистларга.

Шундай қилиб, у 2029 йилги сайловларда қатнашиш эҳтимолини рад этмади, аммо бу борадаги қарорни кейинроқ эълон қилишини билдирди.

Маълумот учун, 73 ёшли Қосим-Жўмарт Тўқаев 2019-йил 20 мартда Нурсултан Назарбаев истеъфога чиққанидан сўнг Қозоғистон президенти лавозимига киришган.

Тўқаев бир йил аввал жорий етти йиллик ваколати тугагач, 2029-йилда лавозимни тарк этишини айтган эди.

«2029-йилда истеъфога чиқишимни аллақачон эълон қилганман. Чунки бу халқимнинг талаби ва шахсий қароримдир. Ишончим комилки, ҳар қандай мамлакатнинг, хусусан, менинг мамлакатим президенти — Худонинг ердаги сояси эмас, балки давлат менежеридир», — деганди Тўқаев.

Теглар

Мавзуга оид