add

Тўқаев Путин билан муносабатларни иттифоқчилик даражасига кўтариш ҳақидаги декларацияни имзоламоқчи

Трамп билан учрашган Қозоғистон президенти 11-12 ноябр кунлари Путиннинг таклифига биноан Москвага боради.

Тўқаев Путин билан муносабатларни иттифоқчилик даражасига кўтариш ҳақидаги декларацияни имзоламоқчи

Қозоғистон президенти 11-12 ноябр кунлари Москвага ташрифи доирасида Қозоғистон–Россия муносабатларини ҳар томонлама стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик даражасига кўтариш тўғрисидаги декларация имзолашни режалаштирган. Бу ҳақда Қосим-Жомарт Тўқаев «Российская газета»га берган интервьюсида маълум қилди.

Тўқаевга кўра, Россия Қозоғистон учун учликдаги энг йирик ташқи савдо ҳамкори ҳисобланади, Қозоғистон эса Россиянинг бешликдаги асосий шериклари қаторида. Томонлар ўртасидаги товар айланмаси барқарор ўсиб, 30 миллиард доллар чегарасига яқинлашмоқда. Инвестицион ҳамкорлик ҳам фаол ривожланиб, Қозоғистонда россиялик капитал иштирокида 20 мингдан ортиқ компания фаолият юритмоқда.

Шу билан бирга, у сўнгги ойларда Хитой раҳбари Си Сзиньпин, АҚШ президенти Доналд Трамп ҳамда Европа, Осиё ва Африкадаги қатор давлатлар етакчилари билан амалий музокаралар ўтказганини таъкидлади. Унинг айтишича, геосиёсий манфаатлари мутлақо бир-бирига тўғри келмайдиган мамлакатлар ҳам халқаро муносабатлардаги асосий масалаларни ечишда Москва иштирокини ҳал қилувчи омил сифатида кўришмоқда. Президентга кўра, «ҳозирги глобал зиддиятларни Россия иштирокисиз бартараф этиб бўлмайди».

Қозоғистон Россия энергия ресурсларини Хитой ва Марказий Осиёга узлуксиз транзит қилади, яқин йилларда халқаро консорциум, хусусан «Росатом» иштирокида Қозоғистонда биринчи атом электр станциясини қуриш асосий лойиҳа сифатида кўрилмоқда, транспорт-логистика тармоқларида «Ғарбий Европа — Ғарбий Хитой» автомобил коридорини кенгайтириш, «Шимол — Жануб» шарқий йўлагини ривожлантириш, шунингдек, чегарадаги 30 та автомобил назорат пунктини модернизация қилиш режалари амалга оширилмоқда, дейди Тўқаев. Шунингдек, у энергетика ҳамкорликнинг марказий йўналиши бўлиб қолганлигини алоҳида таъкидлаган.

Ташриф чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик, шунингдек, минтақавий ва глобал кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 6 ноябр куни АҚШ Президенти Доналд Трамп Оқ уйда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон етакчиларини қабул қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Тўқаев Путин билан муносабатларни иттифоқчилик даражасига кўтариш ҳақидаги декларацияни имзоламоқчи | Vaqt.uz